ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
kun.uz — «Биз нефт ва газни сота олмаймиз, ўзимизга керак» — президент
  • 19.08.2023
  • 131

Президент халқимиз энергетика соҳасида қилган ишлар натижасини қишда сезишини айтди. Хомашё ва ресурслардан қўшимча қиймат яратиш масаласи муҳим эканига эътибор қаратилди.

 

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот билан кириш масаласига тўхталди.

«Сўнгги йилларда ишлаб чиқариш ҳажмини бир ярим бараварга оширганимиз, иқтисодиётимизда юқори ўсиш суръатларини таъминлади.

Бир нарсани тўғри тушуниш керак. Биз айрим мамлакатлар каби нефт-газ ресурсларини сотиш ҳисобига юқори иқтисодий ўсишни таъминлай олмаймиз. Мана шуни ҳаммамиз билишимиз керак. Бизда бундай ресурслар йўқ.

Бори ҳам - халқимиз кўпаймоқда - ўзимизга керак, четга сотолмаймиз. Биз бу [борада] кўп ишлар қиляпмиз. Худо хоҳласа, бу йил халқимиз сезади, нима ишлар қилганимизни.

Лекин яна бир марта айтаман, нефт ва газ сотиш ҳисобига юқори иқтисодий ўсишни таъминлай олмаймиз. Бизнинг „нефтимиз“ ҳам, „газимиз“ ҳам бу — сиз каби ташаббускор ва ишбилармон тадбиркорлар хомашёдан яратаётган юқори қийматли ва сифатли маҳсулотлардир. Нефтни, газни сотишга имкониятимиз йўқ, ўзимизга керак», — деди президент.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, хомашё ва ресурслардан қўшимча қиймат яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

«Сизларга ишонаман. Мана, пахтадан яратяпмиз-ку қўшимча қиймат. Катта-катта марралар оляпмиз, қолган ресурслардан, хомашёлардан ҳам қўшимча қиймат яратиш бўйича.

Масалан, каолинни олайлик. Четдан олиб келяпмиз каолин маҳсулотини. Биздан каолинни олишади ва бизга маҳсулот сифатида қайта сотишяпти. Четдан кўмир олиб келяпмиз, ўзимизнинг захирамизда эса кўмир ҳам бор, каолин ҳам бор, уран ҳам [хомашё] бор. Лекин яқин вақтларгача бу билан шуғулланмадик... Бу соҳада янги имкониятлар, воситалар, шароитлар яратилади, йирик лойиҳалар амалга оширилади», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Маҳсулотлар ташқи бозорларда сифатли, талабгорлиги юқори ва рақобатбардош бўлиши учун ишлаб чиқаришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиб, кескин ўсиш қилиш зарурлиги таъкидланди.

Халқаро майдондаги вазият ҳисобига логистика харажатлари 3-4 баравар ошиб кетганини ҳисобга олиб, давлат экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни изчил давом эттиради. Улар учун молиявий имкониятлар янада кенгайтирилади.

Логистика харажатларини компенсация қилишга қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилади. Шунингдек, маҳсулотларни хорижда сертификатлаш, халқаро стандартларни жорий қилиш ва бу борада мутахассис тайёрлашга яна 25 миллион доллар ажратилади.

«Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти» дастури жорий йилда ҳам давом эттирилади ва дастур билан қамраб олинадиган корхоналар сони 500 тага етказилади. Улар учун дастурдаги барча имтиёзлар давом эттирилади.

 

Манба: https://kun.uz/42347336

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 

>