Янгиликлар
Ўзбекистон энергетика лойиҳаси учун биринчи корпоратив кредит олади
  • 11.10.2021
  • 294

  ЕТТБ делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси тарихида энергетика лойиҳасини амалга ошириш учун давлат кафолатисиз биринчи корпоратив кредит ажратилиши тўғрисидаги ҳужжат имзоланди.

  Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) делегациясига Барқарор инфратузилма гуруҳи бошқарувчи директори Нандита Паршад ва Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директор Жужанна Харгитай бошчилик қилишди.

  ЕТТБ ва Энергетика вазирлиги мутасаддилигидаги “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ўртасида кредит олиш учун мандат хати имзоланди.

  Молиялаштириш маблағлари 500 кВ Саримой-Жонкелди юқори кучланишли электр узатиш тармоғини қуриш учун инвестиция лойиҳасини амалга оширишда ажратилади. Бу электр узатиш тармоғи мамлакатнинг икки вилоятида бўлажак шамол электр станцияларининг қувватини тўғридан-тўғри таъминлайди: Қуввати 500 МВт бўлган “БАШ” шамол электр станцияси (Бухоро вилояти) ва қуввати 500 МВт бўлган “Жонкелди” шамол электр станцияси (Навоий вилояти).

  Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур иккита шамол электр станциясини қуриш лойиҳалари Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа бўйича 2021 йилнинг 24 январь куни лойиҳанинг ушбу бош пудратчиси билан аҳоли ва мамлакат иқтисодиётининг ўсиб бораётган талабини қондириш учун фойдаланиладиган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида шартнома имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

https://minenergy.uz/uz/news/view/1519

https://uza.uz/uz/

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>