ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
uza.uz — Замонавий инсоннинг “мени”ни кўрмоқчи бўлсанг, ижтимоий тармоқ саҳифасидаги “аватари”га боқ
  • 09.08.2023
  • 86

Суҳбатдошимизни энергетика соҳасининг бир вакили, яъни ташкилот матбуот котиби сифатида таҳририятимизга кўп бора таклиф қилганмиз. У билан соҳа ва тармоқдаги муҳим масалаларни ёритишга ҳаракат қилганмиз. Бугунги суҳбатимиз эса тамомила бошқа йўналишда. Бу сафар маънавият масаласи, жамиятнинг маънавий ҳаётидаги айрим ютуқ ва камчиликларни таҳлил этишга жазм қилдик.

 

 

Танишинг, Улуғбек Пўлатзода тахаллуси билан ижод қилаётган, айни пайтда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг Ахборот хизмати раҳбари Урунов Улуғбек – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг  бугунги меҳмони.

– Улуғбек, сизни ношир ва ижодкор сифатида биламиз. Мана, бир неча йилдирки, сиз билан энергетика соҳасининг матбуот котиби сифатида ҳамкорлик қиламиз...

– Шундай. Асл касбим иқтисодчи ва муҳандис-технолог. Аммо меҳнат фаолиятим газета таҳририятлари-ю нашриётларда ўтган. Журналистикада мақолаларим саноқли ва аксарияти касбий фаолиятим билан боғлиқ. Ижодим эса газета таҳририятларида менга ажратилган саҳифалар фақат рус тилидан таржималардан иборат бўлиб қолмаслиги учун ёзган машқларимдан бошланган. Мени ижодкор ёки журналист, деб билишларидан олдин “ношир” деб аташса, тўғрироқ бўлади. “Аъло кайфият” журнали, “DAVR-PRESS” нашриёти бош муҳаррири, отахон нашриёт — “SHARQ” нашриёти бош муҳаррири ўринбосари лавозимларида фаолият юритдим. Сўнг яна бир неча йил абитуриентлар учун ўқув қўлланмалар чоп этдим. Шунданми, ноширлик руҳиятим билан қоришиб кетган.

– 2018 йилда ЎзА саҳифаларида эълон қилинган “Вояга етмаганлар муаммолари – мантиқий фикр бўшлиғи ёхуд ўқувчи ёшлар ўртасидаги суицид балоси ҳақида” номли мақолангиз муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Танқидий руҳда, ўткир муаммони кўтарган эдингиз. Бунга нима сабаб бўлган эди?

– Бир муддат халқ таълими тизимида фаолият юритиб, маънавий-маърифий йўналишда ишладим. Ҳуқуқ-тартибот ташкилотлари билан ҳамкорликда вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқбузарлиги масалалари билан шуғулланганимда ёзилган мақола эди бу. Унда маънавият йўналишида ишловчи педагоглар ўзларининг асл вазифалари қолиб “статистикачи”ларга айлангани, таълим муассасаларидаги бу йўналишдаги ишлар фақат хўжакўрсин тадбирлардан иборатлиги, мактаб ёшидаги болаларнинг руҳиятини ўрганиш, уларнинг ички кечинмалари, ички дунёсини таҳлил қиладиган методиканинг ўзи йўқлиги, ҳатто бу нарсалар билан ҳисоблашадиган педагоглар ҳам саноқли эканини таҳлил қилишга уринганман. Вояга етмаганлар орасида "ўғрилик", “безорилик”, “эрта ҳомила”, “суицид”, “турли кимёвий воситалар истеъмол қилиш” (нисбий сифатда қўштирноқ ичида айтаймиз уларни) билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар, биринчи ўринда оилавий муҳитдаги катта йўқотишларимиз маҳсули экани, иккинчи-учинчи навбатда эса таълим тизимидаги нотўғри иш услубимизнинг касри эканини айтишга ҳаракат қилганман. Бу баҳсли, ўта жиддий ва нозик мавзу ҳозир ҳам долзарблигини йўқотмаган.

– Яқинда “Ўзбекистон-24” каналидаги радиомулоқотда маънавият масаласига оид фикрларингизни эшитиб қолдим. Айтинг-чи, маънавият нима ўзи? У нималарда ёки қаерларда намоён бўлади. Унинг ўлчов бирлиги қандай ва мезонлари нималардан иборат?

– “Маънавият” сўзига qomus.info энциклопедиясида шундай таъриф берилади: “у инсон руҳий ва ақлий оламини ифодаловчи тушунча. У кишиларнинг фалсафий, ҳуқуқий, илмий, бадиий, ахлоқий, диний тасаввурларини ўз ичига олади. Маънавият атамасининг асосида “маъно„ сўзи ётади”. Шу фикрни тўлдирган ҳолда ўзгачароқ таъриф бераман: биз инсонларнинг қай бир хатти-ҳаракат ва ўй-фикрларимизда ижобий маъно касб этса, бас – маънавият шу. Бу сўзнинг қанчалик идеаллаштирмайлик ёки унга сиёсий либос кийгазмайлик, у барибир инсон билан бирга яратилган ижтимоий тушунча бўлиб қолаверади.

Биз бу сўзни ёки у қамраб олган тушунчаларни юксакларга кўтарганимиз билан у ҳаётимизда майда-майда унсурларда намоён бўлади. Мисол учун, жисмоний қиёфамизда бош, икки қўл ва икки оёқни тасаввур қилганимиз ҳолда икки бошли сиам эгизакларига “касаллик” ва “нуқсон” сифатида қараймиз. Маънавий қиёфамиз эса, аввало, одоб-ахлоқимизда намоён бўлади. Буни барчамиз биламиз. Аммо ҳаммаям билавермайдиган ва, аниқроғи, барчамиз тан олавермайдиган бир ҳақиқат ҳам бор. Тўкин дастурхон, шинам шароитга эга саройсифат уйлар, янги автомобиль ва қимматбаҳо кийим-кечак маънавий қиёфамиз гўзаллигини белгилаб беравермайди.

Маънавият тушунчасининг ўзи эмас, унинг кишилик жамиятидаги аҳамияти, самараси қадрланиши ва улуғланиши лозим. Айримлар “маънавият” ёки “маърифат” сўзини “китоб”нинг қаршисига қўйиб таърифлайди. Китоб – восита, холос. Унинг ичидаги бадиий асар, асар қаҳрамонларининг кечинмалари, ҳис-туйғуси, ҳаётий хулосалари-ю  таҳлили, дунёқарашнинг кенглиги, борингки, одоб ва ахлоқсизлик, жаҳолат ва маърифат ўртасидаги курашда китобхон руҳан қайси томонда туриб “жанг қилиши” – маънавият! Агар китоб шаклида чоп этилган асар ўқувчига шундай маънавий озуқа беришга лойиқ бўлса, албатта.

– Шу ўринда китоб ва китобхонлик масаласига ижодкор, ношир сифатида қандай баҳо берасиз?

– Назаримда, Мустақилликдан кейин 6-7 йил одамлар китобдан, китобхонликдан бироз ортга чекиндилар. Бу, албатта, ўтиш даврининг иқтисодий қийинчиликлари билан боғлиқ ҳолат эди. 2000 йилларнинг бошидан мамлакатимизда тақчил бўлган ўқув-идора моллари – канцтовар бозори шаклланди ва унда ҳам маҳаллий, ҳам импорт маҳсулотлар ўрин олганди. Бадиий китоблар фақатгина 5-6 та давлат нашриётларида, йиллик режа асосида чоп этиладиган адабиётлардангина иборат эди. Барча ноширлик-матбаачилик корхоналари давлат буюртмаларини, жумладан, дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар ҳамда бошқа турдаги матбаачилик маҳсулотларини чоп этиш билан машғул бўлишди. У пайтларда бадиий асарлар кўпроқ газета-журнал саҳифаларида бўлиб-бўлиб чоп этиларди ва катта қизиқиш билан мутолаа қилинарди ҳам. Кейинчалик, 2000 йилнинг охирига келиб ноширлик йўналишида ҳам техник, ҳам ижодий юксалишлар пайдо бўлди. Турли йўналишдаги адабиётлар, ҳатто айрим китобларнинг “клон”лари, яъни ноқонуний нусхалари пайдо бўлди. Бора-бора китоб савдоси билан шуғулланувчилар ноширликни ҳам касб қилишди. Аксинча, нашриёт-матбаа корхоналари эса ўзининг тармоқли китоб савдо дўконларига эга бўлди. Назаримда, бу ўсиш 2015 йилга қадар шундай давом этдики, бу жараёнга давлатимизнинг эътибори ҳам юқори бўлгани туфайли, ахборот-кутубхона масканлари, ўқув муассасалари, ҳатто давлат корхоналари кутубхоналариям китобларга тўлиб-тошди. Эски адабиётлар ўрнини янги адабиётлар эгаллади. Бу орада ижодкорлар ўз асарларини тўплаб, нашриётида нусхаларини кўпайтириб, ўзининг китоб савдоси тармоғида сотиш даражасига ҳам етди.

– Демак, нашриёт-матбаа йўналиши тадбиркорлик субъектига  айланибди-да, шундайми?

– Айнан шундай. Мен ҳозирда машҳур айрим ёзувчи ёки шоирлар ўша пайтларда ўз китобининг улгуржи нархларда сотилган пулини дўконма-дўкон йиғиб юрганини кўрганман. Ижодкорлар матбаа корхоналарининг йирик буюртмачисига айланганининг шоҳидиман. Ҳатто рулон-рулон қоғозларни тонналаб сотадиган фирмаларда ижод аҳли вакилларини учратиш мумкин эди. Ноширчилик ўзига хос тармоқли ёки оилавий бизнесга айланиб улгурганди. Ижодкорлар китоб дўконларида сотувчилар билан суҳбат қуриб, ўзига хос мониторинг ишларини амалга оширарди. Китоб дўкони эгаларидан маълум бир йўналишда асар ёзиш буюртмасини олишарди, десам ишонмассиз.

– Ўша китобларнинг барчаси ҳам халқимизнинг маънавий мулки бўлиб қолди, дея оласизми?

– Афсуски, йўқ. Мен ҳозир нашриёт-матбаа йўналиши маҳсулот тури ва ҳажми жиҳатидан қандай ривожланганини таърифлашга уриндим. Аммо унинг сифати, жамиятга ижобий таъсири, яъни бу жараёнларнинг самараси – бошқа масала. Кутубхонани ёки уйимиздаги китоб жавонини китобга тўлдирганимиз – юксак маънавиятли, маърифатли бўлиб қолганимизни билдирмайди. Асло! Ҳозирда кўпгина китоблар фақат безак учун ишлатилади. Кутубхоналар ҳисоботларга китоб сони-ю жанрлар хилма-хиллигини қайд этишда керак. Китоблар ҳозирда ижтимоий тармоқда ақлли гап айтиш учун орқа фон вазифасини бажаради. Мактаб кутубхонаси – фақат тадбирда ёки комиссия келганда фойдаланиладиган масканга айланганига кўникиб бўлдик деярли.

2015 йилларга келиб электрон ахборот технологиялари ривожи, айниқса, биз “мобил қурилма” деб атайдиган гаджетларнинг ихтироси нашриёт-матбаа соҳасига катта зарба бўлди. Бу табиий жараён ва дунёнинг барча нуқтасида кузатилган ҳолат. Ахборотнинг электрон ташувчиси – қоғоз ташувчисини қисқа давр ичида “синдирди”. Минглаб кишилар ишлайдиган давлат тасарруфидаги йирик нашриётлар том маънода ҳувиллаб қолди ва айни пайтда давр синовидан ўтган маҳсулотларнинг қайта нашри ҳамда давлат буюртмаси ҳисобига зўрға жон сақлаб туришибди. Юзлаб-минглаб очилган хусусий нашриёт-матбаа корхоналари ичида ҳам саноқлилари бу рақобатдан омон чиқди. Аксинча, ўз йўналишини топганлари гуркираб ривожланмоқда. Ўзининг ҳам қоғоз, ҳам электрон ахборот ташувчилардаги маҳсулотларини мижозларига сотиб, мамлакатимиз иқтисодининг бир бўлаги сифатида фаолият юритмоқда.

– Улуғбек, нашриёт-матбаа йўналишидаги бу “ўсиш-пасайиш”лар халқимизга, хусусан,  зиёли қатламга қандай таъсир қилди?

– Аввалроқ тўхталганимиздек, 90-йилларнинг бошидаги иқтисодий қийинчиликлар кун тартибига озиқ-овқат, кундалик эҳтиёж моллари ва хавфсизлик масалаларини чиқариб, маънавий-маърифий масалалар бир четда қолиб кетгандай бўлганди. Аммо энг қийин, иқтисодий танг аҳвол ва сиёсий таҳлика даврларидаям зиёлилар китобга, адабиёт ва санъатга яқин инсонлар бўлиб қолаверишган. Шу ўринда бир нозик масалага тўхталсак. “Зиёлилар” деганда кўпчилик олий маълумотли, олим-у фузало, халқ таъбири билан айтганда, “оқ ёқа-енг”ларни тушунади. Бу нотўғри. Биз умр костюм-шимда, бўйинбоғ тақиб, нутқида “маънавият”, “маърифат”, “обод-ахлоқ” сўзлари билан бошқаларга сабоқ бериб келган киши аслида маънан қашшоқ, бадхулқ киши бўлиб чиқиши мумкин. Мен буни қирмизи пишган, сирти таранг, хуштаъм ифорли, аммо ичидан чириган олмага ўхшатаман. Ўзи деҳқон ёки оддий ишчи-хизматчи, ҳамшира ёки ўқитувчи, кийими ҳам оддий, қўли қадоқ маънан бой инсонни зиёли, деб атайман. Унинг тафаккури – қисқа лутфида, мулоҳазаси – жилмайиб бош ирғаб қўйишида, эътирози – ўткир нигоҳи-ю қош чимиришида намоён бўлади. Кўпчилик тирикчилик важида эрта-ю кеч меҳнатда, кези келганда дам олишни кайф-сафода, тўй-ҳашамда билганида ҳам, бу зиёлилар вақт-имкон топиб китоб ўқиган, газета мутолаа қилган, радио тинглаган. Ўзи ёқтирган телекўрсатувларни, фильмларини томоша қилган. Хуллас, кишининг ташқи кўринишига қараб баҳо бериш – бирламчи, унинг ички олами билан танишиш орқали ҳақиқий “мени”ни кўриш ва таниш – асл баҳодир.

– Келинг, яна маънавият, адабиёт, санъат ва маданият мавзусига қайтамиз. Ижодкор, яъни бошқалар руҳиятига, жамият овозига таъсир қилувчи куч соҳибининг ўзи маънавиятли бўлиши лозимми? 

– Шарт. Устоз Тоҳир Малик адабиётга “маънавий ҳуқуқ” номли атамани олиб кирганида 2000-йилларнинг боши эди. Кимдир адибни фантастик асарлар муаллифи, деб билади. Собиқ шўро даврида фантастика жанри қобиғига ўралган, аслида ўша пайтлар қаламга олиб бўлмайдиган тарихий-бадиий асарлар муаллифи, аслида. Кимдир адибга шуҳрат олиб келган “Шайтанат” асарини ўқиган. Аммо мен учун Тоҳир Малик панднома йўналишда беқиёс асарлар яратган ижодкор. Адибнинг “Одамийлик мулки” деб номланган йирик дидактик асари – халқимизнинг маънавий мулкига айланди, десам муболаға бўлмас. Маънавият масаласида ўз ҳаёти билан ўрнак бўла олган инсоннинг бу ҳақдаги сабоқлари жамият учун ҳали кўп йиллар хизмат қилади. Тўла ишонч билан айтаманки, устоз Тоҳир Малик кўпчиликка намуна бўлса арзигулик ҳаёт кечирди ва у кишининг ёзганлари ҳануз китобхонлар қўлида.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Бахтиёр оила” китоби ҳам маънавий адабиётнинг яна бир дурдонаси. Бу асарни диний илми у қадар чуқур бўлмаган ўқувчилар ҳам яхши англайди, севиб мутолаа қилади.

– Демак, “маънавий ҳуқуқ”и бор инсоннинг сабоқлари жамият учун таъсирлироқ? 

– Шундай. Ёки аксинча, руҳиятида мавжуд бўлмаган, сохта маънавиятни кишиларга кўз-кўз қилаётган шахс – жамият учун хавфли. Бунинг ортидан азалий қадриятлар ўз моҳиятини йўқотади ёки ўз мақомини ўзгартиради. Сохталик, кўзбўямачилик авж олади. Ножоиз жойда ножоиз ишни қилган одамнинг айбини бўйнига қўя олмаслик – одатий ҳолга айлана боради. Жамиятда шикоятбозлик, боқимандалик кайфияти кучаяди, меҳнат улуғланмайди. Алқисса шуки, маънавият масаласида тили-ю дили бошқа, ҳаёт тарзи-ю сабоқлари тамомила тескари, сиртида ялтироқ, ичидан чириб адо бўлган, ўз оиласи, ўз қариндошлари ва ҳамкасблари билан муроса тилини тополмаган “маърузачи”нинг ишлари, асарлари – бефойда. Бундай гап ва ишларнинг умри эса қисқа.

Жамиятда ҳар томонлама намуна бўлишга арзигулик инсонлар бўлиши лозим ва булар, шукрки, орамизда бор. Ва ҳеч қачон “мен ўшаман” демайди. Бир гапни кўп такрорлайман: замонавий инсоннинг “мени”ни кўрмоқчи бўлсанг, ижтимоий тармоқ саҳифасидаги “аватари”га боқ. Агар нуқул қимматбаҳо машина, қасрмонанд уй-жойлар, пул-бойлик размлари суратини жойлаштирган бўлса, билгинки, у ҳаётини бойлик топишга тиккан маънан қашшоқ киши, пулнинг қули. Агар ўзини “пардозли” камерада суратга олиб, ҳусни-ю чиройли ҳаётини акс эттирган суратлар қўйган бўлса – унга ўша гўзаллик ва унинг эътирофи, эътибор етишмайди. Аксарият ҳолларда “аватарда”ги сурат ёки видеолавҳа инсон руҳиятидаги бўшлиқни ўзи билмаган ҳолда акс эттириб қўяди.

– Демак, хулоса шуки, китобхонликка, мутолаа маданиятига электрон ахборот олиш усулларининг замонавийлашиб бориши, яъни ҳаётдан сабоқ берувчи асарлар ўрнини бошқа турдаги енгил ва қисқа ахборот эгалламоқда ҳамда бу жамият маънавиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шундайми?

– Шундай деса ҳам бўлади. Замонавий электрон қурилмалар, ижтимоий тармоқлар оммалашуви – ахборот ҳажми ва оқимини шу қадар кўпайтирдики, унинг ичида фойдали ва зарарлисини ажратиб олиш ва бу ҳақда кимгадир уқтиришнинг деярли имкони йўқ. Хўш, ечим нимада, дерсиз. Ечим – фойдали ахборотни замонавий усулда тақдим этишда. Ўз манфаати йўлида жамиятга салбий таъсир кўрсатувчи ахборотни тарғиб қилувчилар аллақачон бундай усулларни қўллашни бошлаган ва, минг афсуски, аксарият ҳолларда улар ўз мақсадига етмоқда. Яъни ёт ғоя ва унсурлардан тортиб инсон саломатлигига зарар келтирувчи маҳсулотларни ижтимоий тармоқда “танитиш-сотиш”га муваффақ бўлишмоқда.

Маънавият – кенг тармоқли ва барча жабҳага кириб борган йўналишларга эга. Таъсир кучи ҳам шундан. Савияси нисбатан паст баҳоланган бадиий асарлар ўқилмай қўйилди, “енгил-елпи” ёки “хонтахта” деб аталадиган фильмлар, саҳна асарларини томошабин хушламай қўйди. Тўғри, қайсидир авлоднинг дидини айнан шу нарсалар шакллантирганди ва унинг салбий оқибатлари ҳанузгача кўзга ташланади. Аммо халқ бундай “маънавият маҳсулотлари”дан росмана “тўйди”. Жуда ёмонларини эса давлат ўз назоратига олди ва қонунда белгиланган тартибда чоралар кўрилди. Энди халқимиз талабчан, юксак савияли бадиий фильмлар, спектакллар, китоблар, телепостановкалар кўришни истамоқда ва шу талабга мувофиқ ижодкорлар ҳам изланишда.

Бу ерда визуал, яъни кўз билан кўриб, қулоқ билан эшитадиган воситалар ютуққа чиқиб, кўз нури ва қунт талаб қиладиган китобхонлик ютқазди. Китоблар нафақат тасаввурий онгни ривожлантиради, ҳар ким миясида ўзига хос фильм тасаввур қилиб асар мутолаа қилади, балки жумла тузиш, тўғри ёзиш каби саводхонликни ҳам юксалтиради. Ҳозирда исмини ёзганда имло хатога йўл қўядиган ва ишга киришда битта аризани эплаб ёзишни билмайдиган “олий маълумотлилар” кўпайди. Ижтимоий тармоқда-ку имло хатолар билан, тиниш белгиларсиз ёзадиганлар, тил қоидаларини ҳар қанақасига инкор қилганча жумла тузадиганларнинг ахбороти, иддаолари чўққида. Ва бу нарса охирги пайт уят саналмайдиган бўлиб қолган. Маънавий дунёдаги фожиаларимиздан бири ҳам шу – саводхонлик даражаси.

Фарзандларимиз телефонининг русуми-ю ичидаги бачкана ҳазиллари билан мақтаниши ўрнига ўқиган китоби-ю, ундан олган “руҳий озуқа” билан мақтаниши – мендаги орзу. Хуллас, моҳиятни йўқотиб қўйиб, шаклбозлик билан оворамиз.

– Улуғбек, сиз ечим сифатида таклиф этаётган усул ҳақида ўйлаётиб ҳозирда ижтимоий тармоқ саҳифалари тўлиб-тошган вайнчилар кўз олдимга келди...

– Айнан шу нарса мен таклиф қилаётган усулнинг тўғрилигига ишора. Фақат вайнчилар ижтимой ҳаётдан, ҳозирда кўпроқ “кун тартибида” бўлган масалаларнинг саҳналаштирилган шаклини олиб чиқишмоқда. Биз йиллар давомида ёшлар севиб томоша қиладиган “ҚВЗ” (“КВН”), стендап чиқишлар, вайнлар, саҳналаштирилган юмористик чиқишлари билан машҳур бўлган замонавий гуруҳларни аёвсиз танқид қилдик, маънавиятга салбий таъсир кўрсатаётганда айбладик. Бу гаплардаям жон бор, албатта. Аммо танганинг иккинчи томонини таҳлил қилишдан ўзимизни тийдик.

Бозор иқтисодиётида шундай ўзгармас қонун бор, талаб – таклифларни келтириб чиқаради, таклиф – янги турдаги талабларни шакллантиради. Бу гуруҳларнинг оммалашувигаям томошабинлар сабабчи бўлди, назаримда.

Вақт ўтган сари ҳозир маълум ва машҳур “саҳналаштирилган ҳазиллар” савиясиям секин-аста юксала боради. Айни пайтда эса маънавий-маърифий йўналишида фаолият юритаётган мутахассислар айтмаётган ёки айтолмаётган жамият ва инсонлар муаммосини ўша вайнчилар-у комик қизиқчилар юмор воситасида баралла айтмоқда, яъниким жамият юзига ойна тутмоқда.

– Улуғбек, суҳбатимиз давомида маънавият масаласи жуда кенг экани ва ютуқларни эътироф қилиш баробарида муаммоларни танқид остига олиш муҳимлигини англадик. Суҳбатимиз сўнггида қандай истакларингиз бор?

– Аввало, бировга ақл бўладиган ёшда ҳам, бошда ҳам эмасман. Юқоридаги фикрлар, шунчаки ижодкор, жамият ҳаётига бефарқ бўлмаган бир шахснинг мулоҳазалари эди, холос. Гапларим эмас, илтимосларим бор. Бир ёш авлодни у ёки бу масалада танқид қилиш ўрнига уларга ўрнак бўла оладиган ҳаёт қуришимиз керак. Ва ўрнак бўлиш ҳеч қачон кўз-кўз қилиш дегани эмас. 

Болаларимиз бизнинг ойнадаги аксимиз. Ойна – ҳаётимиз. Уларга ўрнак бўлсак, ўрнак бўла олсак – энг яхши тарбия шу. Маънавият ўчоғи – оила. Соғлом оилалардан таркиб топган жамият – кучли жамият. Кучли жамият – иқтисодий, маданий-маърифий юксалиш ва фаровон ҳаётни кафолатлайдиган кучли давлат.

Илтимосим, яхши ниятим ҳам шуки, ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида одобимиз, миллий қадриятларимиз ўз аксини топсин. Жамиятда ижтимоий адолат бузилмасин. Ҳуқуқий-демократик давлат қуриш йўлидан оғишмайлик.

Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

ЎзА мухбири 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.

Манба: https://uza.uz/uz/posts/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 

>