Янгиликлар
САВОЛ-ЖАВОБ: «Юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари остидаги ер майдонларининг ҳимоя зонаси»
  • 10.07.2024
  • 26

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги топшириғига биноан 2021 йил 11 май куни ўтказилган ва онлайн эфирга узатилган брифинг савол-жавоблари эътиборингизга такроран ҳавола этилмоқда.

1-САВОЛ:

Юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари остидаги ер майдонларининг ҳимоя зонаси неча метр қилиб белгиланган?

ЖАВОБ:

❗️ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидалари тўғрисида”ги 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сонли қарорига асосан юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари учун муҳофаза зонаси белгиланган. Ушбу муҳофаза зонаси электр узатиш тармоғи бўйлаб четки симларидан ҳар иккала томонга вертикал текислик билан чегараланган ер майдони ва ҳаво бўшлиғидан иборат. Кучланиш катталигига қараб муҳофаза зоналари қуйидагича ва ушбу майдонда уй, бино, иссиқхона ва ҳоказолар қурилиш ишларини олиб бориш тақиқланади.

• 500 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари — 30 метр;

• 220 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари — 25 метр;

 • 110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари — 20 метр;

• 35 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари — 15 метр.

2-САВОЛ:

Юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари муҳофаза зоналаридаги ер майдонларида деҳқончилик қилиш мумкинми?

ЖАВОБ:

❗️ Электр узатиш тармоқларига зарар етказмаган ҳолда, таянч устунлари ости сув билан ювилишига (юмшатилишига) йўл қўймасдан, таянч танаси ва таркибий қисмларига таъсир кўрсатмай фаолият юритилишига йўл қўйилади. Бунда таянч устуни танаси ёки фундаментидан ташқи томонга камида 1,5 метр масофадаги ер майдони таянчнинг доимий фойдаланишга ажратилган ер майдони ҳисобланиб, бу майдонда ерга (тупроққа) ишлов бериш тақиқланади. Шунингдек, техника ва бошқа мосламалар билан ишлаганда электр узатиш тармоғи симларига яқинлашиш хавфини ёддан чиқармаслик лозим. 

3-САВОЛ:

Юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари атрофидаги ер майдонларида боғдорчилик ишларини олиб бориш мумкинми?

ЖАВОБ:

❗️ Амалдаги қоидаларга асосан электр узатиш тармоқларининг муҳофаза зонасида дарахт ва буталарни экиш ҳамда кесиш ушбу тармоқларга хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг розилиги билан амалга оширилиши мумкин. Бунда экин турига қараб электр узатиш тармоғи симларига яқинлашиши чегаралари белгилаб берилади. Дарахт шохларининг электр токи ўтказувчи қисмларга яқинлашиши ҳаво орқали қисқа туташувга олиб келиши хавфини туғдириши мумкин.

4-САВОЛ:

Юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ва подстанциялар яқинига уйлар (чайла, омбор, ҳовуз, шийпон биноси ва бошқа қурилма ҳамда иншоотлар) қуриш мумкинми?

ЖАВОБ:

❗️ - техник қоидалар, нормалар ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ яратилган (қурилган) электр тармоғи хўжалиги объектларига юриб ўтиш ва транспорт воситасида ўтиш жойларига ҳар қандай объектларни, предметларни (материалларни) жойлаштириш, шунингдек, электр тармоғи хўжалиги объектларига кириш йўлларини барпо қилмай туриб, бундай киришларга халақит берувчи ҳар қандай ишни амалга ошириш ва иншоотлар барпо этиш;

 - болалар ва спорт майдончаларини, стадионларни, бозорларни, савдо шохобчаларини, дала шийпонларини, моллар учун қўраларни, ҳар қандай турдаги машина ва механизмлар учун гаражлар ва тураржойларни жойлаштириш, ўрнатилган тартибда рухсат этилган ишларни бажариш билан боғлиқ бўлмаган ва кўплаб одамлар йиғилиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай тадбирларни ўтказиш (электр узатиш ҳаво линияларининг муҳофаза зонасида);

- ахлатхоналарни жойлаштириш;

- зарба берувчи механизмлар билан ишларни амалга ошириш, массаси 5 тоннадан ортиқ оғирликларни ташлаш, емирувчи-коррозияловчи моддаларни ва ёқилғи-мойлаш материалларини ташлаш ва қўйиш (электр узатиш тармоқларининг муҳофаза зонасида) тақиқланади!

Асос: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидалари тўғрисида”ги 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сонли қарорининг 3-боб, 15-банди.

5-САВОЛ:

Ҳоким қарорлари билан юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари остида яшаш учун уй-жой ажратилиб, бино ва иншоотлар қурилган бўлса, уларни бузиш учун компенсация қандай тўланади?

ЖАВОБ:

❗️ Юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари остида уй-жой қуриш ноқонуний ҳисобланади ва тегишли тартибда бузилади. Агарда қурилган уй-жойлар олдидан лойиҳа асосида юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ўтказиш керак бўлган пайтларда бузиладиган уйлар учун ўрнатилган тартибда компенсация тўланади.

6-САВОЛ:

Юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари остидаги ер майдонларидан қандай ҳолатларда фойдаланиш мумкин ва бунга ким томондан рухсат берилади?

ЖАВОБ:

Қишлоқ хўжалиги экинлари экишга мўлжалланган ерларда электр тармоғи хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш ва таъмирлаш ишларини олиб боришга (аварияни тиклаш ишларидан ташқари), қоидага кўра, ушбу ерлар қишлоқ хўжалиги экинлари билан банд бўлмаган пайтда рухсат берилади.

Асос: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидалари тўғрисида”ги 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сонли қарорининг 4-боби.

Юқоридаги савол ва жавоблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли норматив ҳужжатлари ҳамда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш ва стратегик ривожлантириш бош бошқармаси маълумотлари асосида тайёрланди.

 

Улуғбек Урунов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

✅ АЗИЗ ФУҚАРОЛАР, ҲУРМАТЛИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАР!

❗️ Жамиятнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтида Ўзбекистон Республикасининг харитаси шаклида инфографика маълумотнома-жадвали жойлаштирилган бўлиб, қайси ҳудудни белгиласангиз, ўша ҳудуддаги Магистрал электр тармоқлари филиали ҳақидаги маълумотларни олиш имкониятингиз пайдо бўлади. Маълумотномада телефон рақамлари ҳам кўрсатилган бўлиб, мутахассислар сизни қизиқтирган саволларга жавоб беришади.

Мавзуга тааллуқли бошқа маълумотлар (мақолалар)

 

⇒ ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИДАГИ УЗИЛИШЛАР: ОДДИЙ НОСОЗЛИКДАН ОҒИР ОҚИБАТЛИ ФОЖИАЛАРГАЧА http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/698

 

«...2021 йил 21 январь куни соат 09:37 да Тошкент вилояти, Пискент тумани, Гулистон МФЙда яшовчи фуқаро Н.М.нинг нотўғри ва ноқонуний хатти-ҳаракати оқибатида юқори кучланишли электр тармоғида носозлик келиб чиққан... Аниқроғи, фуқаро «Тошкент магистрал электр тармоқлари» филиали балансида бўлган 500 кВ кучланишли Л-502-ҳаво тармоғининг 148–149-сонли таянчлари оралиғидаги электр узатгичнинг муҳофаза ҳудудида жинғир дарахтини ёққани туфайли электр узатиш ҳаво тармоғида носозлик рўй бериб, тармоқ орқали электр энергияси билан таъминланадиган ҳудудда маълум муддат узилишлар содир бўлган.

Тармоқдаги носозлик автоматик тарзда маълум бўлгач, «Тошкент МЭТ» филиали ходимлари ҳолат юзасидан жойига чиқиб, авария ҳолатини бартараф этиш чораларини кўришди. Носозлик сабаблари аниқланиб, фуқаронинг ноқонуний хатти-ҳаракати юзасидан далолатнома тузилди ҳамда тегишли тартибда тушунтириш ишлари олиб борилди.»

ТОИФАЛАНГАН САНОАТ КОРХОНАЛАРИДАГИ АВАРИЯВИЙ ҲОЛАТЛАРГА КИМ АЙБДОР? http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/391

 

«...2020 йил 4 июнь куни соат 12:31 ва 12:33 ларда Жиззах вилоятидаги «Жиззах магистрал электр тармоқлари» филиали балансида бўлган 220 кВ кучланишли «Зарбдор-Сарбозор» ҳаво тармоғида қисқа муддатли ўчиш содир бўлган. Сониянинг кичик бўлаклари ичидаги лаҳзаларда давом этадиган қайта уланиш жараёни икки дақиқа ичида икки марта содир бўлиб, техник-муҳандислик таъбири билан айтганда, автоматик қайта уланиш ҳолати рўй берган.

220 кВ кучланишли «Зарбдор-Сарбозор» ҳаво тармоғида қисқа муддатга кучланиш йўқолиши оқибатида Жиззах вилоятидаги баъзи истеъмолчилар, шу жумладан «Ўзтрансгаз» АЖ, «Навоий тоғ-кон металлургия комбинати» АЖнинг тоифаланган объектларида қисқа муддатли узилишлар содир бўлган. Бир сўз билан айтганда, қисқа туташув оқибатида қайта уланиш — йирик газ компрессорлари ва сув насослари, босқичли конвейерларга эга саноат корхоналарининг режали ишлари бир неча соатга тўхтаб қолиши демакдир!

Авариявий қайта уланиш ҳолатининг сабаблари ўрганилганда, 220 кВ «Зарбдор-Сарбозор» ҳаво тармоғининг 21- ва 22-рақамли таянч устунлари оралиғидан «Шавкатбек лалми даласи» фермер хўжалигига қарашли 10 кВли электр электр тармоғи қуриб ўтказилганлиги аниқланди. Ўрганиш жараёнида яна шулар маълум бўлдики, ушбу 10 кВли ҳаво тармоғини мавжуд қоидаларга хилоф равишда, лойиҳа-смета ҳужжатларини тегишли корхоналар билан келишмаган ҳолда ўзбошимчалик билан қуриб олган. Натижада 220 кВ «Зарбдор-Сарбозор» ҳаво тармоғининг 21- ва 22-рақамли таянч устунлари оралиғидан кесишиб ўтган нисбатан паст кучланишли электр тармоғининг юқори фазаси симлари орасидаги масофа яқинлашиши оқибатида қисқа туташув содир бўлган.

Ушбу ҳолат келгусида такрорланмаслиги учун «Ўзэнергоинспекция» Жиззах вилояти ҳудудий бўлими вакиллари билан биргаликда тегишли далолатнома расмийлаштирилди.»

⇒ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ТАЪМИНОТИДАГИ УЗИЛИШЛАР — ИСТЕЪМОЛНИНГ ОРТИШИ ТУФАЙЛИ ЮЗАГА КЕЛАДИ http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/582

«...Электр энергияси таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаби — ҳаво ҳароратининг совиб кетиши натижасида электр энергияси истеъмолининг кескин ортиб кетиши туфайли юзага келади. Шу билан бирга, қисқа муддатли узилишлар тизимдаги катта аварияларнинг олдини олишга имкон беради.  Бунинг сабаби шундаки, ҳар қандай энергия тизимида унинг барқарор ишлаши учун ҳар қандай вақтда (миллионсекунд) истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия мувозанати (баланси) таъминланиши муҳим.»

⇒  ХАВФСИЗЛИК ТЕХНИКАСИ МАСАЛАСИГА БЕПАРВОЛИК, ЛОҚАЙДЛИК ВА ЭЪТИБОРСИЗЛИК — ЭНЕРГЕТИКЛАРНИНГ БИРИНЧИ РАҚАМЛИ ДУШМАНИ http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/349

 

«...Афсуски, баъзи соҳа ташкилотлари масъуллари ҳаёт ва техника хавфсизлиги масаласига жиддий эътибор билан қарашмайди. Бу ҳолатни электр энергияси таъминотида бевосита иштирок этувчи ишчи-ходимларнинг хатти-ҳаракатларида ҳам кузатиш мумкин. Бундай совуққонлик инсон ҳаётига хавф солиб, таъминот барқарорлигига путур етказиши ҳеч гап эмас. Демак, хавфсизлик техника масаласига бепарволик, лоқайдлик ва эътиборсизлик энергетикларнинг биринчи рақамли душмани ҳисобланади.»

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>