Янгиликлар
Ўзбекистон ва Афғонистоннинг муваққат ҳукумати Термизда қўшма музокаралар ўтказишга келишиб олди
  • 07.10.2021
  • 288

  7 октябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Афғонистон муваққат ҳукумат раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдул Кабир бошчилигидаги Афғонистон раҳбарияти вакиллари билан музокаралар ўтказди.

  Учрашувда Афғонистон бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари А.Ҳанафий, транспорт ва фуқаро авиацияси, умумий ишлар, энергетика ва сув ресурслари вазирлари ҳам иштирок этди.

  Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Амир Хон Муттақий билан алоҳида музокаралар олиб борилди.

  Томонлар мамлакатдаги мавжуд вазият, Афғонистон халқига гуманитар ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатлар, шунингдек, мамлакатда энергетика ва транспорт соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.

  Афғонистон муваққат ҳукумати аъзолари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга афғон халқининг орзу-интилишларига қаратаётган улкан эътибори, озиқ-овқат инқирозининг олдини олишда кўрсатган ёрдами учун самимий миннатдорлик билдирди.

  Афғонистон томони Ўзбекистон президентининг Афғонистон янги ҳокимияти билан конструктив ва ўзаро мақбул мулоқот ўрнатишга қаратилган сиёсатини, шунингдек, халқаро ҳамжамиятга Афғонистоннинг хориждаги музлатилган активларига нисбатан қўйилган чекловни олиб ташлаш чорловини юқори баҳолади.

  Афғонистон делегацияси аъзолари Ўзбекистон ҳукуматига Мозори Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклаш, Ўзбекистон – Афғонистон чегарасининг узлуксиз ишлаши, у орқали мамлакатга доимий равишда озиқ-овқат ва бошқа турдаги бирламчи товарлар етказиб беришдаги кўрсатилаётган ёрдам учун чуқур миннатдорлик билдирди.

  Томонлар яқин орада Термиз шаҳрида савдо-иқтисодий масалаларини, жумладан, «Сурхон – Пули-Ҳумри» электр узатиш тармоқлари ва «Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» йўналиши бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун қўшма музокаралар ўтказиш тўғрисида келишиб олди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

  «Афғонистон томони ушбу лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилинган ўзбекистонлик мутахассисларнинг хавфсизлигини таъминлашга тайёрлигини маълум қилди.

  Биродар Ўзбекистон хавфсизлигига Афғонистон ҳудудидан ҳеч қандай таҳдид бўлмаслиги расмий Кобул томонидан қатъий билдирилди», дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

 

https://kun.uz/90504524

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>