ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
gazeta.uz — 1 майдан электр ва газ учун тарифларни ошириш ҳамда ижтимоий нормани жорий этиш режа қилинмоқда
  • 16.04.2024
  • 46

Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси ва газ учун тўловлар миқдори оширилади (2019 йил августидан буён илк марта). Шунингдек, энергоресурслар истеъмоли бўйича ижтимоий норма жорий этилади.

Ўзбекистонда энергия ресурслари нархларини либераллаштириш ва уларнинг истеъмолига ижтимоий нормаларни жорий этиш режалаштирилмоқда.

Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов бугун АОКАда бўлиб ўтган брифингда Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганини маълум қилди. Қарорга мувофиқ, ёқилғи-энергетика ресурсларининг 2024−2025 йилларда босқичма-босқич ўзгарадиган янги нархлари ҳамда 2024 йил 1 майдан бошлаб аҳоли учун электр-энергияси ва табиий газ бир ойлик истеъмолининг базавий меъёрлари тасдиқланди.

1 майдан бошлаб энергоресурслар истеъмоли учун ижтимоий норма қуйидагича:

• электр энергиясига — ойига 200 кВт/соатгача;

• газ (мартдан-октябргача) — 100 куб метргача;

• газ (ноябрдан-февралгача, яъни иситиш мавсумида) — 500 куб метргача.

Энергия истеъмолининг ижтимоий нормаси деганда аҳоли томонидан сотиб олишда имтиёзли тариф қўлланиладиган энергия тушунилади. Яъни, энергия маълум бир меъёргача нисбатан паст (имтиёзли) нархда сотилади ва бу меъёрдан юқори истеъмол учун бозор нархларида сотилади.

Шу санадан энергоресурслар учун нархлар ошади.

Электроэнергия

1 майдан бошлаб электр энергияси нархи истеъмолчииларнинг I ва II гуруҳлари учун ўзгаришсиз қолдирилди (1 кВт/соат учун мос равишда 1000 сўм ва 900 сўм).

Истеъмолчиларнинг III гуруҳи, шу жумладан, марказлашган ҳолда электр плиталар билан жиҳозланган кўп қаватли уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшовчи маиший истеъмолчилар учун 1 ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб ойига 200 кВт/соатгача бўлган қисмига 225 сўмдан, 201 кВт/соатдан 1000 кВт/соатгача 450 сўм, 1001 кВт/соатдан 5000 кВт/соатгача 675 сўм, 5001 кВт/соатдан 10 000 кВт/соатгача 787,5 сўм, 10 000 кВт/соат ва ундан юқори истеъмол қилган истеъмолчилар учун 900 сўмдан этиб белгиланмоқда.

Қолган маиший истеъмолчилар учун эса бир ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб ойига 200 кВт/соатгача 450 сўмдан, 201 кВт/соатдан 1000 кВт/соатгача 900 сўмдан, 1001 кВт/соатдан 5000 кВт/соатгача 1350 сўм, 5000 кВт/соатдан 10 000 кВт/соатгача 1575 сўм, 10 000 кВт/соат ва ундан ортиқ истеъмол қилувчилар учун ҳар бир кВт/соат учун 1800 сўм этиб белгиланмоқда.

Истеъмолчиларнинг VI гуруҳи учун ҳам нархлар ўзгаришсиз, яъни бир кВт/соат учун 900 сўмдан бўлиб қолади.

Табиий газ

Ноябрдан февралгача, иситиш мавсумида аҳолига етказиб бериладиган табиий газнинг бир кубометри нархи 500 куб метргача истеъмол учун 380 сўмдан 650 сўмгача, 501 дан 2500 куб метргача 1500 сўмдан, 2 501 дан 5 000 куб метргача 1950 сўмдан, 5 001 дан 10 000 куб метргача 2275 сўм, 10 минг куб метрдан юқори истеъмол учун 2 600 сўмдан этиб белгиланди.

Март-октябрь ойларида 100 куб метргача газ истеъмоли учун тарифлар 650 сўм, 101 куб метрдан 2500 куб метргача 1500 сўм, 2501 куб метрдан 5000 куб метргача 1950 сўм, 5001 куб метрдан 10 минг куб метргача 2275 сўм, 10 минг куб метрдан ортиқ истеъмол учун 2600 сўмдан этиб белигиланди.

Ҳисоблагичлар йўқ бўлганда овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун бериладиган газнинг бир куб метри 660 сўмдан 1200 сўмгача (+81,8 фоиз), иситиш учун 380 сўмдан 700 сўмгача (+84,2 фоиз) ошади.

Аҳоли учун суюлтирилган газ тарифи 1 кгга 1120 сўмдан 1600 сўмга (+42,8 фоиз) ошади.

1 июндан автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига (АГТКШ) етказиб бериладиган газ нархи 1500 сўмдан 1800 сўмга (+12%) ошади.

Яна бир нарх ошиши

2025 йил 1 апрелдан тарифлар яна ошади. Марказлашган ҳолда электр плиталар билан жиҳозланган кўп қаватли уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшовчи маиший истеъмолчилар учун тариф ойига 200 кВт/соатгача бўлган ижтимоий норма доирасида 225 сўмдан 300 сўмгача ошади, 201 кВт/соатдан 1000 кВт/соатгача 500 сўм, 1000 кВт/соатдан 5000 кВт/соатгача 750 сўм, 5000 кВт/соатдан 10 000 кВт/соатгача 875 сўм, 10 минг кВт/соатдан юқори истеъмол учун 1000 сўм этиб белгиланади.

Бошқа маиший истеъмолчилар учун 1 кВт/соат электр энергиясининг нархи ойига 200 кВт/соатгача истеъмол қилинганда 450 сўмдан 600 сўмгача оширилади, 201 кВт/соатдан 1000 кВт/соатгача 1000 сўм, 1000 кВт/соатдан 5000 кВт/соатгача 1500 сўм, 5 000 кВт/соатдан 10 000 кВт / соатгача 1 750 сўм, 10 минг кВт/соатдан ортиқ ортиқ истеъмол учун 2 000 сўм бўлади.

Охирги марта газ ва электр энергияси тарифлари 2019 йил август ойида оширилганди. Шундан сўнг расмийлар тарифларни оширишни бир неча марта кейинги қолдирди. Охирги марта 2022 йил 1 июлдан бошлаб тарифларни ошириш режаси кейинги сурилганди.

2023 йил 1 октябрдан бошлаб йирик корхоналар, бюджет ташкилотлари, компаниялар ва бошқа юридик шахслар учун электр энергияси ва газ нархлари оширилганди.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Ўзбекистон энергетика соҳасидаги жорий нарх сиёсати камбағалларнинг қашшоқлашиб, бойларнинг бойиб янада бойишига олиб келаётганини таъкидлаганди. У бозор нархларидан паст тарифларни қўллаб-қувватлаш учун энергия компанияларига берилаётган млрдлаб доллар субсидиялар асосан бойларнинг фойдасига ишлаётганини айтганди.

Бундан ташқари, паст тарифлар туфайли энергетика компаниялари кўп млрд долларлик зарар кўрмоқда.

Баходир А.

Манба: https://www.gazeta.uz/uz/2024/04/16/tariffs/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>