ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Ўзгаришсиз қолаётган муаммо: Об-ҳаво совиши билан узиладиган электр токи ва пасайиб кетадиган газ масаласи қачон ҳал этилади?»
  • 17.01.2023
  • 205

Музлаб қолишига оз қолган беш кунлик болакай туширилган видеодан тортиб ижтимоий тармоқлар орқали “свет”сиз, газсиз қийналаётган, кўп қаватли бинолар олдида олов ёққан аҳоли, совуқдан қақшаётган ногиронлар, кексаларнинг мурожаатлари пойтахтимизнинг 2023 йил бошидаги ҳақиқий тасвирлари, десак тўғрироқ бўлади.

Ҳолбуки, Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг маълум қилишича, олтин ишлаб чиқариш охирги 5 йилда 87 тоннадан 105 тоннага, мис ишлаб чиқариш эса 110 минг тоннадан 148 минг тоннагача кўпайган. Шунингдек, бошқа табиий бойликлар, жумладан уран ва газ қазиб олиш бўйича ҳам дунёда етакчи ўринларда турамиз. Ўтган йилга назар ташласак, ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошган. 2018 йилда бу кўрсаткич 52 миллиард доллар бўлган. Иқтисодиётимизга шу йилнинг ўзида 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар орқали кириб келди, экспортимиз эса 19 миллиард долларга етди.

Йилдан йилга ўсиб бораётган молиявий “куч-қудратимиз”га қарамай, янги йилнинг 10-15 январь кунлари кузатилиши прогноз қилинган аномал совуқ қаршисида туриб бера олмадик. Бошкентимизда яшовчи фуқароларнинг совуқдан қийналиб, муаммога чора топиш кераклигини сўраб ёлворишлари олдинги қиш мавсумидан ҳам баландроқ эшитила бошлади. Қизиқ томони, кўплаб масъул шахслар ўз вақтида уйқудан уйғонишмади. Бошларини “қум”га тиқиб олишди... 

Турли манбалар ва оммавий ахборот воситалари орқали улашилган маълумотларга кўра, куз-қиш мавсумига тайёргарликни ёзнинг сўнгги ойи – августдан бошлаб юборганмиз. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йилнинг 23 сентябрь куни қабул қилинган қарорига кўра, электр, газ, сув таъминоти, иссиқлик энергияси, кўмир, суюлтирилган газ ва бошқалар билан таъминлашни назарда тутувчи иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар анча аввал тасдиқланган эди. Унга кўра, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлашга 1,99 трлн сўм ажратилиши, 737 км иссиқлик тармоқлари, 1,8 минг км сув таъминоти тармоқларини профилактика ва таъмирлаш ҳамда 1,68 млн тонна кўмир захираси яратилиши режалаштирилганди.

Қишлоқлар-ку қарийб 25-30 йилдан бери оқма газдан мосуво. “Свет” соатлаб ўчиши одат тусига кириб улгурган. Ора-орада мутасаддилар томонидан айрим таълим муассасаларидаги “буржуйка” печкалар танқид остига олингани тўғрисида айтмасак, аҳвол қиш фаслида яхшиланиши даргумон.

Шу жумладан, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Ойбек маҳалласидаги 58-сонли мактабга берилган 22 тонна кўмирдан 17 тоннаси яроқсиз чиққани ҳам 2022-23 йилги куз-қиш мавсумига оид хабар. Аслида, куз - қиш мавсумига қоғоздагина “ажойиб” тайёргарлик кўрилаётгани, ноябрь ойидаёқ фуқароларнинг мурожаатларидан сезила бошлаганди. Энергетика вазирининг эса турли ҳудудлардаги фотосуратлари, ҳокимиятда ўтказилаётган коммунал соҳа ва бошқа сервис хизматлари раҳбарлари иштирокидаги йиғилишлар бироз кўнглимизга таскин бериб турганди. Шунингдек, мутасаддилар ҳам куз-қиш мавсумига жиддий ва астойдил тайёргарлик кўрилаётганини таъкидлашдан чарчашмади.

Вазият ўзининг “пик” нуқтасига етиб, шикоятлар Президент муносабатигача етган бир пайтда, 6 ойдан буён таъмирланмаган энергоблоклар, етказиб берилмаган  миллиардлаб киловатт энергия, эскирган трансформаторлар ўша “тайёргарликлар”нинг маҳсули эканлигини тушундик. Биринчи қордан кейиноқ фуқаролар энергетика тизимидаги камчиликлар билан юзлашди. Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги пайдо бўлди. Халқдан солиқларни ўз вақтида ундириб, яхшигина маош олаётган мутасаддилар норозилик фонида ҳеч қандай муаммони ҳал қилмагани фош бўлиб қолди. Аҳвол олдинги йиллардагидан ҳам оғирроқ бўлиб, янги йилда энергетика инқирози пойтахтга ҳам кўчган эди.

Украина уруши туфайли юзага келган можароли даврда Россия газига боғланиб қолган Европа мамлакатлари худди шундай инқирозни олдиндан ҳис қилган ҳолда самарали чора-тадбирларни амалга оширгани, натижада Кремль ўзининг ғаразли мақсадига эриша олмаганлигининг гувоҳи бўлдик. Европа Иттифоқи давлатларида энергия ресурслари тақчиллиги сабабли қиш бошланмасидан тайёргарлик кўрилди: кўча ва эҳтиёждан ортиқча чироқлар ёруғлиги камайтирилди, иссиқ сувга сарфланадиган энергия исрофига барҳам берилди, иситиш тизимларидаги ҳарорат бироз пасайтирилди ва ҳоказо. Инновацион ечимлар – қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш учун катта маблағ ажратилди. Баъзи ўринларда кўмир ва суюлтирилган газ сингари ёқилғи маҳсулотлари орқали камчиликларни бартараф этишди.

Ҳа, энди улар европаликлар-да, дейдиган бўлсак, Осиё мамлакати бўлган Жанубий Кореяда ҳам табиий бойликлар умуман йўқ ҳисоби. Аҳолига электр токи узлуксиз етказиб берилиши, уйлар кўмир брикет ёки электр иссиқ пол орқали иситилиши кўпчиликка маълум. Трансформаторлари ишдан чиқиб ёки “портлаб” кетиши ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Чунки аҳоли истеъмолини ҳисобга олиб, мавсум олди ўз ишига виждонан ёндошадиган мутахассислар ажратиладиган маблағдан бир-икки сўм орттириб, ўзининг роҳат-фароғатига ишлатиб юборишмайди...

Бизда эса ҳар қанча чоралар кўрилмасин вазият ўзгармаётганлиги халқимизнинг ҳафсаласини пир қилаяпти. Декабр ойи бошидаёқ Президент топшириғига асосан, Бош вазир бошчилигида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энергия муаммоларини тезкор ўрганиш ва ҳал қилиб бориш мақсадида Ҳукумат ишчи гуруҳи тузилган эди.

Ишчи гуруҳ зиммасига:

➖ республика ҳудудида энергия тақчиллиги муносабати билан юзага келган вазиятни қисқа муддатларда чуқур таҳлил қилиш ва аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича тезкор чоралар кўриб бориш;

➖ электр энергияси ва газни биринчи навбатда аҳолига етказиб бериш заруриятини эътиборга олган ҳолда, мавжуд энергия ресурсларини мувозанатли тақсимлаб бориш ва ушбу жараённи қатъий назорат қилиш;

➖ электр энергияси ва газ тақчиллиги шароитида муқобил энергия маҳсулотлари билан аҳолини ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз таъминлаш ишларини жадаллаштириш вазифаси юклатилганди;

Шунингдек:

➖ ижтимоий объектлар, жумладан таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш юзасидан зарур маблағлар ажратиб бориш ва уларнинг мақсадли ишлатилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш;

➖ энергия тақчиллиги ва унинг оқибатида юзага келадиган салбий оқибатлар, айниқса иқтисодиётга таъсирини камайтириш мақсадида, комплекс чора-тадбирлар кўриш юзасидан асосланган таклифлар ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш учун киритиш вазифаси белгилангани ёдимизда.

Шунга қарамай, аҳолининг энергия маҳсулотларига бўлган асосий эҳтиёжлари қондирилмади. Об-ҳавонинг совий бошлаши билан ҳатто Тошкент шаҳрида ҳам газ босимининг пасайиши, электр энергиясидаги узилишлар кузатилаверди. Куни кеча Президент яна бир бор Бош вазир А.Арипов ва энергетика вазири Ж. Мирзамаҳмудовга бор имкониятларини ишга солиб, мавжуд ресурсларни адолатли тақсимлаб, муаммоли маҳаллаларда  одамларга зудлик билан ёрдам кўрсатадиган тизим яратишни топширди. Хўш, кўрилаётган чора-тадбирлар иш берармикан? “Янгича тизим” эҳтимолий совуқ об-ҳаво шароитида ҳам инқирозни бартараф эта оладими? Буни эса вақт кўрсатади.

Саидий

Манба: https://human.uz/8/46/11866

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>