ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
xabar.uz — Туғилиш даражасининг юқорилиги ижтимоий соҳа объектлари ва электр энергияси таъминотига қандай таъсир кўрсатади?
  • 28.01.2023
  • 166

2023-йилнинг бошида Ўзбекистон Республикасининг аҳолиси 36,0 миллион кишини ташкил этди. Бу ўтган йилдагига нисбатан 753,6 минг киши (2,1%) кўп демакдир. Аҳолининг бундай ўсиши асосан ўлим даражасининг нисбатан пастлиги ва туғилиш даражасининг юқорилиги билан боғлиқ. 2022-йилда 932,2 минг гўдак дунёга келган.

Демографик прогнозларга кўра, 2035-йилгача туғилишлар сони бир хил даражада сақланиб қолади (ўртача 950-980 минг), аҳоли сони эса 45,6 миллион кишидан ошади. 2035-йилга бориб, аҳолининг ёш таркибидаги ўзгаришлар натижасида 18 ёшгача бўлган ёшлар ва меҳнатга лаёқат ёшидан катталар сони мос равишда 3,2 миллион ва 2,3 миллион кишига кўпайиши кутилмоқда.

Демографик дивиденд. 2022-йил бошига келиб, дунёда меҳнатга лаёқатли аҳолига болалар таъсири кўрсаткичи 41 нафарни, ривожланган мамлакатларда 25 нафарни ташкил этди. Прогнозларга кўра, Ўзбекистонда 2035-йилгача демографик солиқ тўлаш хавфи кутилмайди.

Аҳоли сонининг ошиши биринчи навбатда соғлиқни сақлаш ва таълим тизимига таъсир қилади.

Соғлиқни сақлаш. 2022-йил бошида республикада 1281 та шифохона мавжуд бўлиб, ҳар 10 минг кишига 46,9 та шифохона ўрни тўғри келган. Шунингдек, бир сменада 683 минг кишини қабул қиладиган 6676 та амбулатория-поликлиника мавжуд бўлиб, бу ҳар 10 000 кишига 197 нафарни ташкил этишини англатади. Ушбу муассасалардаги тиббиёт ходимлари сони 95,6 минг кишини ташкил этади, яъни ҳар 10 минг кишига 27,1 нафар тиббиёт ходими ёки бир шифокорга 369 нафар бемор тўғри келади. 2035-йилга бориб, аҳолининг ўсишини ҳисобга олган ҳолда, фуқаролар саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш мақсадида амбулатория-поликлиникалар сонини 8450 тага етказиш зарур (битта амбулатория-поликлиника 18500 кишига мўлжалланган).

Прогнозларга кўра, республика аҳолиси йилига ўрта ҳисобда 711,0 минг кишига кўпаяди. Ўсиш шундай бўлган тақдирда ҳам шифокорлар ва ҳамширалар зиммасига тушадиган юкламанинг ортиб кетмаслиги кутилмоқда. 2035-йилга бориб, шифокорлар билан таъминланиш даражаси 10 минг кишига 28,4 нафарни, ҳамширалар билан таъминланиш даражаси эса 116,8 нафарни ташкил этади.

Тиббиёт муассасалари ва ходимлари (2022)

Таълим тизими. 2023-йил бошида, 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болалар сони 2925,2 минг нафарни ташкил этган бўлса, 2035-йилга бориб,  3738,3 минг нафарни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. 2023-йил бошига республикада 29420 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлиб, улардаги тарбияланувчилар сони 2,1 миллион нафарни ташкил этган (қамраб олиш даражаси 71,8%).

3-6 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш бўйича мавжуд кўрсаткичларни сақлаб қолиш, шунингдек, келажакда дунёнинг ривожланган мамлакатлари (90% га яқин) кўрсаткичларига эришиш учун республиканинг барча ҳудудларида мактабгача таълим муассасаларида 1264 минг болага мўлжалланган янги ўринларни ташкил этиш зарур. Барчани қамраб олиш учун бюджетдан қўшимча 37 триллион сўм ажратиш лозим.

2022/2023 ўқув йилида жами ўқувчилар сони 6461,7 минг нафарни, ўқитувчилар сони эса 540,7 минг нафарни (ўриндошлардан ташқари) ташкил этди, яъни ҳар бир ўқитувчига 11,9 нафар ўқувчи тўғри келди.

2022/2023 ўқув йилида умумтаълим мактабларини жами 430 минг нафар ўқувчи тамомлайди. 2022/2023 ўқув йилида 701,9 минг нафар бола 1-синфга қадам қўйди. 2035-йилга бориб, 7-17 ёш оралиғидаги болалар сони 9737,4 минг нафар бўлиши кутилмоқда. Бу эса 2035/2036 ўқув йилига қадар қўшимча 3,0 миллион ўқувчи ўрни яратилишини талаб этади.

Ҳар йили олий таълим муассасалари меҳнат бозорига ўртача 30 минг нафар олий маълумотли ўқитувчиларни чиқаради. 2035-йилга бориб, олий таълим муассасаларига қабул даражасини 55% га етказиш ва хотин-қизлар учун ажратиладиган квоталарни ошириш натижасида олий таълим муассасалари ҳар йили ўртача 40 минг нафар педагог кадрни тайёрлаш имкониятига эга бўлади. 2035-йилга борганда ўқитувчилар сони 970 минг нафарни ташкил этади. Натижада ҳар бир ўқитувчига 10 нафар ўқувчи тўғри келади. Ушбу ҳисоб-китобларга асосланиб айтиш мумкинки, яқин келажакда ўқитувчиларга талаб юқори бўлади. Лекин шунга қарамай уларнинг етишмаслиги кузатилмайди, айрим катта шаҳарлар бундан мустасно.

Аҳолини электр энергияси билан таъминлаш. Электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчиларга тушадиган демографик юкнинг тобора ошиб бориши ички бозорда амалга оширилаётган энергетика сиёсатининг ижтимоий устувор йўналишларини кучайтиришни талаб этади.

ПМТИ мутахассислари томонидан олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, ушбу даврда ички бозорга етказиб берилаётган электр энергиясини тақсимлашда сезиларли ўзгаришлар юз берди.

2016-2022 йилларда аҳолига тўғридан-тўғри етказиб бериладиган электр энергияси 40% га ошди. Энергия истеъмолининг умумий таркибида аҳоли улушини 2016-йилдаги 26,4% дан 2022-йилда 28,9% гача ўсган. Шунингдек, аҳоли жон бошига электр энергияси истеъмоли йилига ўртача 4% ўсиб бораётгани ҳам аниқланди. Таъкидлаш жоизки, таҳлил қилинаётган даврда электр энергияси истеъмолининг ўсиш тенденцияси бутун республика ҳудудлари бўйича шаклланган – 2016-йил даражасига нисбатан 1,24 баравар ортиқ. Энергия истеъмолининг ўсишига таъсир қилувчи омилларни ўрганиш электр энергиясини истеъмол қилиш ва аҳоли сонининг ўсиши ўртасида ижобий боғлиқлик борлигини кўрсатди.

Ҳисоб-китобларга кўра, энергия истеъмолининг ўсиши ва аҳоли сони нисбати орқали ҳисобланган эластиклик коэффициенти қиймати 1,02 - 1,1 оралиғида шаклланган. Ушбу кўрсаткичнинг бутун ўрганиш даври учун ўртача қиймати 1,04 ни ташкил этди. Бу аҳоли сонининг 1% га кўпайиши билан электр энергиясига қўшимча талабни рағбатлантириш фоизини белгилайди. Бу нисбат узоқ муддатли истиқболда 1,04 даражасида сақланиб қолиши ва аҳоли сонининг ўсиш прогнозларидан фойдаланган ҳолда 2030-2040 йиллар учун электр энергиясини истеъмол қилишнинг эҳтимолий даражаси бўйича ҳисоб-китоблар амалга оширилди.

Ҳисоблаш натижалари шуни кўрсатдики, 2035-йилгача бўлган даврда аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби ҳар йили 5-5,3% га ошиши мумкин. Прогнозларга кўра, аҳоли ва умуман иқтисодиётнинг ўсиб бораётган талабини қондириш учун 2030-йилгача электр энергияси қувватини мавжуд даражага нисбатан камида 1,7 баробар ошириш талаб қилинади. Шу билан бирга, юқоридаги ҳисоб-китобларда чекловларнинг кучайиш омили ҳисобга олинмаган. Электр энергиясига бўлган талаб тўлиқ қондирилмаётганлиги таҳлил қилинаётган давр мобайнида уй хўжаликларида тез-тез узилишлар билан тасдиқланади ва жорий йилнинг январь ойида, айниқса сезиларли бўлди. Ушбу омилни тенглаштириш учун эҳтиёжнинг тахминан 8-10% и деб фараз қилинаётган мавжуд етишмовчиликни тўлдиришни ҳисобга олган ҳолда баҳолаш амалга оширилди, Бунда эластиклик коэффициентининг қиймати бошланғич қийматдан ошиб кетди ва ўртача 1,06 ни ташкил этди. Ушбу қийматлардан келиб чиққан ҳолда, аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби 2035-йилгача бўлган даврда нисбатан тезроқ суръатларда, 6,2-6,5% оралиғида ошади. Шунга кўра, 2030-йилга бориб, энергетика қувватлари динамикаси ривожланишнинг юқори суръатлари, аниқроғи 1,8-1,9 баробар ошиши билан характерланади. Иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқлари ва соҳалари томонидан энергияга бўлган талабнинг кутилаётган ортиши фонида аҳоли талабининг прогноз қилинаётган ўсиши миллий энергетика тизимини ривожлантириш бўйича қўшимча кенг кўламли ва комплекс қарорларни ишлаб чиқиш ва самарали амалга оширишни тақозо этади.

Таклифлар. Аҳоли сонининг нисбатан юқори суръатларда ошиб бориши мамлакат иқтисодиёти учун кенг имкониятлар яратади. Ўз навбатида кутилаётган юқори демографик салоҳиятнинг таъсирини билган ҳолда қуйидаги чора-тадбирларни кўриш зарур:

Давлат қарзи ортиб бораётган шароитда фискал юкни енгиллаштириш мақсадида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида хусусий иштирокчилар билан тизимли иш олиб бориш, уларга лицензия ва бошқа рухсатномаларни бериш тартибини соддалаштириш.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши аъзолари бюджет маблағларини тақсимлаш ва ҳудудларнинг ижтимоий инфратузилмасини ўрта муддатли режалаштиришда демографик ривожланиш прогнозларини ҳисобга олиши зарур.

Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида халқаро ва маҳаллий иштирокчилар, шунингдек, тегишли технологияларни етказиб берувчилар Ўзбекистонга сармоя киритиш борасидаги қарорларни қабул қилишда демографик прогнозларни инобатга олган ҳолда, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларига ўрта муддатли талаб мавжуд эканига ишончи комил бўлиши мумкин.

Прогноз натижалари энергия, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган, мувофиқлаштирилган ва босқичли ислоҳотларни амалга ошириш муҳимлигини кўрсатади.

Демографик юкнинг ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда энергетика тизимларини бошқариш ва ривожлантириш борасида мутлақо янги ёндашувларни ишлаб чиқиш талаб этилади. Бунда реал вазият ҳамда имкониятдан келиб чиқиб, Марказий Осиё минтақасида жойлашган мамлакатларнинг энергетика соҳасидаги интеграцион салоҳиятини жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Миллий энергетика тизимини имкон қадар тезроқ ядро, водород ва бошқа муқобил «яшил» технологиялардан фойдаланишга асосланган янги технологик платформа параметрларига интеграциялашнинг долзарблиги ортиб бормоқда.

 

Элвира Бикеева,

ПМТИ гуруҳ раҳбари,

Муҳаббат Аҳмедова,

ПМТИ гуруҳ раҳбари

Анвархўжа Шоазизов,

ПМТИ етакчи илмий ходими

Манба: https://xabar.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>