Янгиликлар
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ: 500 кВ кучланишли «Сурхон» подстанциясида махсус тактик-ўқув машқлари ўтказилди
  • 25.06.2021
  • 487

  Аввал хабар берганимиздек, 2021 йил 24 июнь куни «Сурхондарё магистрал электр тармоқлари» филиалида Сурхондарё вилояти ҳокимияти, вилоят Миллий гвардияси Қўриқлаш бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда бошқа ташкилот ва тузилмалардан вакиллар иштирокида семинар, бугун, 25 июнь куни эса 500 кВ кучланишли «Сурхон» подстанциясида махсус тактик-ўқув машқлари ўтказилди.

 

  Маълумки, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида тасарруфидаги 84 та юқори кучланишли подстанциялар ичида 7 та 500 кВ кучланишли подстанциялар мавжуд. Мазкур муҳим объектларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг билим-малакасини ошириш, ҳарбий тайёргарлик даражасини юксалтириш, саноат ва ёнғин хавфсизлиги масалалари юзасидан тегишли ўқув семинарлари ҳамда машғулотлар ўтказиш белгиланган. Тоифаланган объектлардаги тайёргарлик даражасини аниқлашга қаратилган тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибиятининг тегишли топшириқларига мувофиқ ишлаб чиқилган Чора-тадбирлари режасида ҳам акс этган. Мисол учун, аввал бундай ўқув машғулотлари «Бухоро магистрал электр тармоқлари» филиали 500 кВ ли«Қоракўл» подстанциясида ўтказилган эди.

Янгиликлар 24 | «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ 500 кВ кучланишли "Қоракўл" подстанциясида ҳарбий тайёргарлик машғулотлари ўтказилди
#4jan #uzbekiston24

mtrk.uz | Youtube | Facebook | Telegram

  «Бухоро магистрал электр тармоқлари» филиалида семинар, 500 кВли «Қоракўл» подстанциясида намунавий машғулотлар ўтказилди

https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/633

  Умуман олганда, бундай хавфсизлик техникаси ва ёнғин хавфсизлигига оид ўқув машғулотлари Акциядорлик жамияти тасарруфидаги подстанцияларда йиллик режага асосан ўтказиб турилади ва уларни ўтказишдан кўзланган мақсад ягона — «Ўзбекистон МЭТ» АЖ мутахасссис-ходимларининг билим-малакасини ошириш, уларнинг ҳар қандай фавқулотдаги ҳолатларга шайлигини юксалтириш, ишлаб чиқариш жараёнида турли жароҳат олиш мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш ва электр таъминоти фаолияти барқарорлигини таъминлашдан иборат.

 

  ЖАМИЯТ ТАРКИБИДАГИ ПОДСТАНЦИЯЛАРДА ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИ ҚОИДАЛАРИ ТАЛАБЛАРИГА РИОЯ ЭТИЛИШИ СЕМИНАР-ТРЕНИНГЛАР, КЎРИК ТАНЛОВ МАШҒУЛОТЛАРИ ОРҚАЛИ АНИҚЛАНМОҚДА

https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/618

   Аммо Акциядорлик жамияти таркибидаги Хавфсизлик ва махсус ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ташкил этилган бугунги каби тадбирлар бошқа ташкилот ва тузилмалар билан ҳамкорликда ўтказилдики, электр таъминоти барқарорлигини таъминлашдаги хавфсизлик масалалари мутасадди ташкилот мутахассисларининг бевосита  иштироки ва ёрдамида ташкил этилиши — унинг самарадорлиги ошишини кафолатлайди.

 
 

  Тадбирнинг биринчи кунида ўтказилган семинарда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида Хавфсизлик ва махсус ишлар бошқарма бошлиғи С. Ҳайдаров, Бошқарманинг етакчи мутахассиси У. Раҳматов, 7 та вилоят магистрал электр тармоқлари филиалларидан мутахассислар, «Андижон магистрал электр тармоқлари” филиали директори К. Йўлдашев,  «Самарқанд магистрал электр тармоқлари” филиали директори Ф.Қурбонов, шунингдек, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги Идоралараро ишчи гуруҳи раҳбари, Комиссия раиси ўринбосари А.Каримов, котибият мудирлари З.Гаппаров ва Н.Тўрақулов, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги бош мутахассиси К. Мусурмонов, етакчи мутахассиси А.Сафаров, Сурхондарё вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи И.Абдиев, Миллий гвардия Сурхондарё вилоят бошқармасидан А. Эсонов, Сурхондарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Н. Кадиров, биринчи ўринбосари Ш. Холбоев, Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари У. Файзуллаев, Миллий гвардия вилоят Қўриқлаш бошқармаси бошлиғи А. Умаров, «Сурхондарё магистрал электр тармоқлари» филиали директори О.Ашуров, “Аму-Сурхон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи А. Абдураимов, “Термиз” халқаро аэропорти директори Ш. Кабиров, “Термиз” темирйўл узели раҳбари А. Аҳмедов ҳамда “Учқизил” радиотелеузатиш станцияси бошлиғи Ш. Саидовлар қатнашди.

 
 
 

  Семинарда “Ҳудудий идоралараро комиссияси ишчи гуруҳининг муҳим объектларда хавфсизликни таъминлашдаги фаолиятини ташкил этишнинг ўрни ва аҳамияти”, “Қўриқлаш бўлинмаларининг муҳим объектларни қўриқлаш ва мудофаа қилиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлари режаларини ишлаб чиқиш тартиби”, “Муҳим объектларда барча мавжуд фуқаро муҳофазаси ҳужжатларини ишлаш тартиби”  ва “Муҳим объектни муҳандислик ва техник қўриқлов воситалари билан жиҳозланиши, саноат ва ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкиллаштириш” мавзулари бўйича маърузалар тингланди.

 

  Семинар давомида электр таъминоти масалалари, жумладан соҳада, хусусан Сурхондарё вилоятида олиб борилаётган модернизация-реконструкция, қурилиш-монтаж ишлари тўғрисида «Сурхондарё магистрал электр тармоқлари» филиали директори Отабек Ашуров сўзлаб берган бўлса, электр таъминоти масалаларида ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш, энергия тежамкорлиги ва самарадорлиги масалалари хусусида семинар иштирокчиларига «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқарув раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчи Улуғбек Урунов ахборот бериб ўтди. Бошқа вилоятдан ташриф буюрган семинар иштирокчиларининг саволларига мутахассислар жавоб бериб, семинар ўз ишини якунлади.

 
 

  Бугун, 25 июнь куни тонгда семинар иштирокчилари 500 кВ кучланишли “Сурхон” подстанциясига йўл олдилар. Дастлаб подстанциянинг ташқи қисмида ҳарбий ва махсус техникалар кўриги, ҳарбий хизматчилар ҳамда “Сурхон”подстанцияси қўриқлаш бўлинмаларининг саф тортиш машқи ўтказилиб, сўнг семинар иштирокчиларига йўриқнома ўтказилди. Юқори кучланишли подстанция ичида хавфсизлик техникасининг қандай тартибларига амал қилиши ҳақида ўтказилган йўриқнома қайднома дафтарига қайд этилгач, барча иштирокчилар тиббий кўрикдан ўтказилиб, махсус ўқув-тактик машқларини кузатиш майдончасига олиб кирилди.    

 
 
500 кВ кучланишли “Сурхон” подстанцияси техник-муҳандислари, қўриқлаш бўлими ходимлари томонидан махсус бўлинма зобитлари иштирокидаги  махсус-тактик ўқув машқлари икки шартли сценарий асосида ўтказилди.

  Биринчи сценарий шартига кўра, шартли қуролланган жангарилардан иборат тўда подстанция биносига бостириб кириб, диспетчерлик пулти биносини эгаллаб олгани саҳналаштириб кўрсатилди. Сўнгра махсус тайёргарликдан ўтган ҳарбий бўлинмалар диспетчерлик пулти биносини ўраб олишди ва шартли жангарилар билан музокаралар олиб боришди. Музокараларда диний ташкилот вакили ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этиб, жангариларни қуролсизланиб, таслим бўлишга чақирди. Шартли жангари тўда вакиллари ўз қабиҳ ниятидан воз кечмаслигини билдириб, музокара олиб борган зобитларга бир қатор шартлар қўйишди.

 
 

 Сўнг шартли равишда диспетчерлик пульти биносини эгаллаган жангариларни қўлга олиш ва гаровга олинган мутахассисларни қутқариш операцияси амалга оширила бошлади. Сценарий асосида бино атрофини қўршаб олган аскарлар ўз ҳужум нуқтасини эгаллаб олгач, махсус тайёргарликка эга зобитлар шартли бино эшигига портловчи модда ўрнатиб, бинони ишғол қилиш операциясини бошлади.

 

  Шартли жангарилар тўдаси қўлга олиниб, Ички ишлар ходимлари иштирокида махсус автомобилда тергов бўлинмасига олиб кетилди. Сўнг бинога махсус кийимбош ва қурол-аслаҳага ҳамда ўргатилган ҳайвонларга эга сапёрлар гуруҳи кириб, тез тиббий ёрдам шифокорларига ичкарига киришга рухсат бериши учун дастлабки текширувни ўтказишди. Тез тиббий ёрдам шифокорлари яраланган мутахассисларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, мутахассисларни бинодан олиб чиққач, сапёрлар жангарилар томонидан қолдирилган номаълум жисмни йўқ қилиш операциясини амалга оширишди.

 

  Диспетчерлик пульти биноси тўлиқ зарарсизлантирилгандан сўнг бинога техник-муҳандислар мутахассислар кириб, электр таъминотини тиклашга рухсат берилди. Бу пайтда махсус бўлинма тергов гуруҳи шартли воқеа жойида ўз ишларини давом эттирдилар.

 
 
 

  Иккинчи сценарий шартига кўра, табиий офат — зилзила содир бўлгани, бунинг оқибатида подстанциянинг уч жойида ёнғин чиққани акс эттирилди. 500 кВли «Сурхон» подстанцияси навбатчи гуруҳлари йўриқномада белгиланган тартибда 3 та шартли ёнғин жойида ўт ўчириш ишларини олиб борди. Мутахассисларнинг бошқа бир гуруҳи шартли зилзила оқибатида зарар етган бино ва иншоотлар, электр ускуна ва жиҳозларини тиклаш-таъминлаш ишларини бажаришди.

 

  Икки шартли сценарий асосида ўтказилган махсус ўқув-тактик машқлари кузатиш майдончасидаги мутахассислар томонидан баҳоланди. Йўл қўйилган жузъий камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилиб, машқларни бажаришда етакчилик кўрсатган мутахассислар эътироф этилди.

  Машғулотлар тугаганидан сўнг подстанция ташқи майдонида саф тортган мутахассислар иштирокида ўтказилган семинар ва махсус ўқув-тактик машқлари муҳокама этилиб, ташкилотчилар-у иштирокчиларга миннатдорлик билдирилди. Сўнг махсус техника ва механизмлар подстанцияни тарк этди.

 

  Сўнг «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида Хавфсизлик ва махсус ишлар бошқармаси ходимлари томонидан 7 та вилоят магистрал электр тармоқларидан ташриф буюрган ходимлар учун маҳорат дарси ўтказилди. Унда муҳим объектлар қўриқлаш бўлинма ходимларининг ҳарбий тайёргарлиги ва меҳнат самарадорлигини ошириш учун Акциядорлик жамияти томонидан қандай ишлар амалга оширилаётгани, яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланиб, саноат ва ёнғин хавфсизлиги, жумладан, хавфсизлик техникаси қоидаларига қатъий амал қилиш — электр таъминоти барқарорлигининг кафолати эканлиги уқтирилди.

 

Тадбирда, шунингдек, ОАВ вакиллари, жумладан «Ўзбекистон-24» телеканалининг Сурхондарё вилоят мухбири ҳам иштирок этди.

 

  Шу билан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Хавфсизлик ва махсус ишлар бошқармаси томонидан ташкил этилган семинар ва ўқув-тактик машғулотлари якунланиб, Акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг кўрсатмасига биноан навбатдаги тадбир «Самарқанд магистрал электр тармоқлари» филиалининг 500 кВли «Суғдиёна» подстанциясида бўлиб ўтиши ва унга лозим даражада тайёргарлик кўриш юзасидан топшириқлар берилди.

 

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун

t.me/uzmetaxborotxizmati

>