ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
2021 йил 4 июнь куни электр тармоғида содир бўлган носозликнинг тўлиқ тафсилотлари маълум бўлди
  • 05.06.2021
  • 379

  Жорий йилнинг 5 июнь куни турдош ташкилот — «Иссиқлик электр станциялари» АЖ нинг расмий ies.uz веб-саҳифаси ва телеграм каналида ««Иссиқлик электр станциялари» АЖ: расмий баёнот» номли маълумотнома эълон қилинган эди.

   https://tpp.uz/uz/post/issilik-elektr-stanciyalari-aj-rasmiy-baenot

  Дарҳақиқат, 4 июнь куни соат 22:17да “Толимаржон ИЭС” АЖдан 16 км узоқликдаги “Шўртан” подстанциясидан чиқувчи, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ балансидаги 220 кВ ли электр узатиш тармоғида қисқа туташув юзага келган. Сабаби, «Шўртан ГКК» ҳудудида хизмат кўрсатаётган қурилиш ташкилоти тасарруфида бўлган «КамАЗ» русумли юк автомобилига ортилган дизель генераторининг ёритиш мачтаси ечилмасдан (белгиланган тартибга кўра юк ташилаётган пайтда мачта ечиб олиниб, автомобилнинг умумий баландлигини пасайтирилиши лозим бўлган) 220 кВ кучланишли электр тармоғи остидан ўтган. Юқори кучланиш электр тармоғи ва юк автомобили оралиғидаги оралиқ масофа қисқариши туфайли қисқа туташув содир бўлган.

  Қисқа туташув натижасида юк автомобилининг ғилдираклари ҳамда бошқа ускуна ва жиҳозларига зарар етиб, унга ортилган дизель генератори куйиб кетганлигини қуйидаги фотосуратлар орқали кўришимиз мумкин.

  Баёнотдаги:

  «... қисқа туташув юзага келганлиги сабабли 220 кВ кучланишли тармоқ кучланиши 35 кВ гача камайишига олиб келган. Натижада, “Толимаржон ИЭС” АЖнинг 1-сонли энергоблоки ҳамда 2-сонли буғ-газ қурилмасининг автоматик ҳимоя тизими муваффақиятли ишга тушган.

  Мазкур “Шўртан” подстанциясидан чиқувчи 220 кВ ли электр узатиш линиясида қисқа туташув содир бўлишига авто-техникаларнинг 220 кВ ли электр узатиш тармоғига рухсат этилмаган масофагача яқинлашиши оқибатида тармоқдан ерга узоқ муддатли қисқа туташув содир бўлгани сабаб бўлган. Агарда, “Толимаржон ИЭС” АЖдаги энергоблокларнинг автоматик ҳимоя тизими юз берган ушбу туташув натижасида энергоблокларни тўхтатмаганда, бу электр энергияси узатиш тизимида жуда катта миқдордаги техникавий ва молиявий талофатларга сабаб бўлиши мумкин эди», деб асосланиши юз берган ҳақиқиқий вазиятга янглиш изоҳдир.

  Гап шундаки, энергетика тизимидаги электр узатиш тармоқларида қисқа туташувлар юз бериши доимий эҳтимолдаги ҳолат ҳисобланиб, унинг содир бўлиши тизимда носозликлар мавжудлигини кўрсатувчи биринчи омилдир. Қисқа туташувларни ўз вақтида ва тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида реле ҳимояси ва автоматика тизимининг турли воситалари қўлланилади. Мазкур ҳимоя тизими электр таъминоти тизимида оғир авариялар, йирик ёнғин ва портлаш ҳолатларининг олдини олиш (таъсирини камайтириш) мақсадида ишлатилиб, техник-муҳандислик иш фаолияти тартибига киритилган.

  Хуллас, жорий йил 4 июнь санасида қисқа туташув содир бўлган вақтда жойлардаги қайд қилувчи қурилмалардан олинган маълумотларга таяниб таҳлил қилинганда, «Шўртан» подстанциясида электр узатиш тармоғи асосий релели ҳимоя воситаси таъсиридан 0,08 сония вақт ичида ўчирганлиги, “Талимаржон ИЭС”да эса асосий релели ҳимоя воситаси ишга тушиб, тармоқни ўчирмаганлиги (ўчириши лозим бўлган!) аниқланди. Натижада қисқа туташув уч фазали қисқа туташув кўринишига ўтиб ва тармоқнинг резерв ҳимоя воситаси ёрдамида ўчирилган. Бу вақт оралиғида, яъни 4,7 сония вақт ичида “Талимаржон ИЭС” АЖнинг тақсимлаш тизимида 220 кВ кучланиш қиймати 35 кВ гача пасайган ва иссиқлик электр станциясига ўрнатилган 1-сон энергоблок асинхрон режимни бартараф этиш автоматикаси таъсирида, 2-сонли буғ-газ қурилмаси эса ўз эҳтиёж тизимида кучланиш қийматининг пастлиги сабабли ўчган.

  Ҳозирда “Талимаржон ИЭС”да эса асосий релели ҳимоя воситаси ишлаши оқибатида тармоқни ўчмай қолиш сабаблари станция мутахассислари томонидан қўшимча ўрганилмоқда.

  Қисқа туташув узоқ вақт давом этганлиги сабабли «Шўртан ГКК», «Шўртан УШК», «Қандим ГҚИК», Қарши магистрал канали насослари ва бошқа истеъмолчиларда технологик жараёнлар бузилган. 1140 МВт ишлаб чиқариш қувватлари йўқотилганлиги сабаб махсус автоматикдан 570 МВт истеъмолчилар тармоқдан узилди. “Талимаржон ИЭС”да электр узатиш тармоғи қисқа туташув содир бўлганда қисқа вақтда бартараф этилганда, авария кўлами бундай оғир аҳволга келмаган бўлар эди.

  Ҳурматли истеъмолчилар! Магистрал йўллар бўйича ҳаракатланадиган юк автомобили ва махсус механизмлар ҳайдовчилари!

  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидалари тўғрисида”ги 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сонли қарорининг талабларини тўлиқ бажаришингизни сўраймиз.

  Мазкур маълумотнома «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ таркибидаги Миллий диспетчерлик маркази мутахассислари ёрдамида тайёрланди.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>