ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «ҚИЛИЧИНИ ҚАЙРАГАН ҚАҲРАТОН»
  • 28.12.2022
  • 131

Бугуннинг гапи

Айни қиш чилласида янги муаммоларни кўндаланг қўймоқда

Зукко муштарий дарҳол тушуниб етди, деб ўйлайман. Неча йиллардирки, шиддаткор фасл — қиш олдимизга иссиқлик таъминоти билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради.

Қарс икки қўлдан чиқади

Аслида, муаммо фақатгина шу йилдан пайдо бўлаётгани йўқ. Ҳар йили иситиш мавсуми бошланиши билан табиий газ, иссиқлик ва ичимлик суви, электр қуввати таъминотида узилишлар пайдо бўлиб, олдимизга жиддий муаммоларни қўйиши бор гап. Бу ҳолат давом этаётганлигига анча йиллар бўлди. Яқин орада бирон-бир қиш фаслининг муаммосиз, талофатсиз ўтганини эслайсизми? Ҳар сафар юқоридаги муаммолар янада кескин ва ўткир ҳолатда олдимизда пайдо бўлаверади.

Мавсумга тайёргарлик ишлари ҳаттоки ёз мавсумидан бошланишини ва узоқ давом этишини яхши биламиз. Ҳар бир соҳа мутасаддилари мавсумга тайёргарлик юзасидан шундай ҳисоботлар тайёрлашадики, гўёки ҳеч бир муаммога ўрин қолмагандек туюлади. Очиғи, мутасаддиларнинг ваъдаларга қоришиб ҳисоботларга эндиликда ишонгимиз келмай қўйди. Негаки, мавсум бошланиши билан таниш манзаралар пайдо бўлаверади: қаердадир табиий газ босими кескин пасайиб кетади, бошқа жойда электр қуввати таъминотидаги эски муаммоларга яна дуч келамиз, хуллас, эски ҳаммом — эски тосга “ҳамроҳ” бўлаверамиз!

Бу муаммоларнинг кучайиб бораётганлиги ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчи ўртасидаги муомала-муносабатларнинг аниқ тамойили ишлаб чиқилмаганлигидан далолат беради. Тўғри, мамлакатимизда ҳар бир соҳанинг тараққиёти учун қонуний-ҳуқуқий дастурлар ишлаб чиқилган. Тараққиётнинг галдаги йўналишини белгилаб берувчи шундай умидбахш дастурларимиз борки, беихтиёр эртанги кунга қалбингизда ишонч мустаҳкамланаётганини ҳис этасиз. Бу ишонч негадир икки тарафлама мустаҳкамланмаётганлиги муаммонинг бош сабабчиси эмасми?

Ишлаб чиқарувчи таъминотчи ва истеъмолчи муносабатларини замон талаблари ва халқаро ўлчовларга мувофиқ ташкил этмас эканмиз, муаммо илдизини истеъмолчи таъминотчидан таъминотчи эса истеъмолчидан қидиравериши давом этаверади. Бу йилги мураккаб шароитда бу икки тизим ўртасида муаллақлик борлигига гувоҳ бўлаяпмиз. Мутасаддилар муаммони чуқур ўрганиб, ҳал этиш учун вақт ва катта маблағ зарурлигини, қулай шароит лозимлигини такрорлашдан чарчашмаяпти. Табиий газ, электр қуввати, иссиқлик таъминоти тизимидаги мутасаддилар кейинги пайтларда истеъмолчи — халққа яқинлашгандек бўлиб турибди. Ҳатто улар билан “Ишонч телефони” орқали истаган пайтда боғланиш имконияти яратилган. Лекин муаммони ҳал этиш имконияти яратилмаяпти.

Истеъмолчи ва таъминотчи ўзининг масъулиятини ҳис этиб, таъминот ва тўлов тизимини виждоний бурчи, қонуний вазифаси, деб билмас экан, муаммоларимиз “яшайверади”. Истеъмолчи тўлов ва тежамкорлик талабига қонуний бўйсунса, таъминотчи эса истеъмолчи олдидаги бурчига содиқ бўлса, муаммонинг ечими топилган бўларди.

Ўзимиз тежамкор бўлмасак...

Коммунал соҳанинг ҳар бир жабҳасида тежамкорлик тизими қатъий йўлга қўйилмас экан, муаммолар илдиз отаверади.

Тан олайлик, истеъмолчи сифатида оддий хонадонларимизда ҳам тежамкорликка жиддий эътибор қаратмаймиз. Тўғри, “ақлли ҳисоблагич”лар ўрнатилгач, тежамкорлик муаммоси бир оз ҳал этилгандек, туюлади. Яқин-яқингача табиий газ, ичимлик суви, электр қуввати истеъмолида таъминотчилар томонидан “ўйлаб топилган” қарзлар пайдо бўлаверарди. Унинг тагига етиш учун қанча асаббузарликлар бўлиб ўтганлигини бир кўз олдингизга келтиринг-а!

Оддий ҳисоблагичлардан фойдаланилган даврда осмондан тушган қарзларга деярли ҳар бир истеъмолчи дучор бўларди. Бугунги кунда ҳам ўзимизнинг эътиборсизлигимиз оқибатида ана шундай ҳолатлар юзага келмоқда. Яқинда “уйимизда табиий газ ҳеч қачон ўчмайди”, деб мақтанадиган танишимнинг уйида бўлганимда эски ҳолатга дуч келдим: ошхонада тўрт “кўзли” газ асбобининг “икки кўзи” “ёниб” турарди. Танишимга бир ҳазил қилмоқчи бўлдим-у, тилимни тийдим. Бу ҳолат ҳозир табиий газ порлаб турган кўпгина хонадонларда кузатилмоқда. Фойдаланиб бўлгач, асбобни ўчиришга эътибор қаратмаймиз. Кўпинча қайта гугурт чақишга ҳам эриниш оқибатида шундай исрофгарчиликка йўл қўйилмоқда. Қиш палласида ташқаридаги ичимлик суви жўмраги музлаб қолмасин, деб сувни очиқ қолдирамиз. Фақатгина... электр қувватидан фойдаланишда бундай исрофгарчилик камроқ кўзга ташланади. Бу гаплар кимнидир тартибга чақириш учун ўйлаб топилган панд-насиҳат эмас. Аксинча, ўзимиз тежамкор бўлмас эканмиз, сувнинг ҳам, электр қуввати ва табиий газнинг ҳам бир кун келиб охири кўриниб қолиши турган гап.

Муаммо ва Президент таклифи

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис ва халқимизга қилган мурожаатномасида ҳозир кўпчиликни қийнаётган ушбу муамммони ҳал этишнинг энг мақбул йўналишларини белгилаб берди.

Дарҳақиқат, бугун энергия таъминотини эскича усулда амалга ошириб бўлмайди. Қолаверса, бу муаммо бутун дунёни қамраб олмоқда. Шундай экан, мамлакатимизда ҳам энергия ҳосил қилишнинг камхарж, ноанъанавий усулларидан кенг фойдаланиш зарур. Тежамкорлик бобида ҳам айтарли самарадорликка эришолмаяпмиз. Президент таъкидлаганидек иқтисодиётимизда энергия сарфи бошқа давлатлардан икки баробар юқори. Нега шундай, деган савол туғилади. Тан олайлик, ишхонада ҳам, уйда ҳам, кўчада ҳам энергия ресурсларини тежаш ҳақида ўйлаш хаёлимизга ҳам келмайди. Бу фикрнинг исботи сифатида юқорида тилга олинган воқеаларни эслашнинг ўзи кифоя. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек уй, ишхона, мактаб ва кўчаларда одамларимизга энергиянинг қадрига етиш, уни тежашни ўргатиш керак. Қонунларимизда ҳам бу масалаларни мустаҳкамлаш керак, дея бонг ураётганида олам-олам маъно бор.

Мамлакатимизда муқобил энергия ҳосил қилиш тизимига гарчи, кеч бўлса-да, киришилганлиги эртанги кунга умид уйғотади. Ҳозиргача бир қатор вилоятларда қуёш электр станциялари ишга туширилди, бир нечтаси қурилиши давом этмоқда. Президент ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимига ўз ҳудудидаги ижтимоий соҳа объектларига, хонадон ва корхоналарда қайта тикланувчи энергия лойиҳаларини амалга ошириш вазифасини топширди. Шунингдек, бу соҳага 2 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилиниб, истеъмолчиларга етказиб берилаётган энергия миқдорини 60 фоизга етказиш вазифаси ҳам кўндаланг қўйилди. Энг муҳими, шамол ва қуёшдан энергия оладиган ускуналар ишлаб чиқадиган корхоналар сонини ошириш мақсадида хориждан инвесторларни жалб қилиш лозимлиги Президентимиз томонидан алоҳида таъкидланди.

Бу борадаги амалий ишлар аллақачон бошлаб юборилган. Муаммони ҳал этишга ҳисса қўшиш ниятида бўлган корхона ва ташкилотлар, кўплаб хонадонларда ҳам “яшил энергия” тармоғини яратишга киришилди. Бу борадаги ишларни келгусида олис туман қишлоқларда изчил давом эттириш қишки-кузги мавсумда вужудга келиши лозим бўлган муаммоларга барҳам берилади.

Қувондиқ ХАЛИЛОВ

 Манба: http://www.samarkandnews.uz/post/9291

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>