ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: “Энергетика бозори шаффоф хусусийлаштириш орқали яратилади” — энергетик билан суҳбат
  • 17.09.2023
  • 175

Германияда фаолият юритаётган ўзбекистонлик энергетика мутахассиси Равшан Хўжанов Ўзбекистонда энергетика ислоҳоти зарурати, бунинг механизмлари ва дифференциал тарифлар бўйича хориж тажрибаси ҳақида сўзлаб берди. 

Ўзбекистонда 1 октябрдан бошлаб юридик шахслар учун янги тарифлар белгиланиб, аҳоли учун тарифлар ўзгармай қоладиган бўлди. Расмийларга кўра, бу ўзгариш инвестицияга муҳтож соҳага хусусий инвесторларни жалб қилиш ва бозор механизмларини киритишга хизмат қилади.

 

Аҳоли учун табақалашган тарифлар эса кейинги йил 1 майдан жорий этилиши. Кўплаб давлатларда амал қиладиган бу тизим уйида энг кўп энергия ишлатадиган бадавлат қатламнинг давлат ҳисобидан арзон электр ва газдан фойдаланишига чек қўяди.

Бу ўзгариш фонида юзага келаётган саволларга жавоб олиш учун Kun.uz Германияда энергетика соҳасида ишлаётган, ҳозирда Тошкентда бўлиб турган мутахассис Равшан Хўжанов билан суҳбатлашди.

— Равшан ака, сиз билан аввалроқ қилган интервюмизда энергия ресурслари давлат ҳисобидан барчага бирдек арзонлаштирилган нархда сотилиши нотўғри экани, бадавлат қатламдагилар кўпроқ тўлаши кераклиги ҳақида гапиргандингиз.

Яқинда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2024 йил май ойидан бошлаб аҳолига табақалаштирилган нархларда электр энергияси етказиб берилиши мумкинлигини айтди. Дастлаб шунга муносабатингизни билмоқчи эдим.

– Албатта, бу яхши ташаббус деб ўйлайман. Бу амалиёт анча олдин бошланиши керак эди, лекин ҳечдан кўра кеч. Кеч бошланган бўлса ҳам ўзига яраша сабаблари мавжуд. Бирданига аҳоли учун ижтимоий меъёрлар, тарифлар табақалаштирилган тарзда жорий этиладиган бўлса, шок-терапия бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун анча олдин тайёргарлик кўриб, аҳолини хабардор қилиб, турли баҳс-мунозара, учрашув, семинарлар ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади.

– Ўзи умуман табақалаштирилган тарифлар соҳага қанчалик кераклиги ҳақида батафсил маълумот бера оласизми? Бу борада хорижда қандай амалиётлар қўлланади?

– Фараз қилинг, сиз ишлаб чиқараётган маҳсулотнинг таннархи 450 сўм (энергетика вазирига кўра, 1 kWh электр энергияси таннархи 800 сўмдан ошади – таҳр.). Бу маҳсулотни 300 сўмга сотаётган бўлсангиз, 150 сўмини кимдир қоплаши керак бўлади. Бу ерда ҳам аҳолимиз учун ҳукуматимиз 150 сўм ортиқча нархини субсидия тарзида, ИЭСлар ишлаб чиқараётган электр энергиянинг умумий таннархини қоплаб беради. Албатта, бу жараён узоқ давом этмаслиги керак. Агар бу нарса давом этадиган бўлса, бир кун ўз салбий натижаларини кўрсатиши мумкин. Шунинг учун нархлар ҳар ким учун ҳар хил бўлиши керак.

Мисол учун, кўпчилик камбағаллар, нафақадагилар ёки ногиронлиги бўлган шахслар бу қиммат нархларни тўлай олмайди деб айтади. Бу ерда шуни назарда тутиш керакки, камбағал ёки кам таъминланганларнинг уйида кондиционер, музлаткич ёки катта экранли телевизорлар бўлмайди. Бу ўз-ўзидан автоматик тарзда электр энергия истеъмолини камайтиради, шу сабабли нархларни табақалаштириш керак деганда, ижтимоий меъёр киритиш ҳам айтиляпти. Бу меъёр доирасидаги нархлар субсидия ҳисобига арзонлаштирилган бўлиб қолаверади. Ижтимоий меъёрни хонадонда яшаётганлар сонидан келиб чиқиб белгилаш ҳам мумкин.

– Энергетика вазирлигининг маълумотига кўра, жами етказиб берилаётган электр энергияси ва табиий газ бўйича аҳоли хонадонлари улуши 22-23 фоизни ташкил этади. Яъни ҳар иккала ресурснинг аксарият истеъмолчилари – юридик шахслар. 1 октябрдан бошлаб юридик шахслар учун таннархга яқин нарх белгиланаётганидан келиб чиқиб, бу модернизацияга муҳтож энергетика тизимининг техник ҳолатига ижобий таъсир ўтказади дея оламизми?

– Соҳани модернизация қилиш учун катта-катта сармоялар керак, улар қаердан олинади? Ўша электр энергиясини ишлаб чиқариб, уни истеъмол қилаётган истеъмолчилардан олиш ҳисобига булар амалга оширилади.

Адашмасам, ўтган йили кам таъминланганларга қарийб 20 трлн сўм ажратилган. Буни тахминан 1,6 млрд доллар десак бўлади. Энди айтайлик, кам таъминланганлар рўйхатида турувчиларга ҳар ой 100 kWh электр энергиясини текинга бериб юборадиган бўлсак, йилига тахминан 65 млрд сўм бўлади, бу тахминан 5,5 млн долларга тенгдир. Фарқини кўряпсизми, кам таъминланганларга 100 kWh'ни текинга бериб юбориш давлатга сезиларли даражада оғири тушмайди.

Агар ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг “А”дан “З”гача бўлган харажатлари кўрсатиб берилса, ундан фойдаланувчилар ҳақиқатан “электр энергияси ишлаб чиқарилиши шунча экан, ўртача “Ҳудудий электр тармоқлари” шунча миқдорда сотиб оларкан, менга шунча миқдорда етиб келаркан”, – деса, яъни рақамларни кўрса, бунга шаффофлик билан қарашни бошлашади. Мавҳум нарсани ўйлаши, ундан шубҳаланиши мумкин. Ишлаб чиқариш нархини, қанчага сотилиши ва аҳолига етиб боришдаги рақамлар очиқланиши керак.

Адашмаётган бўлсам, охирги марта электр энергияси нархи 2019 йилда оширилган. Шундан кейин баъзи сабабларга кўра, хусусан пандемия туфайли нархлар кўтарилмади. Агар 2023 йилгача ҳар йили одатий тарзда оширилиб келганда, ҳозир электр энергияси нархи тахминан 600 сўм бўлар эди. Унинг нархи арзон бўлганидан кейин ҳеч кимда уни тежашга бўлган хатти-ҳаракат ёки рағбат бўлмайди.

Биринчи ўринда соҳага бозор механизмини жорий қилиш керак. Бунда шаффоф хусусийлаштириш ўз натижаларини бериши мумкин. Қачонки бозор механизмини жорий қилиб, кейин нархларни оширамиз, дейилса, бу нарса бўлмайди. Бир-бирини кутиш керак эмас. Хусусий инвесторлар кириб келса, ўз ҳисобидан тармоқларни модернизация қилади. Давлат корхонаси эса бор пулига қилади, ҳамма жойни ҳам қилолмаслиги мумкин.

Электр энергияси ишлаб чиқариш ва уни истеъмолчиларга тақсимлашда давлат иштироки имкон қадар кам бўлиши керак. Америка, Канада тажрибасига қарасак, уларда дифференциал тарифлар бор. Истеъмол энг кўп бўладиган соатларда нарх қиммат қилиб қўйилган, бунга сабаб – юкламани имкон қадар тўғри тақсимлаш. Кўпчилик электр энергиясидан фойдаланмайдиган соатларда эса нарх паст белгиланади. Масалан, энергияни кўп истеъмол қиладиган саноат корхоналари ишламайдиган дам олиш кунларида нархлар пастроқ қилиб қўйилса, аҳоли ҳам бунга мослашиб, кўпроқ энергия сарф бўладиган ишларини шанба ё якшанбага ёхуд куннинг электр арзон бўладиган маълум бир соатига тўғрилайди.

♦ Интервюнинг тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилинг.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи – Шоҳруз Абдурайимов.
Монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Манба: https://kun.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>