ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «80 йилдан буён “свет” бормаган “Вочах” қишлоғи. Аҳоли қачон телевизор кўра олади? (видео)»
  • 31.03.2023
  • 99

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги “Вочах” қишлоғига 80 йилдан бери “свет” етиб бормаган. Туғилганидан буён электр “нур”ини кўрмаган қишлоқ болалари эса ҳалигача мойчироқлардан фойдаланиб, дарс қилади. Бу ҳақда “Севимли” телеканалининг “Замон” информацион дастури орқали маълум қилинди.

“16 ёшга кириб ҳалигача уйимизда телевизор ёнганинини кўрмаганман. Нима янгиликлар бўляпти билмайман”, деган ўша қишлоқда яшовчи қиз.

Батафсил: https://t.me/qalampirlive/71790

Қайд этилишича, Сариосиё туманининг тоғли ҳудудидаги “Вочах” қишлоғи туман марказидан 65-70 километр узоқликда жойлашган. Бу ерда тахминан 22 хўжалик (15-16 та уйлар) доимий яшаб келмоқда. Мазкур қишлоқ тоғнинг энг юқори қисмида жойлашган бўлиб, махсус автомашина ва механизмлар юриши имконсиз. Шу сабабли қишлоқ аҳолиси туман марказига чиқиш учун “узунқулоқ” жониворлар ёрдамига таянади. Яъни қишлоқнинг энг қулай “транспорт воситаси” ҳалигача эшаклардир. Вилоятдаги Тўпаланг сув омбори орқали ҳам “Вочах” қишлоғига етиб бориш мумкин. Бироқ қайиқда сув кечиб ўтиш ва тоғ оралаб босиб ўтиладиган масофага 3 соат вақт талаб этилади.

Қишлоқнинг аёллари ҳали ҳамон аллақачон музейдан жой олиши керак бўлган темир дазмолдан ичига чўғ солиб фойдаланиб келади.

“Вочах”да 2004 йилда мактаб барпо этилган. 2021 йилда эса бу ерга 11 дона компьютер жамланмаси келтирилган. Аммо электр энергияси йўқлиги сабабли ушбу компьютерлар бирор маротаба ҳам ёқиб ишлатилмаган ва ўқувчиларга амалий машғулотлар ўтилмаган.

“XXI асрда яшаяпмиз. Бироқ яшаш шароитимиз XVIII аср одамлариникидек”, дейди қишлоқ аёлларидан бири.

Қишлоқ аҳолисининг бир неча мурожаатлари бефарқлигича қолиб кетилаётган эди. Бугун, 30 март куни, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сурхондарё филиали тумандаги “Шабнам” маҳалласи “Вочах” қишлоғини электрлаштириш ишлари масъул мутахассислар томонидан ўрганилганини маълум қилди.

Ўрганишлар натижасига кўра, қишлоқни электрлаштириш учун 5,5-6 км юқори кучланишли (6 кВ) ҳаво электр узатиш тармоғи қурилиши ҳамда 1 комплект трансформатор пункти ўрнатилиши керак бўлади.

“Мурожаатда келтирилган масалани ижобий ҳал қилиш учун ушбу ҳудудда яшовчи хонадонларга ўрнатилган қуёш батареялари (панеллар)ни янгилаш ёки автоном дизель-генераторлар билан таъминлаш мақсадга мувофиқ деган хулосага келинган. Ўрганишлар бўйича якуний хулосаларни қўшимча маълум қиламиз”, дейилади расмий муносабатда.

Айтилишича, ушбу қишлоқдан 5-6 километр наридаги қишлоққа электр токи етиб борган. “Вочах” қишлоғига ҳам электр тортиб келиш қийин иш эмас. Аммо шу пайтгача қишлоқ аҳолисининг мурожаатлари ўрганилмасдан, берилган қоп-қоп ваъдалар ваъдалигича қолган. Юқорида келтирилган расмий муносабатда ҳам маъсуллар “у керак, буни ўрнатиш керак”, деган баёнотлар билан чекланмоқда.

 

Манба: https://qalampir.uz/news/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>