Янгиликлар
«ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ: ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИГА МУВОФИҚ СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИДА ЙИРИК ИНВЕСТИЦИОН ЛОЙИҲА БОШЛАНДИ
  • 05.06.2020
  • 1266

   Иқтисодиёт тармоғидаги олдинги бир қадам

  Барчамизга маълумки, йирик саноат корхоналари иқтисодиётимизнинг локомотиви ҳисобланади. Маҳаллий хомашёларни қайта ишлаш эвазига тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, ички бозор эҳтиёжини тўлдириш билан бир қаторда маҳсулотларини экспортга йўналтириш имкониятига эга йирик корхоналар сони ва қувватини ошиб бориши, шу билан бирга ўрта ва кичик бизнес билан шуғулланувчи тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш — Президентимиз томонидан белгилаб берилган устивор йўналишдан бири эканлиги шубҳасиз.

  Гап иқтисодиёт учун лозим шароитлар яратиш ҳақида кетганда, энг аввало, тадбиркорликнинг ҳуқуқий асослари тушунилиб, уларга ер майдони ажратиш ва давлат кўмагида маҳаллий ҳокимият томонидан қўллаб-қувватланиши назарда тутилади. Иккиламчи навбатда тадбиркорлик субъектларини энергоресурслардан самарали фойдаланиши, хусусан электр энергияси таъминоти қай даражада эканлиги муҳим аҳамиятга эга. Умуман олганда, ҳар қандай ишлаб чиқариш корхонаси қурилишидан олдин унинг техник-муҳандислик лойиҳасида электр энергияси билан таъминланганлик даражаси стратегик аҳамиятга эга унсур сифатида қайд этилади.

  Ўз-ўзидан маълумки, тадбиркорликнинг кичик ва катта зоналари мамлакатимиз бўйлаб қулоч ёзаётган бир пайтда электр энергияси, хусусан юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанцияларни барпо этиш масаласи, таъбир жоиз бўлса, дастлабки режа-лойиҳалар ҳали макет ҳолида бўлган пайтдаёқ амалга оширилган ёки амалга оширилаётган бўлиши зарур ва шарт.

 Шу боис, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Президент ва Ҳукумат қарорларига мувофиқ йирик саноат корхоналари билан бир қаторда ўрта ва кичик бизнесни, шу билан бирга, аҳолини сифатли электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, мавжуд электр тармоқлари иш фаолияти ишончлилигини ошириш мақсадида бир қатор инвестицион лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Инвестицион лойиҳалар мамлакатимизнинг турли ҳудудларида, жумладан Сурхондарё вилоятида ҳам амалга оширилмоқда.

500/220 кВ кучланишли «Олтинсой» подстанцияси

 Сурхондарё вилояти республикамизнинг жануби-шарқида, Сурхон-Шеробод водийсида жойлашган. Вилоят номи воҳадан оқиб ўтувчи «Сурхон» (форс-тожикча: «қизил» маъносини беради) дарёси номидан келиб чиққан. Жанубидан Амударё бўйлаб Афғонистон, шимолий, шимоли-шарқ ва шарқдан Тожикистон, жануби-ғарбдан Туркманистон, шимолий-ғарбдан Қашқадарё вилояти билан чегарадош. Майдони 20,1 минг км². Аҳолиси, 2019 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, 2612,4 минг нафарни ташкил этади.

  «3 та 167 МВА трансформаторли 500/220 кВ ли «Олтинсой» подстанцияси қурилиши» лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 январдаги ПҚ-4563-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2020–2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланган «Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали 2019–2030 йилларда электроэнергетика соҳасида йирик инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш дастури»га асосан амалга оширилмоқда.

 Сурхондарё вилоятининг аҳолиси ва саноат корхоналарининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи тўғрисида қуйидаги жадвалда келтирилган тезкор маълумотни таҳлил этиб, мазкур лойиҳани амалга ошириш мамлакатимизнинг мазкур ҳудудида ҳам (қўшни Афғонистон Ислом Республикасига электр энергияси экспортининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда) электр таъминоти салоҳиятини кучайтириш нақадар муҳимлигини кўриш мумкин.

   Лойиҳанинг қиймати 98,0 млн. АҚШ доллари ҳисобида бўлиб, у 2020–2023 йиллар давомида амалга оширилади. Лойиҳа Жаҳон Банки томонидан молиялаштирилади.   500/220 кВ ли «Олтинсой» подстанцияси қурилиши учун Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани, Карсагон маҳалласидан ер майдони танланди. Айни пайтда лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Инвестицион лойиҳанинг техник тафсилотлари

 Яна бир аҳамиятли томони шундаки, лойиҳа доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилади:

  • • Электр энергиясини узатиш салоҳияти 3,5 млрд кВт·соат ва қуввати 501 МVA (1х3х167 МVA) бўлган 500/220 кВли «Олтинсой» подстанциясини қуриш;
  • • 500 кВ «Л-Гузор-Регар» Л-507 электр узатиш тармоғигача узунлиги 4,0 км бўлган 500 кВли «Кириш-чиқиш» янги электр узатиш тармоғини қуриш;
  • • 500 кВ «Л-Регар-Сурхон» Л-508 электр узатиш тармоғигача узунлиги 3,5 км бўлган 500 кВли «Кириш-чиқиш» янги электр узатиш тармоғини қуриш;
  • • 220 кВ «Л-Гулча-Шеробод» электр узатиш тармоғигача узунлиги 4,0 км бўлган 500 кВли «Кириш-чиқиш» янги электр узатиш тармоғини қуриш;
  • • 220 кВ «Л-Денов-Шеробод» электр узатиш тармоғигача узунлиги 2,0 км бўлган 500 кВли «Кириш-чиқиш» янги электр узатиш тармоғини қуриш.

 500/220 кВ ли «Олтинсой» подстанцияси қурилиши лойиҳасида юқори кучланишли ҳаво линияларини қуриш ишлари ҳам назарда тутилган

   Лойиҳанинг айни пайтдаги ҳолати ва дастлабки ишлар динамикаси қуйидагича:

  • • 2020 йил 3 март санаси —  Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича тегишли таклифларни тақдим этиш учун «Ўртаосиёэнерготармоқлойиҳа» АЖ ва «Ўзэнергоинжиниринг» АЖларга мурожаат этилди;
  • • 2020 йил 19 март санаси — Ўрнатилган тартибда лойиҳани молиялаштириш манбаларини аниқлаш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига 01-03-14/1115-сонли хат билан мурожаат этилди, лойиҳанинг техник иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича тижорат таклифлари тегишли ташкилотлардан олинди;
  • • 2020 йил 6 апрель санаси — «Ўртаосиёэнерготармоқлойиҳа» АЖ лойиҳанинг техник иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича тижорат таклифи ишлаб чиқилишидан олдин 500/220 кВ кучланишли «Олтинсой» подстанциясини энергия системага улаш схемасини ишлаб чиқиш зарурлиги тўғрисида жавоб хати олинди;
  • • 2020 йил 20 апрель санаси — 500/220 кВ «Олтинсой» подстанциясини энергия системага улаш схемасини ишлаб чиқишга розилик ва бу тўғрисида шартнома тақдим қилиши юзасидан «Ўртаосиёэнерготармоқлойиҳа» АЖга мурожаат этилди. Айни пайтда 500/220 кВ «Олтинсой» подстанциясини электр энергия умумтизимига улаш жадвали ишлаб чиқилгандан сўнг лойиҳалаштирувчи ташкилот билан лойиҳанинг техник иқтисодий асосларини тайёрлаш бўйича шартнома имзоланиши кутилмоқда.

Лойиҳадан кутилаётган натижалар қуйидагича:

  • • Сурхондарё вилояти истеъмолчилари ҳамда саноат корхоналарини ва қўшни Афғонистон Ислом Республикасининг маълум бир ҳудудини электр энергияси билан таъминлаб турган 500 кВ кучланишли «Сурхон» подстанциясидаги 2х3х167 МВА қувватга эга трансформатордаги 90 МВт га тенг қувват юкламасини пасайтириш;
  • • Сурхондарё вилояти истеъмолчилари ҳамда саноат корхоналарини кафолатланган электр энергияси билан таъминланиш;
  • • Аҳоли сони ва янги ишлаб чиқариш қувватлари кенгайиши сабабли электр энергиясига бўлган талабни таъминлаш;
  • • Сурхондарё вилоятидаги йирик ишлаб чиқариш корхонаси «Хонжиза кон-металлургия комбинати», Шеробод, Жарқўрғон цемент заводи ва бошқа янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ҳисобига электр энергиясини «Сурхон» подстанцияси орқали етказишда энергия танқислигини бартараф этиш.

  Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, дастлабки ишлари амалга оширилаётган мазкур инвестицион лойиҳа натижасида Сурхондарё вилоятида жойлашган кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари қўшимча қувват билан таъминланади, вилоят истеъмолчиларини сифатли электр энергияси билан узлуксиз равишда таъминлаш — электр таъминоти ишончлилигини ошириш кафолатланади.

Зафаржон Камолов,

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Инвестицияларни жалб қилиш ва инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»  АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

>