Янгиликлар
“Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинди
  • 25.09.2023
  • 240

Қонунга кўра, Гидротехника иншоотларининг лойиҳа кўрсаткичлари параметрларига, уларга юкламалар ҳамда таъсир кўрсатиш омилларига, шунингдек қурилишда ишлатиладиган материалларга, фойдаланиш шароитларига қараб гидротехника иншоотлари I, II, III ва IV синфларга бўлинади.

Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Гидротехника иншоотларида фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши хавфини энг кўп даражада камайтириш бўйича профилактика тадбирларини амалга ошириш уларнинг хавфсизлигини таъминлашга нисбатан қўйилган асосий талаблардан бири ҳисобланади.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари улардан шошилинч тарзда фойдаланиш мақсадида фойдаланувчи ташкилотлар томонидан олдиндан яратилади.

Гидротехника иншоотларидан фойдаланиш даврида фавқулодда вазият юзага келиши натижасида бошқа шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ва (ёки) мол-мулкига, шунингдек атроф-муҳитга зарар етказилганлиги учун фойдаланувчи ташкилотларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлашга нисбатан қуйидаги асосий талаблар қўйилади:

♦ техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлашга доир норматив ҳужжатларга риоя этиш;

♦  гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини декларациялаш;

♦ хавфлилик даражаси юқори бўлган объектлар жумласига кирувчи гидротехника иншоотларини лойиҳалаштиришга, қуришга ва улардан фойдаланишга доир фаолиятни лицензиялаш;

♦ гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан уларнинг хавфсизлик мезонларини белгилаш, гидротехника иншоотларининг ҳолатини назорат қилиш мақсадида уларни замонавий техник ускуналар билан жиҳозлаш, гидротехника иншоотларига зарур малакага эга бўлган ходимлар томонидан хизмат кўрсатилишини таъминлаш;

♦  гидротехника иншоотларида фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши хавфини энг кўп даражада камайтириш бўйича профилактика тадбирларини амалга ошириш;

♦  гидротехника иншоотларидан фойдаланиш қоидаларига риоя этиш.

Гидротехника иншоотларини бир вақтнинг ўзида (мувозий) лойиҳалаштириш ва қуриш, реконструкция қилиш тақиқланади.

Фойдаланувчи ташкилотларнинг, лойиҳа ва пудрат ташкилотларининг гидротехника иншоотларидан фойдаланиш, уларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, тиклаш ёки консервациялаш бўйича фаолияти гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши мақсадида ваколатли органлар томонидан текширилади.

Манба: ЎРҚ–865-сон Қонун, 30.08.2023-й.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>