ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
gazeta.uz: «Биз об-ҳавонинг ҳар қандай инжиқлиги ва аномал совуққа тайёрмиз» — Ўзбекистон энергетика тизими раҳбарларининг ваъдаси
  • 25.11.2023
  • 45

Президент билан учрашувдан сўнг «Ўзтрансгаз», «Ҳудудгазтаъминот», «Ҳудудий электр тармоқлари», «Ўзэнергоинспекция» ва бошқа корхоналар раҳбарларининг қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳисоботлари тингланди. Улар энергия тизими «ҳар қандай об-ҳаво инжиқлиги ва аномал совуққа тайёр»лигини маълум қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни «Ўзбекнефтгаз» корхонасига ташриф буюриб, Ўзбекистон энергетика тизимини қиш мавсумига тайёрлаш билан танишди.

Давлат раҳбари жорий йилда энергетика тизимини такомиллаштириш учун барча манбалар ҳисобидан 14,5 триллион сўм (11,8 миллиард доллар) йўналтирилганини айтди. «Қандай хомашё, буюм, техника керак бўлса, олиб берилди. Энди соҳа раҳбарлари масъулиятни тўлиқ зиммасига олиб, аниқ режа қилиши ва энергия етказиб беришни кафолатли таъминлаши зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари билан учрашувдан сўнг «Ўзтрансгаз», «Ҳудудгазтаъминот», «Ҳудудий электр тармоқлари», «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамиятлари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

аномал совуқ, энергетика

«Ҳудудгазтаъминот» компанияси раиси Баҳодир Эшмуродов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида ўтган йилги аномал совуқлар тизимдаги камчиликларни кўрсатганини таъкидлади.

Унга кўра, бу ҳолатдан хулоса чиқарилиб, президент топшириғи доирасида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўрилди. Жумладан, 1151 километр узунликдаги янги газ қувурлари қурилиб, 752 километр газ қувурлари таъмирланди ва каттароқларига алмаштирилди, 6 минг километрдан ортиқ газ қувурлари тартибга келтирилди.

«Бундан ташқари, газ тақсимлаш шохобчаларида таъмирлаш ишлари олиб борилди. Об-ҳавони ҳар қандай инжиқ келишига тизим кечаю кундуз шай ҳолатга келтирилди. Бу куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни табиий ва суюлтирилган газ билан бир маромда таъминлаш имконини беради», — деди у.

«Ҳудудгазтаъминот» раҳбари истеъмолчилардан газ таъминоти билан боғлиқ барча саволлар бўйича корхонанинг туман бўлимлари, навбатчилик шохобчалари ҳамда 1104 ёки 71−281−18−11 телефон рақамларига мурожаат қилишни сўради.

аномал совуқ, энергетика

Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси раиси Улуғбек Мустафоевнинг айтишича, 2023-йилда энергия тизимларига 14,5 триллион сўм ажратилган. Шу вақт ичида 26 минг ишчи томонидан 30 минг километр паст кучланишли электр тармоқлари ва 10 минг трансформатор таъмирланди, шунингдек, 2500 та янги трансформатор пунктлари ўрнатилди.

Унинг сўзларига кўра, 24 соатлик иш режими ташкил қилинган, 1200 та тезкор гуруҳ тузилган.

«Ўтган йилларда қиш мавсумига тайёргарлик кўраётганимизда бизда бундай захиралар бўлмаган. 1200 га яқин трансформатор, 400 кмга яқин кабель ва бошқа электр маҳсулотлари захираси яратилган. Ҳурматли халқимиз бемалол 24 соат давомида электр энергияси билан боғлиқ муаммолар бўйича бизга мурожаат қилишлари мумкин. Тезкор гуруҳларимиз воқеа жойига бориб, амалий ёрдам кўрсатишига кафолат берамиз», — деди у call-марказ рақамлари — 1154 ва 71−207−23−76 рақамларини қайд этиб.

аномал совуқ, энергетика

«Иссиқлик электр станциялари» раҳбари Баҳодир Жўраевнинг айтишича, Ўзбекистонда электр энергиясининг 85 фоизи иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади. Ўтган йилги муаммолардан келиб чиқиб, хулосалар чиқарилиб, 15 ноябргача 52 та электр станцияси тўлиқ таъмирланди, деди у. Унинг сўзларига кўра, бу тармоқдаги қувват чекловларини 300 МВтга камайтириш имконини берди.

«Бугунги кунда 10,6 минг МВт ишлаб чиқариш қувватига эгамиз. Бизнинг имкониятларимиз кунига 240 миллион кВт/соат ишлаб чиқариш имконини беради. Бугунги кунда 342 минг тонна мазут захирасини шакллантирдик», — деди у.

Баҳодир Жўраев президент топшириғига кўра олимларни жалб қилган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш ишлари олиб борилаётганини таъкидлади. «Президентимиз томонидан декабрь, январь, февраль ва март ойларида кафолатланган электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича талаб қўйилди», — дейди «Иссиқлик электр станцияси» раҳбари.

аномал совуқ, энергетика

«Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти раиси Асқар Исоқовнинг айтишича, ерости газ омборлари «100 фоиздан ортиқ» тўлдирилган.

«Ўтган йили шу вақтда аномал совуқни кузатганмиз, газ тақчиллиги ва тизимда муаммолар юзага келган эди. Бу йил ҳар қандай аномал совуқ кириб келадиган бўлса ҳам, биз бу ҳолатга тўлиқ тайёрмиз. Омборларимизда захираларимиз мавжуд. Биз аҳолини [газ билан] узлуксиз таъминланишини таъминлашга қодирмиз», — деди у.

аномал совуқ, энергетика

«Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раиси Дадажон Исоқуловнинг айтишича, корхона 11 минг 860 километр электр тармоқлари, 84 та йирик подстанцияга эга бўлиб, давлатлар ўртасида электр энергиясини транзит қилиш ва ҳудудларга етказиб бериш билан шуғулланади.

«Ўтган йили йўл қўйилган хато ва камчиликлардан хулоса чиқариб, жорий йилнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўрганмиз. Биз подстанцияларимиз қувватини тахминан 5575 МВт га оширдик… Барча таъмирлаш ишлари якунланган. Куз-қиш мавсумида ҳар қандай фавқулодда ва бошқа вазиятларга, ҳар қандай об-ҳаво шароитларига тайёрмиз. Республикамизнинг ҳамма ҳудудларида модернизация ишларини бажарганмиз. Қиш мавсумида энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаймиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, қишда кунлик истеъмол 260 миллиондан 280 миллион кВт/соатгача ошиши кутилмоқда.

аномал совуқ, энергетика

«Ўзенергоинспекцияси» раҳбари Илҳом Неъматуллаев президент топшириғига кўра, истеъмолчиларга электр энергияси ва табиий газ етказиб беришда қатъий давлат назорати ўрнатилишига ишонтирди. «Агар истеъмолчиларнинг сўровларида кечикишлар бўлса, биз бориб, вазиятни назоратга оламиз», — деди у.

Неъматуллаев тизимни рақамлаштириш туфайли энергия тармоқларига ноқонуний уланишларни аниқлаш мумкинлигини айтди. Шунингдек, энергия тежаш масаласига катта эътибор қаратилаётгани, шу боис истеъмолчилар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилишини таъкидлади.

 

 

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аввалроқ депутатларга Тошкент ва Ўзбекистонда энергетика инқирозига йўл қўймаслик мақсадида қишга тайёргарлик қандай кетаётганини маълум қилган эди. Унинг қайд этишича, шу мақсадда қозонхоналар таъмирланиб, янги подстанция ва электр тармоқлари қурилган, мазут захиралари яратилган ва бошқа ишлар амалга оширилган.

Нуруллоҳ Ш.

>