ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
kun.uz — “Яшил” станциялар кўпаймоқда, уларнинг интеграцияси масаласи-чи? Вазир ўринбосари билан суҳбат
  • 01.12.2023
  • 56

Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари қурилиши кўпайиб бормоқда. Уларнинг умумий тармоққа интеграция қилиниши эса мукаммал тизим яратишни талаб қилади. Агар бу жараёнда хатога йўл қўйилса, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳам иқтисодий жиҳатдан, ҳам умумий тармоққа техник томонлама зиён етказиши мумкин.

Бу ҳақда Kun.uz билан суҳбатда энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов айтиб ўтди. У суҳбат давомида Ўзбекистон энергетикасида қайта тикланувчи энергия манбаларининг ошиб бораётган ўрни ва режалар, қуёш ва шамол электр станцияларини тармоққа улашдаги қийинчиликлар, бундай станцияларни қуриш бўйича тендерларда саноқли компаниялар қатнашаётгани ва қуёш панеллари бозорида рақобат бўлиши кераклиги ҳақида гапириб ўтди.

 

– Сўнгги пайтларда қайта тикланувчи йирик қувватли электр энергияси станцияларини қуриш жадаллашди. Уларнинг бир қанчаси якунланди ҳам. Ҳозирга келиб қайта тикланувчи энергиянинг жами истеъмолдаги улуши қанчага етди ва кейинги йиллар учун мақсадли кўрсаткичлар қанақа?

– Охирги бир йил ичида Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларини соҳага интеграция қилиш юзасидан жуда кўп лойиҳалар бўйича битимлар имзоланди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда энергетика соҳасида катта ҳажмдаги фотоэлектр станцияларининг ҳажми 200 мегаваттни ташкил қилади. Бу йилнинг ўзида умумий қуввати 11000 мегаваттга яқин қуёш электр станциялари ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича битимлар имзоланди. Йил охирига қадар 2000 мегаваттга яқин муқобил энергия манбалари, яъни қўшимча қувватлар ишга тушади ва уларнинг тармоқдаги улуши 10 фоиздан ошиқни ташкил қилади.

Қайта тикланувчи энергия манбаларимизнинг электр ишлаб чиқаришимиздаги улушини 2030 йилга бориб камида 30-40 фоизга етказиш режалаштирилган. 2030 йилга бориб умумий генерациямиз 40 гигаваттга етса, бунинг ичидан қарийб 20 гигаватт қайта тикланувчи энергия манбаларига тўғри келиши керак.

– Бу жараёнда интеграция деганда нима тушунилади?

Умид Мамадаминов

– Қайта тикланувчи энергия манбаларининг интеграцияси деймиз, бу уларни асосий тармоққа улаш ва тармоқ билан ҳамоҳанг ишлашини таъминлаш дегани. Қуёш ёки шамол электр станцияларини тармоққа улаган пайтимиз уларни бошқариш қобилиятига эга бўлишимиз керак. Яъни тармоқ ҳам уларни қабул қилиб олиши керак. Энергетика тизими шунақа тизимки, бунинг маҳсулоти – электр токи, у ишлаб чиқарилдими ўша вақтдаёқ истеъмол қилиниши керак. Шу сабабли унинг бошқаруви, бозори бошқа бозорлардан фарқ қилади.

Биз қуёш ва шамол электр станцияларини интеграция қилиб, масофадан туриб бошқариш тизимига эга бўлишимиз керак. Бутун система автоматлаштирилган бўлиши лозим. Ҳар битта станциямизда коммуникация, бошқарув тизими мавжуд бўлиши керак. Қайта тикланувчи энергия манбалари ўзгарувчан бўлади, кун қуёшсиз бўлганда генерация тушиб кетиши мумкин. Тизим эса тўхтамасдан ишлаб туриши керак, яъни бу жуда комплекс система бўлади. Тармоқ ақлли бўлиши керак.

– Йил давомида республика бўйлаб ижтимоий муассасаларга, давлат идораларига, корхоналарга ва аҳоли хонадонларига қуёш панелларини ўрнатиш кампаниясига гувоҳ бўлдик. Лекин бу панеллар ишлатилмаётгани, кўзбўямачилик учун қўйиб қўйилгани ҳақида гап-сўзлар юрибди. Бу ҳақда нима дея оласиз?

– Анъанавий тизимда юқоридан пастга тақсимлаш орқали истеъмолчига электр энергияси етиб борган. Янги тизимда эса истеъмолчилар томонидан ҳам ишлаб чиқариш пайдо бўлади. Шу нарсага биз мослашишимиз керак. Аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорларга ўзининг томига қуёш панелларини ўрнатиш бўйича имтиёзлар берилди. Бухорога борганимда бир корхона бутун том қисмига қуёш панелларини ўрнатганига гувоҳ бўлдим, кун давомида уларнинг истеъмоли қуёш фотоэлектр станцияларидан келгани учун корхонанинг электр энергиясига ойлик тўловлари 90 фоизга камайган. Қуёш ёз кунлари кўп чиқади, шу сабабли самарадорлик ошган. Кун давомида давлат электр энергиясини ишлатмай, ўзи ишлаб чиқарган энергиядан фойдаланади. Шунингдек, ўз истеъмолидан ортиқчасини давлатга сотиш тизими ҳам бор.

– Ўзбекистонда октябр ойидан бошлаб бизнес учун электр энергияси тарифлари таннархга яқинлаштирилди, буни Энергетика вазирлиги қуёш панелларига рағбат уйғотадиган омил сифатида кўрган эди. Аммо панеллар аҳоли ва тадбиркорлар орасида оммалашиши учун шу рағбат етарлими? Қуёш панеллари бозоридаги бугунги рақобат даражасига вазирлик қандай баҳо беради?

– Октябрдан бизнес учун тарифлар ошди, узатиш ва тақсимлаш компанияларимиз бор, улар ўзини ўзи операцион харажатларини қоплаши керак. Истеъмолчиларга энергия асл таннархидан арзонроқ, давлат субсидияси асосида берилаётганди. Нархлар ўзининг асл нархига яқинлаштирилгандан кейин корхоналар ҳам энергия тежашга ўтади. Қуёш панелларини қўйса, алтернатив энергетикадан олиб турса, тежаш мумкин. Тарифлар ошиши истеъмолчиларни алтернатив манба қидиришга мажбур қилади.

– Қуёш панеллари бозоридаги рақобат вазирликни қониқтирадими?

– Ўзбекистон бозорида охирги 2-3 йилда қуёш панелларини сотадиган ва хизмат кўрсатадиган компаниялар кўпайди. Баъзи компаниялар ўқув марказлари қилиб, бу соҳада ходимларини ўқитяпти. Бозор очиқ бўлиши керак, рақобат бўлиши керак. Шу сабабли қуёш панеллари ўрнатишда корхоналарнинг ўзининг таркибида шу ишни тушунадиган кадрлар бўлиши керак.

– Охирги пайтларда қуёш ёки шамол электр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат томонидан кафолатли сотиб олиш бўйича тарифлар очиқланмаяпти. Шу ҳақда изоҳ бера оласизми?

– 11 гигаваттга яқин шамол ва қуёш электрстанциялари лойиҳалари бўйича битимлар имзоланди. Ҳали ҳам кўп лойиҳалар жараёнда кетяпти. Нархлар бошқаларга қараганда анча паст белгиланяпти. Буни нега инвестицион лойиҳа деяпмиз? Бу ҳеч қанақа давлат кафолати остида эмас, тўғридан тўғри келиб компанияларнинг ўзи 25-30 фоиз ўз чўнтагидан сарфлаб, бошқа қисмини ўзи пул топиб келиб молиялаштиради. Аслида тендер бўлиши керак, лекин вақт қисқа бўлгани учун инвестицион лойиҳалар амалга ошириляпти. Аммо нархларни жаҳон бозори билан таққосласангиз, анча арзон. Бу лойиҳалар эртага ишга тушганда тармоққа тўғри интеграция қилиш масаласи бор. Чунки улар билан шартномамиз “take or pay” деб аталади: ё олишимиз ёки пулини тўлашимиз керак бўлади. Шу сабабли тармоққа интеграция қилиш масаласи жуда пухта ўйланиши керак.

– Суҳбатимиздан олдин қайта тикланувчи энергия манбаларининг асосий тармоққа интеграциясида айрим қийинчиликлар бўлишини айтган эдингиз.

– Қайта тикланувчи энергия манбалари ўзгарувчан манбалар ҳисобланади. Бунда энг асосий масала уларнинг прогнози. Прогноз жуда аниқ бўлиши керак. Ҳар 15 минутлик босқичда прогнозларни олиш керак. Чет давлатларда интеграция бўйича катта талаблар қўйилган, бизга ҳам шу нарса кириб келяпти. Бошқаришнинг турли йўллари бор – резерв қувватларимиз бўлиши керак. Жаҳон тажрибасига қарасак, ўзгарувчан манбалар тармоққа уланиши учун захира қувватлари бўлиши керак. Булар сақловчи қурилмалар бўлиши мумкин. Дейлик, бизда 10 гигаваттли қувват бўлса, камида 4-5 гигаваттли сақловчи қурилмамиз бўлиши керак. Қуёш ёки шамол электр станциялари тармоққа техник муаммолар олиб келиши мумкин, булар тармоқдаги частотани ўзгартириб юборади. Истеъмол ва ишлаб чиқаришдаги барқарорликни ушлаб турмасак, частота ўзгариши мумкин. Бизда 50 герц номинал қийматдан ўзгарса, бутун тизим ишдан чиқади. Муқобил энергия манбалари ўзгарувчан бўлгани учун бирданига 2 гигаватт қувват тушиб кетиш эҳтимоли бор, ўшанда буни компенсация қилиш учун сақловчи қурилмалар ўрнатиш керак.

Тизим барқарорлигини ушлаб туриш учун автоматик тизим ташкил қилишимиз керак. Умуман олганда, бу техник муаммоларни олдиндан пухта ўйлаш керак, тизим буларни қабул қилишга тайёр бўлиши керак.

Иқтисодий тарафдан қарасак, қуёш фотоэлектр тизими ишлаб турганда газ-буғ турбиналарини ўчириб туришимиз керак, булар билан ҳам шартномамиз бор, баъзи ишлаб чиқарувчиларни ўчириб турсак, ўша онда унга жарима тўлашимиз керак. Бу муаммони бартараф этиш учун узатиш ва тақсимлаш тармоқларининг концепциясини ишлаб чиқиб, кейин уларни ишга туширамиз.

Мадина Очилова суҳбатлашди.
Оператор – Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтажчи – Абдуқодир Тўлқинов. 

Манба: https://kun.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>