Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этди
  • 28.11.2021
  • 280

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрига жўнаб кетди. У ерда давлатимиз раҳбари Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этади.

Тадбир кун тартибидан ташкилот доирасида устувор йўналишлар бўйича кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Туркманистон пойтахтида давлатимиз раҳбари қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Ашхобод шаҳрига келди

Аэропортда давлатимиз раҳбарини Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов кутиб олди. Шундан сўнг мамлакатларимиз етакчилари музокара ўтказдилар.

Икки томонлама яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

 

Ашхобод шаҳрида ўтаётган ИҲТ саммити доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Покистон Президенти Ориф Алвий билан учрашув ўтказди

Ўзбекистон-Покистон кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Шериклик алоқалари, энг аввало иқтисодиёт йўналишида жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Минтақа кун тартибидаги долзарб масалалар, шу жумладан Афғонистонда вужудга келаётган вазият муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрида ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон билан учрашув ўтказди

Давлат раҳбарлари стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқдилар. Кенг кўламли савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳим экани қайд этилди.

Етакчилар Марказий Осиё минтақасидаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Президент Шавкат Мирзиёев Ашхободда ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этди

ИҲТни жадал ривожланаётган ташкилот сифатида мустаҳкамлашга қаратилган кўп  томонлама шерикликни янада кенгайтириш, савдо, транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқлик, саноат кооперацияси, “яшил” иқтисодиёт ва туризм масалалари муҳокама қилинди.

Президентимиз ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор аниқ таклифларни илгари сурди.

Туркманистон пойтахтида ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Эрон Президенти Иброҳим Раисий билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Президентлар Афғонистондаги бугунги вазиятдан келиб чиқиб минтақа кун тартиби ҳамда халқаро ташкилотлар доирасидаги яқин мулоқотни давом эттириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар.

Президент Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрида ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиб, Тошкентга қайтиб келди

Давлатимиз раҳбари саммитдаги нутқида ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича кўплаб таклифларни илгари сурди.

Анжуман якунида Ҳаракатлар учун Ашхобод консенсуси имзоланди.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига раислик 2022 йилда Ўзбекистонга ўтгани саммитнинг муҳим натижаларидан бири бўлди.

#Mirziyoyev #sammit #IHT #hamkorlik

Манба: https://t.me/shmirziyoyev

https://president.uz

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>