ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
kun.uz — Энергетика соҳасига бозор кириб бормаса, йилдан йилга кўпроқ товон тўлаймиз
  • 15.09.2023
  • 88

Фото: Kun.uz

Иқтисодчи Отабек Бакиров энергетика ислоҳоти зарурати ҳақида сўз юритиб, тақчиллик билан боғлиқ ҳар қандай масалани ечиш учун тўғри рағбатларни яратиш кераклигини таъкидлади. “Бугун бошласак, анча узоқ муддат кетади, лекин бу ишни эртага қолдирсак, бу аниқ – свет ҳам бўлмайди, газ ҳам бўлмайди”, дея ёзади у.

Энергетика кризиси бир кунда юзага келмаган, бунга бир неча йиллар ва хатолар сабаб бўлган. Ўзбекистонда газ қазиб олишда 2011 йилдан бери пасайиш давом этиб келяпти, электр энергияси генерациясида 2019 йилгача ўсиш бўлмаган, 2020 йилдан бошлаб эса 20 фоиз ўсиш кузатилди. Аммо бу ўсиш иқтисодий ўсиш ва аҳоли сони ошишидан ортда қоляпти. Бу ўсиш сезилмаяпти дегани.

2009 йилда газ қазиб олиш 68 млрд кубга чиққан ва бу Ўзбекистон тарихидаги энг юқори кўрсаткич бўлди. Агар Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясига қарасангиз, газ қазиб олиш ҳажмини йилига 62 млрд кубга етказиш мақсадлари қўйилган – аммо захираларнинг камайиб бораётгани бу кутилмани заифлаштиради.

 

Ортга қарасак, 2017 йилдан кейин янги сиёсат асосида Ўзбекистон олдига жуда катта мақсадлар – очиқ бозорга қараб юриш, дунё иқтисодиётига интеграция кабилар қўйилди. Буларнинг ҳеч бирини энергетика ислоҳотисиз амалга ошириб бўлмайди. Бугунги муаммолар энергетика соҳасида айрим масалаларни ечишда орқада қолиб кетганимиз сабабли юзага келмоқда.

Ҳар қандай дефицит (тақчиллик) билан боғлиқ масалани ечиш учун унга рағбат бериш керак. Нон дефицит бўлса, нон ишлаб чиқаришни кўпайтиришга, буғдой дефицит бўлса, буғдой етиштиришга рағбат қўйиш керак.

2019 йилда бажарилиши керак бўлган нархлар билан боғлиқ рағбатни ишлаб чиқарувчига, сотувчи ва сотиб олувчига бермадик. Бутун дунёда ягона энергетика бозори мавжуд эмас, минтақавий бозорлар бор. Мисол учун, Шарқий Европада битта, Ғарбда, Американинг ўзида ҳам шимол ва жанубида минтақавий бозорлар бор.

Биз ҳеч бўлмаса, ўз ҳудудимизда, постсовет ҳудудидаги бозорларда мавжуд бўлган энергия нархларига нархларимизни етказишимиз керак. Бунинг ҳисобидан биринчидан, соҳага инвестиция олиб кирамиз. Биз шу пайтгача [энергетикага] қарз олиб тикдик, инвестиция эмас. Инвесторлар ўзи қизиқиш билдириб, пул тикишни бошларди – қазиб олишга ҳам, электр энергияси генерациясига ҳам.

Яна бир муҳим нарса – ҳар қандай дефицит товарнинг нархи бозор нархидан каррасига фарқ қилса, ўзингизни уни тежашга ундамайсиз – аҳоли бўлсангиз ҳам, бизнес вакили бўлсангиз ҳам.

Бундан ташқари, асосий газ қазиб чиқарувчилар ишлаб чиқараётган газини сотиши ва кетган харажатини қоплаши, келаси йилларда газ қазиб олиш учун янги технологиялар ва янги геология-қидирув ишларига пул керак. Биз қазиб олаётган газимиз шу вақтгача инвестиция сарфланган ва етиб борилган қудуқлардан қазиб олинмоқда. Қазиб олишни оширишимиз керак, [аммо] бунга ҳам рағбат йўқ, қўпол қилиб айтганда пул йўқ. Давлатда ҳам, хусусий бизнесда ҳам пул йўқ.

Тарифларни бозорга яқинлаштирсак, фойда бўладими деб савол қўйиляпти. Бу оғир савол. Бирданига бозор мувозанатлашмайди, бирданига ишлаб чиқариш ошиб қолмайди, бирданига ташқаридан 5 млрд куб газни шартнома қилиб суғуриб ололмаймиз, бирданига бу ишни бажара олмаймиз. Қисқа қадамлар билан 1,5-2 йилда мувозанатлашамиз.

Ҳозир эса газ қазиб олишга рағбат йўқ, транспортировкага рағбат йўқ, электр ишлаб чиқаришга рағбат йўқ. Чунки бозор йўқ. Бугун бошласак анча узоқ муддат кетади, аммо сабр ҳам юпқалашган. Лекин бу ишни эртага қолдирсак, бу аниқ – свет ҳам бўлмайди, газ ҳам бўлмайди. Жисмонан бўлмайди, шунчаки ҳеч кимга бўлмайди.

Соҳа корхоналари қиёфасида биз энергетика соҳасига бозор кириб бормагани учун жуда катта товон тўламоқдамиз ва бу товон суммаси йилдан йилга ошиб бормоқда. Рақамларда акс этмаган зиённи-ку ҳеч бир қиймат билан ўлчаб бўлмайди.

Отабек Бакиров,
иқтисодчи

Манба: https://kun.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>