ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
daryo.uz — «Глобал энергетика инқирози тоза энергия ривожланишига туртки бўлди» — IEA
  • 17.01.2023
  • 176

Дунё тарихда биринчи марта жиддий энергетика инқирозига дуч келди, аммо бу тоза энергия ривожланишига жиддий туртки берди. Бу ҳақда Халқаро энергетика агентлиги (IEA) ижрочи директори Фотиҳ Биролга таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: Bloomberg

Фото: Bloomberg

«Биз илгари ҳеч қачон бундай энергетик инқирозга дуч келмаганмиз. Шу билан бирга, бу тоза энергия ривожига катта туртки берди», — деди Бирол.

Унинг сўзларига кўра, агар илгари қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишда асосий омил атроф-муҳитга ғамхўрлик бўлган бўлса, энди улар энергия хавфсизлигини таъминлаш учун зарур.

«Энергетика хавфсизлиги муаммоларини узоқ муддатли истиқболда ҳал қилиш тоза энергия, қайта тикланадиган энергия манбалари билан боғлиқ», — деди у.

Бирол шунингдек, дунёда электромобиллар сони муттасил ортиб бораётганини қўшимча қилди.

«Агар 2019 йилда сотилган 100 та автомобилдан атиги учтаси электромобиль бўлган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 13 тага етди. Агар шундай давом этса, 2030 йилда Европа, АҚШ ва Хитойда сотиладиган ҳар иккинчи автомобиль электромобиль бўлади», — деди у.

IEA қайта тикланадиган энергияни ривожлантириш бўйича ҳисоботида қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришнинг умумий ўрнатилган қуввати 2020—2026 йиллар оралиғида 60 фоизга ошиб, 4,8 минг ГВтга етишини ҳам маълум қилган эди.

Аввалроқ Европа Иттифоқидаги иссиқ об-ҳаво минтақани энергия инқирозидан қутқараётгани ҳақида хабар берилганди.

 

Манба: https://daryo.uz/k/2023/01/17/global-energetika-inqirozi-toza-energiya-rivojlanishiga-turtki-boldi-iea/?utm_source=@daryo_kirill

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>