Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сонли «Рақамли Ўзбекистон–2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Фармонга мувофиқ қабул қилинган «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг буйруғига асосан Жамият мутахассис ходимлари малакасини оширишда энергетика соҳасида халқаро илғор технологиялар билан таништириш ҳамда миллий диспетчерлик тизимини назорат қилиш ҳамда маълумотларни йиғиш бўйича (SСADA) ва энергияни бошқариш тизими (ЕМS) жорий этилиши бўйича замонавий иш усулларини ўқитиш тўғрисидаги ижроси амалиётга татбиқ этилмоқда.
Жумладан, ПФ-6079-сонли Фармонга асосланган Жамият бошқарув раисининг буйруғида қуйидаги амалиётлар ижросини таъминлаш белгиланган:
· 2025 йилгача Жамият ресурсларини бошқариш тизимини (ERP) жорий қилган йирик хўжалик юритувчи субъектларнинг улушини 90 фоизга етказиш;
· саноат корхоналарида жорий этилаётган ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларини автоматлаштириш (ERP, MES, SCADA ва бошқалар), роботлаштириш, «Интернет буюмлари», «сунъий интеллект» каби технологияларнинг дастурий маҳсулот қисмини 2027 йилга келиб, аппарат қисмини эса 2030 йилга келиб давлат-хусусий шериклик асосида маҳаллийлаштириш;
· коммунал хизматлар бўйича ҳисоб-китобларни бошқариш учун смарт технологияларни жорий қилиш, интеллектуал сервисларни жорий қилиш ва коммунал хизматларни тартибга солиш учун «ақлли уй» тажрибасини жорий этиш кабилар назарда тутилган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси энергетика тизимида миллий диспечерлик тизимини назорат қилиш ва маълумотларни йиғиш бўйича (SСADA) ва энергияни бошқариш тизими (ЕМS) жорий этилиши режалаштирилган.
Бу ҳақда батафсил маълумотларни Жамиятнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтидан ўқиб олинг: http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/529
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси» тўғрисидаги ПҚ-4249-сонли қарорига асосан «Ходимлар тайёрлаш маркази» МЧЖнинг тугатилганлигини инобатга олиб, ходимлар малакасини ошириш ўқув муассасаси сифатида Россия Федерацияси Петербург энергетика малака ошириш институтининг қўшимча касбий таълим федерал давлат автоном ўқув муассасасининг тажрибасига таяниб, улар билан ҳамкорликда ишлаш таклифи берилди.
Дастлабки касбий малакани ошириш ўқув курслари 2020 йил 6 июль санасида (пандемия шароитидан келиб чиқиб онлайн шаклда) бошланган эди. Унда юқори кучланишли подстанцияларда меҳнат фаолияти юритаётган оператив ходимлардан иборат 15 нафар мутахассислар учун малака ошириш машғулотлари муваффақиятли ўтказилди.
Бу ҳақда батафсил маълумотлар билан Жамиятнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтида танишинг: http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/428
Дастлаб ўқув курсларида ўз малакасини оширган «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг ёш муҳандислари, масалан муҳандис Нурлан Умбетов, Россия Федерацияси Петербург энергетика малака ошириш институтининг қўшимча касбий таълим федерал давлат автоном ўқув муассасасининг маърузаларидан келиб қиққан ҳолда ўзларининг илмий мақоласини чоп этди.
Бу ҳақда батафсил маълумотлар Жамиятнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтида: http://uzbekistonmet.uz/ru/lists/view/438
Айни пайтда ҳам юртимизда карантин қоидалари юмшатилганича йўқ. Ҳозирги пандемия шароитида масофадан мулоқот қилиш мақсадга мувофиқ деб топилган ҳолда ўқитишни жорий этишда вебминар ташкиллаштирилиб, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ филиаллари раҳбар-ходимлардан иборат 20 нафарининг ўқитилиши режалаштирилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Россия Федерациясининг Петербург энергетика малака ошириш институтининг қўшимча касбий таълим федерал давлат автоном ўқув муассасаси билан ҳамкорликда мутахассис-ходимларни ўқитишни ташкил этиш бўйича «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида қуйидаги амалиётлар ижро этилиши назарда тутилган:
· Жамиятнинг Ходимлар билан ишлаш бошқармаси ҳамда устоз-шогирд анъаналарига мувофиқ иш юритадиган Устозлар гуруҳи Ҳамдўстлик мамлакатлари мутахассислари билан доимий равишда алоқа ўрнатиб, энергетика соҳасидаги ривожланган мамлакатлар тажрибаси ва малакасини ўрганган ҳолда соҳа мутахассисларини қайта тайёрлашда янги кириб келаётган технология ва қўлланма намуналарини татбиқ этилади, шу билан бирга, кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ бир қатор вазифаларнинг ижроси таъминланади;
· ўқитилиши режалаштирилаётган ходимлар малака ошириш курсларини тугатганларидан сўнг мутахассислиги бўйича сертификатлар тақдим этилади;
· «ENERGO-IT» филиали томонидан вебминар жараёнини узлуксиз ва сифатли алоқа билан таъминланади;
· Ахборот хизмати томонидан мутахассис ходимлар малакасини оширишда амалга оширилаётган истиқболли ишлар мавзусини Жамият веб-сайти ва ижтимоий тармоқдаги саҳифалари, шу билан бирга, етакчи ОАВ ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси каналларида кенг ёритилишини таъминланади;
· Устозлар гуруҳи томонидан энергетика соҳасидаги ривожланган Ҳамдўстлик мамлакатлари мутахассислари билан фикр алмашган ҳолда ҳамкорликда ўқитиш жараёни кузатиб борилади ва малака ошириш курсларининг самарадорлиги баҳоланиб борилади.
Эътиборингизга Россия Федерацияси Петербург энергетика малака ошириш институти ректори, профессор Александр Николаевич Назаричёвнинг мурожаатини ҳавола этамиз:
Ассалому алайкум, азиз ҳамкасблар! Сизларга Россия Федерацияси Петербург энергетика малака ошириш институтидан салом йўллайман. Ўзимни таништиришимга ижозат беринг: институт ректори — профессор Александр Назаричёв. Сизларга ўзаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган ўқув курсларининг аҳамияти ҳақида икки оғиз ўз фикримни билдириб ўтмоқчиман.
Ўтган йили биз ҳурматли Дадажон Айнақулович билан учрашиб, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ҳамда Петербург энергетика малака ошириш институти ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган эдик. Мана, ҳамкорлигимизнинг навбатдаги босқичи арафасида турибмиз. Икки томонлама ҳамкорлигимиз ўзаро самарали давом этаётганидан мамнунман.
Бугунги тезкор даврда иқтисодиётни рақамлаштириш кун тартибидаги долзарб вазифалардан бири бўлиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Бу ҳақда ҳукуматлараро учрашувларда Россия Федерацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти рақамлаштириш жараёнидаги ҳамкорликнинг икки давлат стратегик шериклигида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаб ўтгандилар. Дарҳақиқат, энергетика соҳасида, хусусан электр энергетикаси тармоғида, умуман олганда, электр энергиясини ишлаб чиқаришдан тортиб то истеъмол қилинишигача бўлган барча жараёнларда рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш — давр талаби! Мухтасар айтганда, энергетика соҳасининг асосий хусусиятлари: таъминотнинг барқарорлиги ҳамда ишончлилиги, ишлаб чиқаришда хавфсизлик ва ривожланаётган замонавий дунё талабларига мос самарадорлик. Ва албатта, мазкур жараёни IT-технологияларсиз, интернетсиз, электр тармоқларини замонавий муҳандислик топилма-ечимларига мувофиқ моделлаштиришсиз тасаввур этиш мумкин эмас.
Шу боис, мен сиз азизларга «IT-технологиялар ва рақамли трансформацияларни жорий қилиш шароитида электр узатиш линиялари ҳамда подстанция электр ускуналарини эксплуатация қилиш» деб номланган дастур бўйича ўқув курсларини давом эттиришни таклиф этаман. Ушбу дастур ўз ичига қуйидаги масалаларни қамраб олади:
· Операцион диспетчерлик назорати;
· Рақамли трансформация ва энергия бозорларини ривожлантириш шароитида электр тармоқларини тезкор диспетчерлик назоратини ташкил этиш;
· Ахборот технологиялари асосида ишлашга йўналтирилган тарқатиш тармоқлари ва электр узатиш магистрал тармоқлар учун замонавий электр жиҳозлари;
· Автоматлаштирилган диспетчерлик бошқарув тизимлари ва подстанциялар учун жараёнларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимлари;
· Саноатнинг рақамли трансформацияси шароитида рақамли подстанция тушунчаси;
· SKADA тизимларининг тезкор ахборот комплекслари;
· Электр тармоқларини рақамлаштириш шароитида подстанциялар ва ҳаво линияларининг электр жиҳозларини уларнинг техник ҳолатига қараб таъмирлашни ташкил этиш;
· Замонавий реле ҳимояси ва автоматлаштириш жараёнининг замонавий қурилмалари.
Албатта, ушбу мавзулар қамраб олинган дастурдаги билимларни ўзлаштириш билан замонавий рақамли технологияларига ўтиш жараёни тугаб қолмайди... Аммо, шунга қарамай, бу масалалар бугунги кунда Россия Федерациясида ҳам, Ўзбекистон Республикасида ҳам электр таъминотининг ишончлилиги ва хавфсизлигини кафолатлайдиган амалиёт сари етаклайди.
Ишонтириб айтаманки, санкт-петербурглик ўқитувчи-мураббийлар, энергетика соҳасининг ҳам назарий, ҳам амалий билимларига га етук мутахассислар сифатли ва самарадор ҳамкорлик учун барча имкониятларни ишга соладилар. Пандемия шароитда масофадан туриб ўтказиладиган онлайн ўқув машғулотлари соҳанинг тараққиёти ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун хизмат қилади, деган умиддаман.
Барчага саломатлик тилайман.
Хайр!
Эътиборингиз учун ташаккур!
Батафсил маълумотлар Жамиятнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтида: http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/538
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сонли «Рақамли Ўзбекистон–2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг ижроси бўйича «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида олиб борилаётган ишлар ҳақида Жамиятнинг uzbekistonmet.uz веб-сайти орқали батафсил маълумотлар бериб борамиз.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
Каналга аъзо бўлинг!
Ахборот 24 | Электр тармоқлари тизимида рақамли иқтисодиётга ўтиш