ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
gazeta.uz — «Барча АГТКШлар учун сотув нархи бир хил». Энергетика вазири айрим «заправка»лар учун имтиёзлар борлигини рад этди
  • 13.09.2023
  • 79

Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Газета.uz»

Жўрабек Мирзамаҳмудов баъзи газ қуйиш шохобчалари учун имтиёзли нархлар борлиги ҳақидаги саволга жавоб берди. Давлат етказиб берувчилари барча «заправка»ларга газни ягона нархда сотади, деди энергетика вазири.

Барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор шахобчалари (АГТКШ) учун газни улгуржи сотиш нархи бир хил. Бу ҳақда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Газета.uz»га берган интервьюсида гапириб ўтди.

10 сентябрь куни молиячи Отабек Бакиров Ўзбекистондаги «заправка»лар газни «Ҳудудгазтаъминот» ва UzGasTrade компанияларидан (2023 йилгача — «Ўзтрансгаз»дан) сотиб олаётгани ҳақида ёзганди. Унинг сўзларига кўра, «Ҳудудгазтаъминот»да нархлар қимматроқ бўлгани ҳолатида айрим АГТКШлар ёнилғини UzGasTrade`дан арзонлаштирилган нархда олади.

«Бу ерда мен кимгадир имтиёзли нархлар бор, демаган бўлардим… Бу бироз нотўғри талқин. Масалан, ҳозирда барча ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотув нархи 1000 сўмни ташкил этади. Яъни UzGasTrade ва „Ҳудудгазтаъминот“ компаниялари бошқа нархларда сотиш ҳуқуқига эга эмас ва бундай қилолмайди ҳам. 1 октябрдан нархни 1500 сўмга ошириш таклиф қилинмоқда ва унда ҳам бир хил бўлади», — деди Энергетика вазирлиги раҳбари.

Бир қанча давлат газ етказиб берувчи корхоналари мавжудлигига келадиган бўлсак, бу энергетика корхоналарининг қайта ташкил этилиши, «Ҳудудгазтаъминот», «Ўзтрансгаз», шунингдек, UzGasTrade компанияларининг ташкил этилиши билан боғлиқ, дея тушунтирди у.

«Масалан, электр энергиясини етказиб бериш бўйича барча шартномалар «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти билан тузилади. [Газ бўйича ҳам] Ҳаммаси босқичма-босқич ўтказилади. Баъзан бу АГТКШлар саноат коллекторига, магистраль тармоқларга уланганида кузатиладиган, маълум бир газ узатиш линиясига тегишли техник муаммолар ҳисобланади. У ерга «Ҳудудгаз» уланмаган, яъни «Ҳудудгаз» инфратузилмаси йўқ. Шу сабабли энди қайта уланиш бўйича иш олиб борилмоқда. «Аста-секин бу истеъмолчиларнинг барчаси «Ҳудудгазтаъминот»га ўтказилади», — деди вазир.

Газнинг амалдаги тарифи 2019 йилда ўрнатилган ва унга кўра, НКМК, ОКМК, бюджет ташкилотлари ва бошқа корхоналар учун 1 кубометр газ нархи 660 сўм, цемент ва ғишт заводлари, АГТКШлар учун эса 1000 сўм ҳисобланади.

2022 йил ёзида Kun.uz «Худудгазтаъминот»га таяниб, Ўзбекистондаги 1200 дан ортиқ газ қуйиш шохобчаларидан 350 таси газни «Ўзтрансгаз»дан сотиб олаётгани ҳақида хабар берганди. Ўшанда АГТКШлар газни 1900 сўмдан 2850 сўмгача бўлган нархларда сотаётганди.

Бугунги кунда UzGasTrade, «Ҳудудгазтаъминот» ва «Ўзтрансгаз» компаниялари акциядорлик жамияти ҳисобланади, бироқ газ олди-сотди келишувлари қандай шаклда экани кенг жамоатчилик учун ёпиқлигича қолмоқда.

Август ойида Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидаги ҳайдовчилар яна кўплаб газ «заправка»лар ёпилганидан, бунинг оқибатида ёнилғи қуйиш шохобчаларида узун навбатлар юзага келаётганидан шикоят қилганди. Энергетика вазирлиги АГТКШларга келишилган ҳажмда газ етказиб берилганини маълум қилганди ва шу билан бирга, талаб ўсаётганини тан олганди.

Энергетика вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистондаги газ «заправка»ларга кунлик лимит ҳукумат томонидан тасдиқланган ресурслар баланси ва газ тақсимоти доирасида жорий этилаётганини қайд этганди, лекин у ерда чекловларни белгилаш мезонлари кўрсатилмаган.

Манба: https://www.gazeta.uz/uz/2023/09/13/gas-stations/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>