ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
uza.uz — Қарор ва ижро: Янги подстанциянинг 500 кВ кучланишли очиқ тақсимлаш қурилмаси фойдаланишга топширилди
  • 23.11.2023
  • 63

Аввал хабар берилганидек, Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида Саудия Арабистонининг “ACWA POWER” компанияси томонидан қурилаётган, қуввати 1500 мегаватт бўлган иссиқлик электр станциясининг биринчи энергоблоки ишга туширилган эди.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Урунов мазкур станциясининг қурилиши ва аҳамияти ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди:  

– Мамлакатимизнинг энергетика соҳаси, хусусан электр энергетика тармоғида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда ўнлаб йирик инвестиция ҳамда модернизация лойиҳаларининг натижаси иқтисодиёт тармоқлари ривожида акс этаётганини кўришимиз мумкин. Нафақат электр энергиясини ишлаб чиқариш, балки уни юқори кучланишли подстанция ва тармоқлар орқали тақсимловчи электр тармоқларига етказиб бериш ҳам муҳим аҳамият касб этади.  

Айнан шу каби вазифалар магистраль электр тармоқларига хизмат кўрсатувчи “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти зиммасидадир.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 августдаги ва 2022 йил 30 декабрдаги қарорларига асосан давлат-хусусий шериклиги тамойили асосида Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида қуввати 1500 мегаватт бўлган “Acwa Power Sirdarya” МЧЖ – инвестиция компанияси томонидан янги иссиқлик станцияси қурилиш ишларининг биринчи босқичи якунланди.  

Жорий йилнинг июль ойида 220/500 киловолт кучланишли “Acwa Сирдарё“ подстанциясига кучланиш берилиб, 500 киловолт кучланишли 2 та электр узатиш тармоқлари Ўзбекистон электр энергетика умумтизимига уланган. Бунинг учун “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан 14,25 км. узунликдаги 500 киловолт кучланишдаги Л-521, Л-550 тармоқларигача (кириш-чиқиш) ва 1,17 км. узунликдаги 220 кВ кучланишдаги (кириш-чиқиш) электр узатиш ҳаво тармоқларини қуриш ишлари якунланди.  

Айни пайтда биринчи энергоблоки ишга туширилган мазкур иссиқлик электр станцияси 500 мегаватт қувватда электр энергия ишлаб чиқармоқда. Йил охирига қадар иккинчи энергоблок ишга туширилиб, ишлаб чиқариш қуввати 1000 мегаваттга кўтарилади. Электр энергиясини узатиш учун майдони 30 гектар бўлган 500/220/33 киловолт кучланишли очиқ тақсимлаш қурилмаси, яъни янги юқори кучланишли подстанциясининг биринчи босқичи бугун фойдаланишга топширилди.  

220 киловолт кучланишли очиқ тақсимловчи қурилма йил якунига қадар ишга туширилиши режалаштирилган. “ACWA Сирдарё” подстанциясига замонавий электр қурилма ва жиҳозлари, ҳимоя панеллари ўрнатилган бўлиб, қурилмалар электрон дастурлар билан бойитилган. Бир сўз билан айтганда, подстанциянинг иш фаолияти рақамлаштирилган.  

Мазкур 500 киловолт кучланишли очиқ тақсимловчи қурилмаси орқали 5 та юқори кучланишли электр тамоқлари чиқиб, уларнинг биринчиси Тошкент ва Фарғона водийсини боғлайди. Иккинчиси эса Самарқанд ва Бухоро вилоятини боғлайди. Яна 2 та юқори кучланишли линиялари Сирдарё иссиқлик электр станцияси билан ўзаро боғланган. Юқори кучланишли электр тармоқларининг бешинчиси энди қурилаётган 500 киловолт кучланишли “Ҳалқа” подстанцияси билан боғланади.  

Ушбу электр тамоқларининг ишга туширилиши бошқа юқори кучланишли линияларнинг юкламасини камайтиришга ҳамда электр энергетика умумтизимининг барқарор ишлашига хизмат қилувчи муҳим омилдир. 220 киловолт кучланишли очиқ тақсимловчи қурилмасига 8 та линия уланган бўлиб, ҳозирда электр узатиш ҳаво тармоқларининг қурилиш ишлари бажарилмоқда, 220 киловолт кучланишли электр тармоқлари 2024 йилда ишга туширилади.  

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева

ёзиб олди.

Янги подстанция  Kучланиш   ACWA POWER

 

 

Манба: https://uza.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>