ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
daryo.uz — Жанубий Корея Навоийда қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини амалга оширади
  • 18.01.2023
  • 194

Ўзбекистон элчихонаси томонидан Корея—Ўзбекистон бизнес ассоциацияси директорлар кенгаши раиси Ким Чанг Кеон ва Навоий вилоят ҳокимлигининг инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи Элбек Ғаффоров ўртасида видеоалоқа воситасидаги музокаралари ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Қайд этилишича, учрашувда Жанубий Кореянинг Chung Dahm Power Corporation, Live Campаign Corporation ва ТДC Cо., Ltd компаниялари раҳбарлари ҳамда Конимех тумани ҳокимининг ўринбосари Мансур Мавлонов иштирок этган.

Мулоқот давомида Конимех туманида қуёш панелларини ишлаб чиқариш ва қуёш фотоэлектростанциясини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилган.

Жанубий Кореялик ҳамкорларга Ўзбекистондаги мавжуд инвестиция муҳити ҳамда хорижий сармоядорларга яратилган қулайликлар ва тақдим этилаётган преференциялар тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилган.

Ўз навбатида, Корея Республикасининг мазкур компаниялари раҳбарлари томонидан Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия соҳасида ҳамкорлик қилишга катта қизиқиш билдирилган. 2022 йилнинг октябрь—ноябрь ойларида дастлабки ўрганишларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистонга сафар давомида кўрсатилган кўмак учун миннатдорлик билдирилган.

Шунингдек, Ким Чанг Кеон мазкур лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини тўлиқ ўрганиш мақсадида жорий йилнинг февраль ойида Жанубий Кореянинг ушбу компаниялари вакилларидан иборат делегация амалий сафар билан Ўзбекистонга боришини маълум қилган.

Тадбир якунлари бўйича лойиҳани самарали амалга ошириш мақсадида доимий алоқаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда тегишли маълумотларни алмашишга келишиб олинган.

Манба: https://daryo.uz/k/2023/01/17/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>