ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
gazeta.uz — «Электроэнергия тарифлари ислоҳоти Ўзбекистон молиясига ижобий таъсир қилади» — Fitch
  • 05.09.2023
  • 89

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»

Ўзбекистон бюджет кўрсаткичлари ёмонлашишининг сабабларидан бири — электр энергияси тарифлари ислоҳоти кейинга қолдирилгани, дея қайд этди Fitch агентлиги. Тўлиқ миқёсдаги энергетика ислоҳоти қанчалик узоққа чўзилса, йил охирида 5,1 фоиз бўлиши кутилаётган бюджет тақчиллиги шунчалик секин пасаяди.

Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг хорижий валютадаги узоқ муддатли кредит рейтингини «BB-» даражасида барқарор прогноз билан тасдиқлади.

Ташкилотга кўра, Ўзбекистон рейтинги бир томондан яхши ташқи ва фискаль буфер захираларини, давлат қарзи даражаси пастлигини, шунингдек, худди шундай рейтингга эга бўлган бошқа давлатлар билан солиштирганда ялпи ички маҳсулотнинг юқори ўсиш тарихини ҳисобга олади.

Бошқа томондан, «хомашё секторига юқори даражада қарамлик ва аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот томондан таркибий камчиликлар, давлатнинг иқтисодиётдаги камайиб бораётган бўлсада сезиларли даражадаги, рақобатбардош бўлмаган иштироки, шунингдек, яхшиланаётган бўлсада ҳалигача заиф ҳисобланадиган бошқарув стандартлари» кузатилмоқда.

Агентлик ҳали ҳам ҳукуматда ислоҳотлар ўтказиш мақсади жиддий эканлигини кўриб турибди. Ҳукумат асосий таркибий иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан, давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва иқтисодиётда рақобатни рағбатлантириш мақсадида имтиёзли кредитлаш ҳажмини янада қисқартириш йўлида ҳаракат қилмоқда, дейилади ҳисоботда.

Ҳукумат 2023 йил май ойида кейинга қолдирилган электр энергияси тарифлари ислоҳотини қайта бошлашни режалаштирмоқда, дея қайд этади Fitch. «Ушбу ислоҳотнинг муваффақиятли амалга оширилиши узоқ муддатли истиқболда давлат молиясига ижобий таъсир кўрсатади ва электр энергиясини тақсимловчи давлат компанияларининг шартли мажбуриятлари бўйича рискларни камайтиради», — дейилади хабарда.

Агентлик, шунингдек, сиёсий ва геосиёсий хатарларни ҳам санаб ўтган. Июль ойида Конституциянинг президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтирган янги таҳририга муфовиқ ўтказилган навбатдан ташқари сайловда президент Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонди. Ўзбекистон тартибга солиш сифати ва ҳукумат самарадорлигини ошириш орқали Жаҳон банки талқини бўйича бошқарув сифати кўрсаткичларини яхшилади, дейилади ҳисоботда.

Миллий иқтисодиёт Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар ва Россияга қарши санкциялар оқибатларига чидамлилигини кўрсатмоқда, Ўзбекистон банклари эса Ғарб санкцияларига риоя қилиш учун назорат чораларини кўрмоқда.

Агентлик қайд этишича, Ўзбекистон ҳукумати аввалгидек Россия билан яқин савдо алоқаларини давом эттиради, шу билан бирга иккинчи даражали санкциялардан қочиш мақсадида Ғарб давлатлари билан ҳам мустаҳкам алоқаларни қўллаб-қувватлайди.

Давлатнинг ташқи баланси кредит жалб қила олиш бўйича асосий ижобий омил ҳисобланади: июль ҳолатига валюта захиралари 9,4 ойлик жорий тўловларга тенг бўлди, давлат эса соф ташқи кредитор ҳисобланади. Чет элда ишлаётган фуқаролар пул ўтказмаларининг кескин ўсиши экспортнинг кучли ўсиши (асосан Россияга) билан биргаликда 2022 йилда деярли балансланган жорий операциялар ҳисобини келтириб чиқарди. 2023 йилнинг биринчи ярмида рублнинг волатиллиги бундай ўтказмаларнинг 25 фоизга пасайишига олиб келди, аммо улар тарихий стандартлар бўйича ҳали ҳам юқори ҳисобланади.

Fitch кутилмаларига кўра, жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги 2023 йилда 4,8 фоизгача ўсиши (чет элда ишлаётган фуқароларнинг пул ўтказмалари нормаллашиши ва савдо дефицитининг ёмонлашиши туфайли) ва 2024−2025 йилларда ўртача 4,7 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Бу агентликнинг март ойидаги прогнозларидан ёмонроқ ҳисобланади.

Жорий операциялар ҳисоби мамлакат тўлов балансининг асосий қисмларидан бири саналади. Бу баланс резидентлар ва норезидентлар ўртасида амалга оширилган барча операцияларнинг пул кўринишидаги қийматини акс эттиради. Яъни, мамлакатга олиб кирилган ва ундан олиб чиқиб кетилган пуллар ўртасидаги фарқни кўрсатади. Айнан жорий операциялар ҳисоби товарлар ва хизматлар экспорти ҳамда импорти, соф инвестицион даромадлар ва бошқалар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.

Ташқи ликвидлик кўрсаткичи 2023−2025 йилларда ўртача 400 фоиз атрофида бўлади («BB»нинг жорий медианаси 144 фоизни ташкил этади).

Fitch давлат ялпи қарзи (шу жумладан ҳукумат ташқи кафолатлари) 2023−2025 йилларда ЯИМнинг 37 фоизидан озгина юқори даражада барқарорлашишини кутмоқда. Йилнинг биринчи ярмида кўрсаткич 33,4 фоизни ташкил этган.

Биринчи ярим йил якунлари бўйича давлат қарзининг 91,3 фоизи чет эл валютасида бўлишига қарамай, рисклар имтиёзли қарзларнинг юқори улуши (ташқи қарзнинг 88,8 фоизи) ва сўндириш муддати узоқ экани (9,3 йил) ҳисобига юмшатилмоқда.

Агентликнинг қайд этишича, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ТТЖ, мамлакатнинг «суверен жамғармаси») маблағлари биринчи ярим йилликда қарийб 6 фоизни ташкил этган (харажатлар даромадлардан 2,5 млрд долларга кўпроқ бўлган) тақчилликни қоплаш манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Жамғарма маблағлари биринчи чоракда ялпи ички маҳсулотнинг 20 фоизи даражасида бўлган ва унинг 50 фоизи хорижий валютада ҳисобланади.

ҚҚС тушумларининг камайиши, ижтимоий харажатларнинг кўпайиши ва электр энергияси тарифлари ислоҳотининг режалаштирилган муддатга кечиктирилиши туфайли биринчи ярим йилликда бюджет кўрсаткичлари ёмонлашди.

Fitch йиллик бюджет тақчиллиги ёмонлашув томонига қайта кўриб чиқилганидан кейин 5,1 фоизни ташкил этишини кутмоқда (қонун билан 2023 йил учун 3 фоизлик дефицит режалаштирилганига қарамай). Кўрсаткич янада манзилли ижтимоий харажатлар ва субсидияларни рационализация қилиш бўйича кутилмаларни инобатга олган ҳолда 2024 йилда 4,3 фоиз ва 2025 йилда 3,4 фоизгача тушиши прогноз қилинган.

Электроэнергетикадаги субсидиялар бўйича кенг кўламли ислоҳот қанча кечиктирилса, бюджет тақчиллиги шунчалик секин камаяди, деб ҳисобламоқда агентлик таҳлилчилари.

Ташкилот биринчи ярим йилликда реал йиллик иқтисодий ўсиш 5,6 фоизни (2022 йилда — 5,7 фоиз) ташкил этганини маълум қилиб, Ўзбекистон учун яхши ўсиш истиқболларини қайд этди.

«Уй хўжаликлари истеъмоли яхши даражада бўлди, инвестициялар ва экспорт ҳам кучли натижаларни кўрсатди. Fitch 2023 йилда ўсиш 5,9 фоизга етишини, кейинчалик 5,7 фоиз атрофида барқарорлашишини кутмоқда, бу 2024−2025 йиллардаги потенциал даражадан бироз юқорироқ ҳисобланади (ҳокимият кутилмалари — 5,5 фоиз эди)», — дейилади ҳисоботда.

Банк депозитлари ва кредитларининг долларлашув даражаси йил бошига нисбатан паст бўлсада, биринчи ярим йил якунига кўра анча юқори даражада сақланиб турибди — мос равишда 44 фоиз ва 28,7 фоиз. Директив кредитлаш йилнинг биринчи олти ойида сезиларли даражада камайди ва янги кредитларнинг 18 фоизини ташкил этди (2017 йилдаги 51 фоиз эди).

Чакана кредитлашнинг йиллик ўсиши июнь ойида 54 фоизгача ошди, бироқ 2018−2019 йилларда кузатилган ўсиш суръатларидан анча паст бўлди ва уй хўжаликлари кредитларининг ЯИМга нисбати паст бўлиб, 12,4 фозини ташкил этаётган бир вақтда молия бозорининг ривожланишини етарлича акс эттиради.

Банклар яхши капитализацияга эга ва фойдали ҳисобланиб, активлар сифати яхшиланмоқда (ишламаётган кредитлар улуши биринчи ярим йилликда 2021 йилнинг учинчи чорагидаги энг юқори кўрсаткич — 5,8 фоиздан 3,4 фоизгача камайди), бироқ агентлик 2017 йилдан бошлаб, ислоҳотлар бошланган даврда берилган кредитлар муддати ўтиши билан боғлиқ рискларни кўрмоқда.

Инфляция босими омилларига келинса, инфляция Ўзбекистондаги бошқа ёндош эмитентларга нисбатан тарихан юқори бўлиб келган, бу пул-кредит сиёсати ўтказувчанлик каналларининг заифлигини кўрсатади, дея қайд этди ташкилот.

Январь-февраль ойларида инфляция даражаси 11,9 фоиздан июль ойида 8,6 фоизгача пасайган бўлсада, электр энергияси тарифларининг ошиши 2024 йилда инфляция даражасининг ўртача 13 фоизгача, сезиларли даражада ошишига олиб келади, кейинчалик 2025 йилда кўрсаткич 6,5 фоизгача пасаяди (таргет инфляция даражаси — 5 фоиз). Агентлик кутилмаларига кўра, реал фоиз ставкалари (инфляция даражаси ҳисобга олинган номинал фоиз ставкаси) прогноз горизонти даврида ижобий бўлади.

Fitch алоҳида олинганда ёки биргаликда Ўзбекистон рейтингига салбий таъсир қилувчи, унинг пасайтирилишига олиб келиши мумкин бўлган омилларни санаб ўтди:

• ташқи молиянинг сезиларли даражада ёмонлашиши, масалан, чет элдан пул ўтказмаларининг сезиларли даражада камайиши ёки савдо тақчиллигининг ошиши, бу ўз навбатида валюта захираларининг сезиларли даражада қисқаришига олиб келади;

• давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан сезиларли ўсиши ёки ҳукумат фискаль буфер резервларининг камайиши (паст темпда ўсишнинг давомли кузатилиши ёки шартли мажбуриятларнинг амалга оширилиши кўринишида).

Рейтингни яхшилаши мумкин бўлган омиллар:

• ялпи ички маҳсулот ўсиши истиқболларини мустаҳкамлаш ва макроиқтисодий барқарорликни оширишга қаратилган таркибий ислоҳотларнинг давомли амалга оширилиши.

• бюджетни консолидациялаш (харажат ва даромадларни оптималлаштириш), бу ўрта муддатли истиқболда давлатнинг қарз юкига нисбатан барқарорлигини оширади.

• бошқарув стандартларининг сезиларли ва барқарор яхшиланиши ва сиёсий хатарларнинг юмшаши.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев электр энергияси, газ ва сув нархларини эркинлаштириш ва унинг Ўзбекистонда нархлар ўсишига таъсири 2023 йил учун инфляция прогнозига киритилганини таъкидлаганди.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон энергетика соҳасидаги жорий нарх сиёсати камбағалларнинг қашшоқлашишига, бойларнинг янада бойишига олиб келмоқда. Энергетика компанияларига бозордан ташқари нархларни қўллаб-қувватлаш учун берилган миллиардлаб долларлик субсидиялар бойлар учун кўпроқ фойдалидир, дейди у.

Бундан ташқари, паст тарифлар туфайли энергетика компаниялари кўп миллиард долларлик зарар кўрмоқда.

Манба: https://www.gazeta.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>