Янгиликлар
ZO‘R~TV: Бугунги куннинг долзарб масаласи — 2023/2024 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати «Юракдан гапирамиз...» ток-шоу дастурида муҳокама этилди
  • 24.09.2023
  • 173

Бугунги кунда узилишларнинг асосий сабаби – тармоқларнинг ҳаддан ташқари эскирганлигидадир. Ёз ёки қиш фаслида уйимизда тез-тез “электр таъминотининг узилиб қолишининг сабаби айнан шунга боғлиқ. Энергетика вазирлиги Ахборот штаби тақдим этган маълумотларга кўра, юртимиздаги мавжуд электр ускуналарининг 40 фоиздан ортиғи эскирган.

 

Мисол учун, электр узатиш тармоқларининг 46 фоизи, подстанцияларнинг 51 фоизи, трансформатор пунктларининг эса 100 тадан 36 таси ўз фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган. Айнан шунинг учун қаттиқ совуқ ёки қаттиқ иссиқ бўлса, дарров қаерлардадир электр таъминотида носозликлар кузатилади. Бу эса истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

 

Охирги йилларда жуда кўп қурилишлар қилинди, янги тураржойлар барпо этилди. Халқимиз ҳаёти фаровонлашиб, кўпчилик 3-4 хонали эски уйини бузиб, кимдир икки, яна кимдир уч қаватли, камида 10-15 та хонали уй-жой қуриб олди. Бироқ ўша ҳудудларнинг аксариятида трансформаторлар, электр симлари эскилигича қолди.

 

Мавжуд муаммоларга барҳам бериш учун электр энергетика тармоғида чуқур модернизация-реконструкция ишларини олиб бориш лозим. Аммо бу жуда қийин иш. Чунки электр таъминоти узилишига тўлиқ барҳам бериш тизимли ва узоқ вақт талаб қилади.

 

Хусусан, 2030 йилга қадар юқори юкламани кўтара оладиган бир неча минг километр узунликка эга электр тармоқлари тортилади ва  қўшимча қувватларни истеъмолчиларга етказиш учун 53 та янги подстанция қурилиши белгиланган.

 

Шунингдек, жами узунлиги 6 минг 195 километрдан иборат 500 кВ кучланишли ва 3 минг 690 километр 220 кВ кучланишли электр узатиш кабеллари ҳамда умумий қуввати 26 минг 640 МВА бўлган 22 та 500 кВ кучланишли ва умумий қуввати 10 минг 650 МВА бўлган 31 та 220 кВ кучланишли подстанциялар қурилади.

 

Бундан ташқари, умумий қуввати 2 минг 918 МВт бўлган энергия сақловчи (батарея) қурилмалари ўрнатилади. Бунинг натижасида эса тармоқлардаги узилишларга тўлиқ барҳам берилади.

 

Чунки бу юмушларнинг амалга оширилиши орқали электр узатиш тармоқларининг узунлиги 90 фоиз оширилиб, умумий узунлиги 22 минг километрга, юқори кучланишли подстанциялар сони 62 фоиз оширилиб, уларнинг сони 138 тага етказилади.

 

Шу билан бирга, 2023–2030 йилларда республика ҳудудларида 0,4, 0,6, 10, 35 ва 110 кВ кучланишли тақсимловчи электр тармоқларини янгилаш ҳамда модернизация қилиш дастури бўйича 109 минг 858 километр электр узатиш тармоқларини, 52 та 35 ҳамда 110 кВ кучланишли эга подстанцияларни ва 34 минг 908 та трансформатор пунктини янгилаш режалаштирилган.

 

Бу ишлар якунига етгач, республикадаги 7,4 миллион истеъмолчининг 3,5 миллиондан ортиғида электр таъминоти яхшиланади. Бошқача айтганда, келгуси 40 йил мобайнида уларнинг электр таъминотида носозликлар билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

 

Узилишларга барҳам беришнинг ягона йўли – бутун эскирган тизимни янгилаш ва модернизация қилиш. Бунинг учун эса соҳага қўшимча маблағ киритиш зарур, аҳолини энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишга чақириш керак.

 

Электр ва газ тарифларининг ўсиши, ўз навбатида, бир томондан, тизимни модернизация қилиш учун зарур бўлган маблағларни жалб этишга ёрдам берса, иккинчи томондан, аҳолини электр энергиясини тежашга ўргатиб боради.

 

Чунки энергиядан самарали фойдаланиш йўлга қўйилмас экан, энергия манбаларини ишлаб чиқариш қанчалик кўпайтирилмасин, ортиб бораётган талабни қондириш мушкул вазифа бўлиб қолаверади.

 

Ушбу маълумотнома Энергетика вазирлиги Ахборот штаби томонидан тақдим этилган.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>