Янгиликлар
2021 йилда Тожикистон билан узилган 64 км электр линия қайта тикланади, лойиҳа қиймати 14,7 млн доллар
  • 17.03.2021
  • 601

  Президент Шавкат Мирзиёев 15 март куни Қашқадарё вилоятида ҳамда республика сув таъминоти, электр энергияси етказиб бериш соҳаларида жорий йилда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

  Юзага келаётган электр энергиясидаги етишмовчиликларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон ва Тожикистон энергетика тизимида ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Яъни аҳолининг электр энергияси истеъмоли ортган вақтда юзага келадиган талаб шу орқали қондирилади. Энергетика тизимида бажариладиган бу лойиҳа учун жами 14,7 млн доллар маблағ йўналтирилади.

  Тақдимотда иштирок этган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раиси Дадажон Исақулов Тожикистон билан узилган электр линияси 2021 йилда қайта тикланаётгани ҳақида гапирди.

                                       

  «Ҳозирги кунда Ўзбекистон энергетика тизими Тожикистон билан параллел ишламайди. Ўртада 64 км линиямизни бир пайтлар демонтаж қилиб олган эдик. Энди шуни қайта тиклаяпмиз. Тожикистонда сувдан олинган электр билан кечки максимумларни қоплашга ва Тожикистон билан параллел ишлаш учун қулай шароит яратади.

  64 км линияни қуриб битиришга 14,7 млн доллар сарфаланади ва Тожикистоннинг Регар станцияси билан ўзимизнинг Сурхон подстанциясини боғлаймиз», – дея жорий йилги режалар ҳақида маълумот берди «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раиси Дадажон Исақулов тақдимот пайтида.

 

https://kun.uz/news/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>