Коррупцияга қарши курашиш
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” бўйича халқаро сертификатни қўлга киритди
  • 02.07.2021
  • 376

  2021 йилнинг 30 июнь куни “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ мажлислар залида Акциядорлик жамияти “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” бўйича ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификатини қўлга киритгани муносабати билан сертификатни топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда “СЕRT International” s.r.o. Ўзбекистондаги вакили Марат Хабибулин “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ва унинг тизимидаги барча ходимларни улкан ютуқ — ISO сертификатини олгани билан муборакбод этди.

  Мазкур сертификат Акциядорлик жамияти фаолиятининг коррупцияга қарши стандартларга мос эканлиги ҳамда ташкилотда порахўрлик ва коррупцияга қарши кураш тизими мавжудлиги учун берилгани, шунингдек, ташкилот мамлакат ташкилотлари ичида биринчи ўнталик рейтинг ичида ушбу сертификатга эга бўлгани алоҳида эътироф этилди. Шу билан бирга, “Ўзбекистон МЭТ” АЖ коррупцияга қарши кураш ва давлат хизматлари кўрсатиш каби соҳаларда яқин ҳамкорликни давом эттиришга тайёр экани халқаро ташкилот вакиллари томонидан мамнуният билан қайд этилди.

  Сертификатни топшириш маросимида иштирок этган “СЕRT International” s.r.o.нинг Ўзбекистондаги вакили Марат Рамильевич мазкур сертификат берилишида ташкилот фаолиятидаги коррупцияга қарши кураш тизими қай даражада эканлиги атрофлича ўрганилиб, халқаро стандарт талабларига мувофиқ таҳлил қилингани, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси энергетика тизимида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ биринчи бўлиб мазкур халқаро сертификатни қўлга киритганини алоҳида эътироф эди. Унинг фикрича, ушбу сертификат ташкилотнинг коррупцияга қарши курашда давлат органлари ва ташкилотлари ичида етакчи эканлигини англатади. Қолаверса, бошқа ташкилотлар ҳам, хоҳ у давлат ташкилоти бўлсин, хоҳ хусусий, бундай сертификациялаш жараёнидан ўтиши халқаро ташкилот вакили томонидан билдирилди.

  Қисқа қилиб айтганда, ушбу сертификат Жамият фаолиятининг барча йўналишларини қамраб олади. ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификати коррупция ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш, зарур чораларни кўриш ҳамда коррупция хавфини камайтиришга йўналтирилган мақбул ва аниқ мезонли чора-тадбирларни назарда тутади.

  Хўш, сертификатга лойиқ деб топилиш жараёни қандай кечган эди?

  “Ўзбекистон МЭТ” АЖ томонидан коррупцияга қарши курашиш стратегиясининг биринчи босқичи 2020 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилди. Бу пайтда юқори турувчи ташкилотлар, Адлия вазирлиги, кейинроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупция хавфлари ва фактларини, ходимларнинг ўз ваколатини суиистеъмол қилиши ёки зарур пайтда ҳаракатсизлиги ҳолатларини аниқлаш мақсадида кенг жамоатчиликни ёрдамга чақирди. Жамоатчилик назорати — мамлакатда раҳбар ходимларнинг жавобгарлигини оширишга имкон яратиб бергани рост.

  Акциядорлик жамиятида ҳам юқори ташкилотларнинг тегишли тавсия ва кўрсатмаларига асосан Коррупцияга қарши курашиш комиссияси ташкил этилди. Коррупция хавфига мойил бўлган вазифалар (ваколатлар) ва лавозимлар рўйхати шакллантирилди. Ходимларни бўш иш ўринларига танловлар асосида ишга олиш ва танлов йўли билан ишга қабул қилиш йўлга қўйилди. Бунинг учун ташкилот фаолиятига тааллуқли очиқ маълумотлар uzbekistonmet.uz веб-сайти ва унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига, шу билан бирга, тегишли тартибга кўра, Ҳукуматнинг очиқ маълумотлар порталига жойлаштириб борилди.

  Жараённинг иккинчи босқичи 2021 йилнинг январь ойидан май ойигача амалга оширилди. “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” халқаро стандарти асосида жамиятнинг 10 дан зиёд ички ҳужжатлари тубдан янгиланди. Ҳужжат алмашиш ҳамда ижро жараёнини назорат қилиш рақамли технологиялар ёрдамида шаффоф шакл босқичларига ўтказилди.

  Филиал, бош бошқарма, бошқарма, бўлим ва хизматларнинг йиллик ҳисоботлари “Сарҳисоб” рукнлари орқали ОАВ ҳамда кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этиб борилди. Жамиятда 2 та қўшимча: Ягона ва Ишонч телефон рақамлари ўрнатилиб, мурожаатлар қайд этилиши ва тегишли тартибда мурожаатлар юзасидан ҳисобдорлик юритиш йўлга қўйилди.

  Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини қабул қилишда ва compliance тизимида ходимлар томонидан қоидабузарликни хабар қилиш учун қуйидаги ишлар амалга оширилди:

  • Махсус «ишонч телефони» +998 71 -208-56-49 ажратилди;
  • Алоҳида электрон почта (biznesetika@uzbekistonmet.uz) очилди ва масъул ходим бириктирилди;
  • Совғалар ва унга тенглаштирилган қимматбаҳо буюмларни рўйхатдан ўтказиш реестри шакллантирилди.

  Учинчи навбатда, кўрилган чора-тадбирлар натижасида Акциядорлик жамияти фаолиятининг барча йўналишларидаги коррупциявий шарт-шароитларни минималлаштириш ҳисобига коррупция ҳуқуқбузарлиги минимал даражага туширилди. Акциядорлик жамияти ишчи-ходимлари ўртасидаги коррупция ва унинг оқибатлари тўғрисида семинарлар ўтказилди.

  Жамиятнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтида “Мурожаатлар” рукни орқали жамоатчилик вакиллари билан тўғридан тўғри мулоқот йўлга қўйилди. Электрон саҳифага вилоят магистрал электр тармоқлари тўғрисидаги барча маълумотлар, жумладан, уларнинг раҳбарлари, жойлашган манзили ва телефон рақамлари жойлаштирилди.

  Тўртинчи босқич 2021 йилнинг июнь ойи давомида амалга оширилди. Яъни “СERT International” s.r.s. халқаро ташкилоти томонидан Жамиятнинг коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” халқаро стандартига мувофиқлиги юзасидан сертификатлаш бўйича аудит текширувлари ўтказилди. Ўтказилган аудит натижасига кўра, ISO 37001:2016 халқаро стандартига мувофиқлик сертификати берилгани қайд этилди.

  Бир сўз билан айтганда, коррупцияга сабаб бўлаётган ҳолатларни ўрганиш ҳамда жамиятни бундай балодан қутқариш — кенг жамоатчиликни, халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиб бориш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири. Бинобарин, иқтисодиётимизни янада жадал юксалтириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш бевосита коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилиши билан чамбарчас боғлиқ. Бу мақсад йўлида барчамиз бирлашишимиз, ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлишимиз, коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсатини нафақат қўллаб-қувватлашимиз, балки унда фаол иштирок этишимизни бугунги даврнинг ўзи тақозо этаётганини унутмаслигимиз лозим.

  Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти 2021 йил феврал ойида ISO 9001 халқаро стандартининг сифат менежменти сертификатига эга бўлган эди.

  Нигора Абдуллаева, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Молиявий менежмент, бизнес этика, шаффофлик ва комплаенс бўлими бошлиғи

  «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

  https://kun.uz/news/

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>