ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: Электр узилишига қачон барҳам берилади?
  • 15.09.2023
  • 116

Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли турмуш тарзини яхшилашга қаратилган туб ўзгаришлар амалга ошириляпти. Жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида кузатилаётган бу каби шиддатли ривожланиш суръатлари, энг аввало, электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг ҳам ўсишига олиб келмоқда. Кундан-кунга аҳоли сони ошиб бораётган мамлакатимизда одамларнинг турмуш шароити, яшаш тарзи ҳам ўзгариб, мушкулини осон қиладиган маиший техника маҳсулотларига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда.

Ҳар бир яхши имконият ортида катта қийинчиликлар туришини электр энергияси соҳасида учраб турган узилишлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Сабаби, ёз ёки қиш фаслида сайловчилардан келиб тушадиган мурожаатларнинг катта қисми уйда ёки ишда тез-тез “чироқ ўчиб қолиши” билан боғлиқ мавзуда бўлади.

Мутахассислар таъкидлашича, бугунги кунда узилишларнинг асосий сабаби — тармоқларнинг ҳаддан ташқари эскирганлиги билан боғлиқ. Ишониш қийин, бироқ юртимиздаги мавжуд электр ускуналарининг 40 фоиздан ортиғи эскирган. Мисол учун, электр узатиш тармоқларининг 46 фоизи, подстансияларнинг 51 фоизи, трансформатор пунктларининг эса 100 тадан 36 таси ўз ҳаётини яшаб бўлган. Айнан шунинг учун қаттиқ совуқ ёки қаттиқ иссиқ бўлса, дарров қаерлардадир ток ўчиб қолади. Бу эса одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти.

Тармоқларнинг эскиргани туфайли ишлаб чиқарилган электр энергиясини истеъмолчига етказиб беришда ҳам йўқотишлар кўп бўлмоқда. Агар ривожланган давлатларда бу миқдор 7-8 фоизни ташкил қилса, бизда 20-25 фоизгача етади. Бу нима дегани? Айтайлик, жорий йилда 70 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Тармоқнинг эскиргани туфайли унинг 14-17,5 миллиард киловатт-соат ҳажмдагиси истеъмолчига ҳам етиб бормаяпти.

 

Йўқотилаётган мазкур 14 миллиард киловатт/соат электр энергияси эса бир ойда ўртача 200 киловатт/соат ток ёқадиган 5 миллион 833 мингтадан ортиқ истеъмолчининг 1 йиллик истеъмолига тенгдир.

Бундан ташқари, охирги йилларда жуда кўп қурилишлар қилинди, янги тураржойлар қурилди. Халқимиз ҳаёти фаровонлашиб, кўпчилик 3-4 хонали эски уйини бузиб, кимдир икки, яна кимдир уч қаватли, камида 10-15 та хонали уй-жой қуриб олди. Бироқ ўша ҳудудларнинг аксариятида трансформаторлар, электр симлари эскилигича қолди. Бундан 30-40 йил олдин битта трансформатор ҳудуддаги уйларда ёқиладиган ўртача 3-4 мингта лампочка, ҳар битта хонадон учун битта телевизор, битта чангюткич ва битта холодилник ҳисобга олиниб ўрнатилган эди. Энергия ресурслари ва мавжуд қувватларга тушадиган юкламалар ҳисобга олинмасдан амалга оширилган қурилишлар туфайли бугун ўша трансформатор 10-15 мингта лампочка, аксарият хонадонларда 3-4 та телевизор, 2-3 та холодилник, 2-3 та кондиционер, компютер, микротўлқинли печ, ноутбук, 10 тагача мобил телефонлар, чангюткич, кир ювадиган машина, идиш-товоқ ювадиган машина ва бошқа замонавий электр жиҳозларини ёқиш учун электр энергияси етказиб беришга мажбур бўляпти.

Электр энергиясидаги узилишларга тўлиқ барҳам бериш тизимли ва узоқ вақтни талаб қилади. Хусусан, 2030 йилга қадар катта кучланишни кўтара оладиган 9 минг 885 километр электр симлари ва умумий қуввати 37 минг 290 мегаватт-ампер бўлган 53 та подстансия қурилиши белгиланган. Бу ишлаб чиқарилган электр энергиясининг атиги 5-6 фоиз йўқотиш билан истеъмолчига етиб боришини таъминлайди. Натижада бугун йўқотилаётган электр энергиясининг 11-14 миллиард киловатт-соати сақлаб қолинади. Бу эса бир ойда ўртача 200 киловатт-соат электр энергияси истеъмол қиладиган 4 миллион 583 мингдан зиёд истеъмолчининг бир йиллик электр сарфига тенгдир.


Шунингдек, жами узунлиги 6 минг 195 километрдан иборат 500 киловолтли ва 3 минг 690 километрли 220 кВт қувватга мўлжалланган электр узатиш кабеллари ҳамда умумий қуввати 26 минг 640 мегаватт-ампер бўлган 22 та 500 кВт ва умумий қуввати 10 минг 650 мегаватт-ампер бўлган 31 та 220 кВт подстансиялар, умумий қуввати 2 минг 918 мегаватт бўлган энергия сақловчи (батарея) қурилмалари қурилади. Бунинг натижасида эса тармоқлардаги узилишларга тўлиқ барҳам берилади.

Шу билан бирга, 2023 — 2030 йилларда республика ҳудудларида 0,4-110 кВт кучланишли тақсимлаш электр тармоқларини янгилаш ҳамда модернизация қилиш дастури бўйича 109 минг 858 километр электр узатиш тармоқларини, 52 та 35-110 кВт қувватга эга подстансияларни ва 34 минг 908 та трансформатор пунктини янгилаш режалаштирилган. Бу ишлар якунига етгач, республикадаги 7,4 миллион истеъмолчининг 3,5 миллионтадан ортиғида электр таъминоти яхшиланади. Бошқача айтганда, келгуси 40 йил мобайнида уларнинг электр таъминотида ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Хулоса қилиб айтганда, узилишларга барҳам беришнинг ягона йўли — бутун эскирган тизимни янгилаш ва модернизация қилиш. Бунинг учун эса соҳага қўшимча маблағ киритиш зарур, аҳолини энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишга ўргатиш керак. Электр ва газ тарифларининг ўсиши, ўз навбатида, бир томондан, тизимни модернизация қилиш учун зарур бўлган маблағларни жалб этишга ёрдам берса, иккинчи томондан, аҳолини электр энергиясини тежашга ўргатиб боради. Чунки энергиядан самарали фойдаланиш йўлга қўйилмас экан, энергия манбаларини ишлаб чиқариш қанчалик кўпайтирилмасин, ортиб бораётган талабни қондириш мушкул вазифа бўлиб қолаверади.

Манба: https://aniq.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 

>