Янгиликлар
Халқаро экспертлар ва соҳа вакиллари ёқилғи-энергетика мажмуасини рақамлаштириш соҳасидаги илғор жаҳон тажрибаларини муҳокама қилдилар
  • 16.06.2021
  • 317

  Жорий йилнинг 15 июнь куни Тошкент шаҳрида Россиянинг “ИКС Холдинг” кўп тармоқли АТ-гуруҳи томонидан ва Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги кўмагида ташкил этилган “Ёқилғи-энергетика мажмуасини рақамлаштириш соҳасидаги илғор жаҳон тажрибалари” мавзусидаги икки кунлик стратегик сессияда 300 дан ортиқ энергетика вакиллари ва мутахассислар йиғилдилар. Экспертлар қаторига етакчи халқаро компаниялар вакиллари, жумладан “Accenture”, “Россети”, “Газпром Нефть” компаниялари, шунингдек, Ўзбекистон ёқилғи-энергетика мажмуасининг йирик корхоналари: “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ, “ИЭС” АЖ, “Ўзбекистон МЭТ” АЖ ва “ҲЭТ” АЖ раҳбарияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири ўринбосарлари Беҳзот Нарматов ва Шерзод Ходжаевлар иштирок этдилар.
 

 


  “Замонавий Ўзбекистонни ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири бу мамлакат иқтисодий барқарорлиги бўлиб, бу кўп жиҳатдан энергетика соҳасининг ривожланишига боғлиқ. Россиянинг “ИКС Холдинг” компанияси кўмаги билан энергетика саноатини рақамлаштириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур чора-тадбирлар саноатни рақамли ўзгартириш жараёнининг бошланиши ҳисобланади. Бу иқтисодиёт ва аҳолини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича белгиланган вазифаларни жадаллаштиради”, – деди Ўзбекистон Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев.
 

 


    “Биз Ўзбекистон нефть-газ ва энергетика соҳасидаги компанияларнинг бизнес жараёнларини автоматлаштириш даражасини чуқур таҳлил қилиш асосида шаклланган корхоналарни рақамлаштириш бўйича ташаббусларнинг дастлабки реестрини тақдим этдик”, – деди “ИКС Холдинг” вице-президенти Станислав Киселев. – Хусусан, муҳокама жараёнида у ёки бу ечим қайси аниқ корхоналарда қўлланилишини аниқлашни режалаштирмоқдамиз. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш учун айрим қонун ҳужжатларини тузатиш керак бўлади ва биз бу масалани ҳам кўтарамиз. Бундан ташқари, таклиф қилинган ташаббусларни муваффақиятли амалга ошириш учун кадрлар ислоҳоти ва ёшлар билан фаол ишлаш зарурдир”.
 

 


  Тадбир дастури икки – назарий ва амалий қисмни ўз ичига олади. Назарий қисм давомида “Рақамлаштиришнинг амалий тажрибаси” семинари ўтказилади. Унда энг самарали жаҳон амалиётини таҳлил қилиш амалга оширилади. Кейин йиғилиш иштирокчилари жамоаларда ишлашни бошлайдилар ва функционал йўналишлар нуқтаи назаридан илғор технологияларни муҳокама қиладилар. Шунингдек, ҳар бир функционал соҳага тегишли ташаббусларни ишлаб чиқадилар.

  Стратегик сессия “ИКС Холдинг” томонидан ташкиллаштирилган ва Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги фаол иштироки билан Ўзбекистон Республикасининг ёқилғи-энергетика комплексини рақамлаштириш бўйича 2021 – 2025 йилларга мўлжалланган концепцияси ва йўл харитасини ишлаб чиқиш лойиҳаси доирасида бўлиб ўтмоқда. Лойиҳа 2021 йил 11 февралда бошланган. Шу вақтга қадар “ИКС Холдинг” мутахассислари республиканинг нефть-газ ва электр энергетика соҳаларидаги компанияларнинг жорий бизнес жараёнларини таҳлил қилдилар, 300 дан ортиқ ишчи учрашувлар ва марказий идоралар ва корхоналарга ташриф буюрдилар.
 

 


  Икки кунлик семинарда дунёнинг энг яхши амалиётлари реестри ишлаб чиқилгандан сўнг якуний ҳужжатлар шакллантирилади. Улар Ўзбекистон Энергетика вазири Алишер Султанов, шунингдек, энергетика компаниялари раҳбарларидан иборат бошқарув кенгашига тақдим этилади. Бундан ташқари, тасдиқланган ташаббуслар рўйхатига кўра, “ИКС Холдинг” мутахассислари йўл харитасини тузишга киришадилар. Лойиҳа 2021 йил октябрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

 

Ўзбекистон Республикаси

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
Телеграм каналига аъзо бўлиш учун  t.me/uzmetaxborotxizmati

>