ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Электр ва табиий газ ўғриларига қандай чоралар кўрилади? (+видео)»
  • 09.01.2024
  • 36

Табиий газ ва электр энергиясига бўлган талабнинг ошиши тизимда очиқлик ва шаффофлик талабини ҳам қўймоқда. Айниқса, бунда таъминотчининг мазкур манбаларни етказиб беришию, истеъмолчи ундан қай даражада оқилона фойдаланиши доимий назоратда. Шу сабабли, истеъмолчи томонидан қандайдир ноқонуний ҳолатлар содир этилса, бугун бу ҳақда маълумотлар очиқ ва ошкора айтилмоқда.

Шу ўринда, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан электр энергияси ва табиий газдан самарали  фойдаланиш борасида 2023 йилда амалга оширилган ишларга эътибор қаратдик.

Айниқса, ушбу даврда мазкур “Ўзэнергоинспекция” томонидан 9 минг 446 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ошкор қилинди. Бунинг натижасида давлат ва халқ манфаатига 1 триллион 500 миллион сўм миқдорида зарар келтирилган. Шунингдек, назорат тадбирларида электр тармоқ хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналарида ноқонуний қурилган 9 минг 57 та объект аниқланди.

Хўш, мазкур ҳолатларни содир этган истеъмолчиларга қандай чоралар қўлланилади? Уларни электр тармоғидан узиш ёки зарарни қоплаш қай тарзда амалга оширилади? Назорат тадбирларида аниқланган электр тармоқ хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналарида ноқонуний қурилган 9 минг 57 та объект қай тартибда кўчирилади?  

ЎзА мухбири мазкур саволларга жавоб олиш мақсадида “Ўзэнергоинспекция” мутахассисларидан интервью олди.

Дилшод КАРИМОВ – "Ўзэнергоинспекция" нефть-газ объектларида технология талабларига риоя этилишини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи: 

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Энергетика вазирлиги ҳузурида Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ташкил этилди. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан “Ўзэнергоинспекция”нинг асосий устувор вазифалари белгиланган. Унга кўра, ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш соҳасида давлат назорати кучайтирилди. Эндиликда инспекция томонидан энергия ресурсларини ишлаб чиқаришдан бошлаб то якуний истеъмолчилар томонидан самарали фойдаланиш жараёнларида, яъни қайта ишлаш, ташиш, тарқатиш, уларни сифат ва миқдор жиҳатидан сақланиши ва таъминлаш соҳасида барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалдаги норматив, меъёрий, ҳуқуқий ҳужжатларнинг бажарилиши назорат қилинади. Шунингдек,  энергия ресурсларидан нооқилона ва ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлайди ва бартараф этади. 

Авваллари энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида назорат тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг рухсати билан амалга оширилар эди. Бугунги кунда Президентимизнинг тегишли қарори билан бу каби назорат жойига чиққан ҳолда ўтказилиши текширув ҳисобланмаслиги белгилаб қўйилди. 

Шунингдек, инспекция ходимларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича қарорлар қабул қилиш ваколати берилди. Қарорга асосан инспекцияга 357 та штат бирлиги берилган эди. Лекин соҳадаги ишларни янада самарали ташкил қилиш мақсадида қўшимча 120 штат ажратилди. Ҳозирги кунда вилоятларда ҳам инспекциянинг ҳудудий бошқармалари фаолият юритиб келмоқда. 

2023 йилда инспекция томонидан 4 мингдан зиёд истеъмолчи табиий газдан фойдаланишда қоидабузарлик ҳолатларига йўл қўйгани аниқланди. Уларга нисбатан тегишли чора кўриш учун ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди. Мазкур ҳолатлар туфайли 767 миллион метр куб табиий газ ноқонуний ишлатилган ва етказилган зарар 748 миллиард сўмни ташкил қилади. Прокуратура органларида ҳам энергетика соҳасини назорат қиладиган алоҳида бошқарма очилган. Инспекция улар билан ҳамкорликда доимий равишда назорат тадбирларини ўтказмоқда. Албатта, назорат тадбиралари ўз самарасини бермоқда. 

Ҳозирги кунда табиий газдан ноқонуний фойдаланган истеъмолчилар Жиноят кодексининг 169-моддасига асосан квалификация қилиниб, уларни қамоққа олиш чораси қонун билан белгиланган. Шунингдек, сифатсиз нефть маҳсулотлари сотадиган субъектлар ҳам жаримага тортилмоқда.

Жамшид ИНАТОВ – "Ўзэнергоинспекция" электр ва иссиқлик энергияси соҳасида назорат тадбирларини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари:

Электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб олиш, электр ҳисоблагичларни “айланиб ўтиш”, ҳисоблагичлар ишига таъсир кўрсатувчи воситалардан фойдаланиш, истеъмол қилинган электр энергияси тўғрисидаги маълумотларни қалбакилаштириш – энергетикларимиз бундай ноқонуний ҳолатларга жуда кўп дуч келадилар. Афсуски, энергия ресурсларини ўғирлаш ҳамон жиддий муаммолигича қолмоқда.

Юқорида қайд этилганидек, 2023 йилда “Ўзэнергоинспекция” томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва электр ҳамда газ таъминоти корхоналари мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида 9 минг 446 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Хусусан,  767 миллион метр куб табиий газ ва 335 миллион киловатт соат электр энергияси талон-торож қилинган. Бунинг натижасида давлат манфаатларига жами 1 триллион 500 миллион сўм зарар етказилгани маълум бўлди. Шунингдек, 1 минг 456 та маъмурий қоидабузарлик ҳолатлари аниқланиб, расмийлаштирилган маъмурий баённомалар “e-mamuriy ish” ахборот тизими орқали суд органларига юборилди.

Шу билан бирга, уй хўжаликларида электр энергиясини ўғирлаш ҳам кўп учраб туради. Бу бир қарашда тайёр фойда бўлиб кўринса-да, “ўғри” учун у охир-оқибат жуда қимматга тушади. Яширинча тармоққа уланиб олган шахс 100 минг сўм, 200 минг сўм тежаб қолар, аммо бу ҳолат фош бўлгач, жуда катта миқдорда жарима тўлашига ёки жиноий жавобгарликка тортилишига тўғри келади. Унга кўра, маъмурий жазо – базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваригача жарима, қарийб 5 миллион сўм, жиноий жазо – базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваригача жарима, қарийб 165 миллион сўм қилиб белгиланган. Шунингдек, 3 йилгача озодликни чеклаш, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ҳам кўзда тутилган. Ноқонуний фойдаланишнинг энг кўп ҳолатлари Андижон, Самарқанд, Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Шуни таъкидлаш керакки, энергетика ва назорат ташкилотлари ҳозир анча такомиллашган технологиялардан фойдаланмоқда. АСКУЭ ва АСКУГ тизимларининг ишга туширилиши, замонавий ва мураккаб воситаларнинг жорий этилиши ноқонуний ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш имкониятини ошириб юборди. Бошқача айтганда, электр ёки газдан ўғринча фойдаланиш энди аввалгидек осон эмас.

Отабек МУРАТОВ – "Ўзэнергоинспекция" рухсат берувчи тартиботлар ва давлат хизматларини кўрсатиш бўлими бошлиғи:

2023 йил давомида “Ўзэнергоинспекция” томонидан истеъмолчиларга давлат хизматларини кўрсатиш бўйича жами 10 минг 369 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари экспертизадан ўтказилди. Унгакўра, 7 минг 364 та истеъмолчининг электр қурилмалари электр тармоқларига уланди. 

Шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖга тегишли 3 минг 47 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари келишилиб, шундан 659 та объектнинг электр қурилмаси ишга тайёрлиги бўйича хулосалар берилди.

Жорий йилнинг шу даврига қадар Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан ўтказилган назорат тадбирларида электр тармоқ хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналарида ноқонуний қурилган 9 минг 57 та объект аниқланди.

Таъкидлаш керакки, ушбу муҳофаза майдонлари ҳудудида қурилган объектлар, энг аввало, инсонлар учун хавфли бўлиб, бундай қурилишлар тегишли махсус рухсатномалар орқали амалга оширилади.

Хусусан, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тасарруфидаги электр узатиш тармоқлари ҳудудида 8 минг 357 та, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ тасарруфидаги электр узатиш тармоқлари ҳудудида эса 700 та объект аниқланиб, белгиланган талаблар бўйича далолатномалар расмийлаштирилди.

Шунингдек, аниқланган 7 минг 636 та объект бўйича маҳаллий ҳокимликлар ва судларга ҳужжатлар тақдим этилган бўлиб, ушбу ноқонуний қурилишларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш юзасидан иш олиб борилмоқда. Айни вақтгача 91 та объект хавфсиз ҳудудларга кўчирилди.

Шодибек УМРЗОҚОВ – "Ўзэнергоинспекция" электр энергияси соҳасида қурилмалар эксплуатациясини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари: 

– 2023 йил давомида энергоқурилмалар таъмири, модернизацияси йўналишидаги ишлар ҳам тизимли ташкил этилди. Инспекциянинг низоми асосида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”, “Иссиқлик электр станциялари”, “Ҳудудий электр тармоқлари” ва “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятлари энергетика объектларида электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш жараёнида электр қурилмаларининг техник ҳолати ҳамда уларни ишлатишда хавфсизлик таъминланиши бўйича доимий назорат амалга ошириб келинмоқда. 

2023 йил якунига кўра, инспекция назорати остидаги “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”, “Иссиқлик электр станциялари”, “Ҳудудий электр тармоқлари” ва “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятлари тасарруфидаги корхоналар томонидан республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳани келгуси куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирларида белгиланган режали таъмирларнинг  бажарилиши ва таъмирдан эксплуатацияга қабул қилиш комиссия назоратида бўлди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги “2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари асосида ҳудудлардаги паст кучланишли электр тармоқларини модернизация қилиш ва янгидан қуриш бўйича тузилган дастурларга асосан 665 та 6-10/0,4 кВ ТПлар ҳамда 2 549,9 км. узунликдаги 0,4-10 кВли электр узатиш тармоқларида модернизация, реконструкция қилиш ва янгидан қуриш ишлари бажарилган. 

Албатта, бунда электр қурилмаларидан сифатли ва самарали фойдаланишда комиссиянинг эксплуатацияга қабул қилиш бўйича хулосаси жуда муҳимдир.


 

 

Насиба Зиёдуллаева, Аброр Содиқов (видео), ЎзА мухбири

Манба: https://uza.uz/uz/posts/elektr-va-tabiiy-gaz-ogrilariga-qanday-choralar-koriladi-video_555365

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>