Янгиликлар
Фарғоналик энергетиклар ўтган 2021 йилда қандай ишларни амалга оширди?
  • 11.01.2022
  • 281

  Қарор ва ижро

  Электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг ортида катта меҳнат, катта заҳмат ётибди. Бунда энергетикларнинг туну кун меҳнати, ускуналарнинг узлуксиз ишлаши ва уларнинг ўз вақтида назоратидек масъулият мужассамдир.

  “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ва унинг тизимидаги корхоналар фаолияти ишлаб чиқарилган электр энергиясини аҳоли ва истеъмолчиларга етказиб беришда асосий бўғинлардан бири ҳисобланади.

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиали директори Ғайратжон ШЕРМАТОВ билан ЎзА мухбирининг суҳбати ушбу филиалнинг 2021 йилда амалга оширган ишлар сарҳисобига бағишланди.

  – Аввало, «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиал ҳақида тўхталиб ўтсам, – деди Ғ.Шерматов. – Филиалнинг асосий вазифаси электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхоналардан қабул қилиб, тақсимловчи ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига узатиш, шунингдек, бошқа давлатларнинг электр энергетикаси тизимлари ҳамда магистрал электр тармоқлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.

  2021 йил давомида «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиалида электр тармоғи хўжаликлари объектлари, яъни 500 кВ кучланишли «Ўзбекистон», 220 кВли «Ўзгариш», «Фарғона», «Павулғон», «Сокин» ҳамда 110 кВ кучланишли «2А» подстанциялари, шу билан бирга, умумий узунлиги 591,322 километрни ташкил этган 110-500 кВли электр узатиш линияларига техник хизмат кўрсатиш ҳамда подстанцияларда модернизация ишларини ташкил этиш каби кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

  Жумладан, 2021 йил мобайнида филиал тармоқлари орқали 8818760,768 минг кВт.соат электр энергияси транспортировка қилинди. Электр энергиясини узатиш жараёнидаги технологик сарфи 151372,639 минг кВт.соатни ёки 1,72 фоиз ташкил қилди.

  Электр энергиясини тежаш бўйича ташкилий тадбирлар режасига асосан 1604,221 минг кВт.соат иқтисод қилиниши кўзда тутилган. Амалда эса 2450,832 минг кВт.соат, яъни 152,7 фоиз электр энергияси иқтисод қилишга эришилди. Подстанцияларнинг хўжалик эҳтиёжи учун истеъмол қилинадиган электр энергияси учун белгиланган режа 1025,000 минг кВт.соат бўлиб, амалда 569,587 минг кВт.соат истеъмол қилинди. Бунинг натижасида 455,413минг кВт.соат иқтисод қилинди.

  – Электр қурилмаларини сифатли эксплуатация қилиш муҳим вазифалардан бири. Шу жиҳатдан олганда, 2021 йилда бу бўйича қандай салмоқли ишлар амалга оширилди?

  – Бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш лозим, филиал томонидан амалга оширилаётган ҳар бир иш сифати алоҳида назоратга олинади. Аслида, бу биз учун темир қонундир. 2021 йилнинг сарҳисобига тўхталадиган бўлсам, ўтган йил мобайнида 110-500 кВли электр узатиш линияларининг 37,38 километр узунликка эга қисмида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. Бу ишлар эса «Ўзэнергоинспекция» Фарғона ҳудудий бўлимидан назорат кўригидан ўтказилди. Ўз навбатида, бу тасдиқланган режага нисбатан 100 фоизни ташкил этади. Жорий таъмирлаш ишлари электр узатиш линияларининг 62,77 километр узунликка эга қисмида амалга оширилиб, режа тўлиқ бажарилган.

 

 

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ маблағлари ҳисобидан харид қилинган замонавий ЛК-160/500 русумидаги полимерли изоляторлардан 85 донаси филиал таркибидаги 500 кВли электр узатиш линияларида ўрнатилиши ҳисобига маънан ҳамда жисмонан эскирган ПФ ва ПС русумидаги изоляторлар алмаштирилди. Бу орқали линияларда электр энергиясини ўтказишдаги мустаҳкамлик, электр таъминоти ишончлилиги оширилди. Шу билан бирга, 29 дона металл таянч устуннинг темир конструкциялари емирилишга қарши бўёқланди.

  Шунингдек, ўтган йилда подстанциялардаги 220, 110 ва 35 кВли ўчиргичларнинг 17 донаси мукаммал таъмирланди ва 98 дона ўчиргичларда жорий таъмирлаш ишлари бажарилди. Мавжуд ҳаво компрессорларининг 4 донаси мукаммал ва 8 донаси жорий таъмирланди. 12 дона автотрансформаторларда жорий таъмирлаш ишлари тасдиқланган режага кўра ташкил этилган ҳолда тўлиқ бажарилди.

  Бир сўз билан айтганда, юқорида қайд этилган ишлар, филиалда фаолият юритаётган ходимларнинг ҳамжиҳатлиги самараси дейиш мумкин.

  – Ҳар томонлама етук, билимли мутахассисларни тайёрлаш, уларни мунтазам равишда малакаларини ошириб бориш давр талаби. Шу маънода, малакали муҳандис-техник ходимларни тайёрлаш масаласига филиал томонидан қандай эътибор қаратилмоқда?

  – 2021 йилнинг январь-март ойлари мабайнида «Ўзбекистон МЭТ» АЖ тасарруфидаги «Нурафшон» санаториясида акциядорлик жамияти ва «Фарғона МЭТ» филиали мутахасислари томонидан ўқув семинар машғулотлари ташкил этилди. Малака ошириш семинарларида «Ўзбекистон МЭТ» АЖ филиалларининг 92 нафар мутахассис-ходими иштирок этди. Ўқув давомида мутахассислар «Нурафшон» санаториясида ўз соғлиғини тиклашга ҳам муваффақ бўлди.

  Бундан ташқари, 2021 йил мобайнида ходимларнинг билим-савияларини аниқлаш ва уларни малакасини ошириш мақсадида 655 нафар ходим синовдан ўтказилди. Тошкент шаҳридаги бош офисимизда Санкт-Петербург малака ошириш институти билан онлайн дарслар ташкил этилди ва унда бизнинг фарғоналик ёш муҳандислар ҳам малака оширди.

  Жорий йилда филиалнинг барча объектларида аварияли ҳолатларни олдини олиш ва тезкор бартараф этиш кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган аварияга қарши 90 марта ва ёнғинга қарши 54 марта амалий машғулотлар ўтказилди.

  Жамоамиз учун яна бир қувончли жиҳат шуки, акциядорлик жамияти таркибидаги корхоналар ўртасида ўтказилган «Ёнғин хавфсизлиги кўрик ойлиги» тадбирларида «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиали жамоаси фахрли биринчи ўринга муносиб кўрилди.

  – Президентимизнинг тегишли қарорига асосан 2017 йилда Жаҳон банки иштирокида магистрал тармоқлари подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланган эди. Ушбу лойиҳа бўйича қандай ишлар қилинди?

  – Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 сентябрдаги «Жаҳон банки иштирокида магистрал тармоқлари подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Мазкур ҳужжатнинг ижросини таъминлаш мақсади «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ тасарруфидаги 22 та подстанцияларда модернизация ва реконструкция ишларини бажариш кўзда тутилган.

  Бу ишлар доирасида «Фарғона МЭТ» филиали таркибидаги энерготизимни ташкил қилувчи 220кВли «Сокин», «Ўзгариш», «Фарғона» подстанцияларида жисмонан эскирган электр қурилмаларни замонавийларига алмаштириш ишлари олиб борилди. Мисол учун, «Ўзгариш» подстанциясида амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталсак. Подстанциядаги АТ-1 200 МВАли автотрансформаторини ўрнига 250 МВАли янги автотрансформатори ўрнатилиши билан бирга, релели ҳимоя панелларини янги замонавий микропроцессорли РХ шкафларига алмаштирилди. Шунингдек, 220 кВ, 110 кВли ҳаволи ўчиргичларини элегазли ўчиргичларга алмаштирилиб, режалаштирилган ишлар мукаммал бажарилди. Бундан ташқари, 5 дона 220 кВли ва 4 дона 110 кВлиҳаволи ўчиргичлар элегазли ўчиргичларга,15 дона 220 кВли ва 6 дона 110 кВли ток трансформаторлари, 12дона220 кВли ва 6 дона 110 кВли ОПНлар замонавий қурилмаларга алмаштирилди.

  – Таъкидлаганингиздек, 2021 йилда салмоқли ишлар қилинган. Шу ишларга қарамасдан, Фарғона вилоятида электр энергия таъминотида узилишлар кузатилди. Бундай ҳолатлар электр энергиясини узатиш жараёни билан боғлиқми?

  – 2021 йил давомида эришилган ижобий натижалар салмоқли бўлгани қаторида айрим камчиликларгаҳам йўл қўйилди. Хусусан, электр энергиясини узатиш жараёнида 5 маротаба подстанция электр қурилмаларида ва 3 маротаба электр узатиш линиясида фавқулодда ўчишлар қайд этилди. Барча фавқулодда ўчишлар “иккинчи даражали тўхталиш” сифатида белгиланди. Фавқулодда ўчишнинг сабаб омиллари тезкор аниқланди ва бартараф этилди. Бундай носозликлар такрорланмаслиги учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.

  Айни шу талаблардан келиб чиқиб, 2022 йилда ҳам филиал томонидан электр энергетика тармоғининг барқарор иш фаолиятига муносиб ҳисса қўшиш, соҳани ривожлантириш, соғлом ва беталофат иш муҳитини яратиш, халқимизнинг фаровон ҳаёти ва мамлакатимиз тараққиёти йўлида хизмат қилишдек эзгу мақсадларни олдимизга қўйганмиз.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.

https://uza.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>