ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
minenergy.uz — “Энергетика хотин-қизлари халқаро форуми” ўтказилди
  • 22.08.2023
  • 101

Жорий йилнинг 16-18 август кунлари Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги “Лочин” болалар дам олиш оромгоҳида “Ўзбекистон аёли – соғлом оила ва соғлом жамият тимсоли” шиори остида “Энергетика хотин-қизлари халқаро форуми” ўтказилди.

 

 

 

Форум Ўзбекистон Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши, “Ўзбекнефтгаз” АЖ хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилди.

 

 

 

Форумда Энергетика вазирлиги ва “Ўзбекнефтгаз" АЖ тизимидаги корхоналарда фаолият олиб бораётган 200 нафарга яқин хотин-қизлар, шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон, Қирқизистон ва Татаристон мамлакатларининг энергетика ва нефт-газ саноати корхоналардаги мавжуд касаба уюшма қўмиталарининг 10 нафар вакиллари иштирок этди.

 

 

 

Форумнинг асосий мақсади юртимизда ва ҳамдўст давлатларнинг энергетика ва нефт-газ соҳасида меҳнат қилаётган хотин-қизларни ўзаро фикр ва тажриба алмашиши, илмий, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришдан иборатдир.

 

 
 

 

Даставвал меҳмонларни юртимизнинг тарихи ва миллатимиз қадриятлари билан яқиндан таништириш мақсадида кўҳна ва боқий Самарқанд ҳамда сўлим Шаҳрисабз шаҳарларига саёҳат уюштирилди.

 

 
 

 

Шундан сўнг “Лочин” болалар дам олиш оромгоҳида форум иштирокчиларини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди ва форумга старт берилди. Очилиш маросимида модераторлар томонидан форум дастури ва кўзда тутилган тадбирлар ҳақида маълумотлар берилди.

Дастурга мувофиқ иштирокчиларни 10 та жамоага бўлган ҳолда юртимиздаги малакали коуч-тренерлар кўмагида “Соғлом аёл-соғлом жамият” мавзусида семинар тренинглар ташкил этилди.

 

 
 

 

Қизиқарли ва интерфаол усулларда ўтказилган семинар-тренинглардан сўнг Шўртан газ кимё мажмуасининг хотин-қизлари томонидан тайёрланган “Аждодлар мероси-гўзал атласим!” ҳунармандлар кўргазмаси ҳамда “Замонлар оша-маданий мерос” миллий фолклор намойиши бўлиб ўтди.

Иштирокчиларни илм олишга, китоб ўқишга, изланишга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Брейн ринг” интеллектуал шоуси бўлиб ўтди.

 

 
 

 

Қизиқарли ва мантиқий саволларга бой бўлган ақл чархи баҳсида Шўртан газ кимё мажмуаси хотин-қизларидан иборат бўлган 1-жамоа ва қўшни давлат иштирокчилардан иборат 10-жамоа ғолибликни қўлга киритди.

Форумнинг иккинчи кунида “Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва уларга берилаётган имтиёзлар, гендер тенглик” мавзусида семинар ҳамда мантиқий фикрлаш ва чаққон ҳаракатларни талаб этувчи квест тренинги ўтказилди.

 

 
 

 

Куннинг иккинчи қисми спорт тадбирлари билан давом этиб, иштирокчилар қувноқ спорт ва сув полоси каби спорт турларида беллашдилар.

Спорт мусобақалари якунларига кўра “Қувноқ спорт” мусобақасида "Ўзбекнефтгаз" АЖ таркибидаги корхоналарда фаолият олиб борувчи хотин-қизлардан иборат 8-жамоа, Сув полосида “Шўртан ГКМ” МЧЖ хотин-қизларидан иборат 1-жамоа ғолибликни қўлга киритди.

 

 
 

 

Шундан сўнг, Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри томонидан тақдим этилган “Замонлар оша – маданий мерос” шоу дастури иштирокчиларга янада кўтаринки кайфият улашди.

Форум якунида ташкил этилган мушаклар шоуси ҳамда гулхан атрофидаги консерт дастури иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.


“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Ахборот хизмати

Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/3199

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>