Янгиликлар
Ўзбекистон-Британия энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
  • 09.10.2021
  • 239

  Жорий йилнинг 8 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султанов Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Торлот Тимоти Ахилл ва минтақанинг иқлим ўзгариши бўйича элчиси Дэвид Моран билан учрашув ўтказди.

  Музокаралар давомида Ўзбекистон ўз олдига 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбаларига асосида ишлаб чиқариш ҳажмларини 25 фоизга етказиш вазифасини қўйгани ҳақида маълумот берилди. Шундан 5 ГВт қуёш энергияси, 3 ГВт шамол ва 2 ГВт гидроэнергетикани ташкил қилади. Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳалари энг илғор халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда амалга оширилаётгани қайд этилди.

 
 

  А.Султанов Ўзбекистон Энергетика вазирлиги қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш ва ишлаб чиқарилган электр энергиясини сақлаш қурилмаларидан фойдаланиш йўналишида Европа мамлакатларининг тармоқларни тартибга солиш соҳасидаги тажрибаси билан қизиқишини таъкидлади. Шу муносабат билан, бу йўналишда келгусида британиялик мутахассислар иштирокида семинарлар ташкил этиш муҳокама қилинди.

  Ўз навбатида, хориж томони тармоқларни қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш йўли билан соҳани ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади. Шунингдек, қўшни давлатлар ўртасидаги электр тармоқларини тиклаш бўйича олиб борилаётган ишларни қўллаб-қувватлади.

 

  Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг 2021 йил 1-12 ноябрь кунлари Буюк Британияда бўлиб ўтадиган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича 26-конференциясида (COP26) иштирок этиш имконияти тўғрисида мулоқот ўтказдилар.

  Учрашувда ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати таҳлил қилинди, жумладан, ўтган йили онлайн-конференциялар давомида Буюк Британиянинг ишбилармон доираларига Ўзбекистоннинг энергетика соҳасида ислоҳотлар ўтказилгани ҳақида тақдимотлар қилинди.

  Томонлар Ўзбекистон-Британия энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятларга эга эканликларини, музокаралар жараёнини эксперт гуруҳлари даражасида янада юқори даражада ташкил этиш бўйича келишувларга эришилганини қайд этишди.

Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

https://minenergy.uz/uz/news/view/1517

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>