ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
Марказий Осиё электр энергетика ягона тизими нима?
  • 28.01.2022
  • 351

Марказий Осиё электр энергетика ягона тизими нима? У нима учун «энергохалқа» деб аталади? Унинг асосий вазифаси нималардан иборат? «Энергохалқа»нинг Ўзбекистон электр энергетика фаолиятига ижобий ва салбий таъсирлари қандай?

Шу ва шу каби саволларга «Энергия» мувофиқлаштириш диспетчерлик маркази директори Ҳамидулла Аманович Шамсиев жавоб беради.

 

1. Марказий Осиё электр энергетика ягона тизими нима? У нима учун «энергохалқа» деб аталади?

Аввало номини тўғри айтишдан бошлайлик... Аниқроғи, бизнинг энергетика бирлашмамиз «Ўрта Осиё ва Қозоғистон жанубининг ягона энергия тизими» деб аталарди. Ҳозирда Марказий Осиё ва Жанубий Қозоғистон ягона энергия тизими деб шартли равишда атамоқдамиз. Умуман олганда, бундай энергетика тизими фақат бизда эмас, дунё мамлакатларидаям кўпгина. Илгари Совет Иттифоқида бир нечта бундай тизимлар мавжуд эди ва уларнинг ҳар бирининг ўз бирлашган энергетик диспетчерлик марказлари бор эди. Собиқ Иттифоқнинг Марказий диспетчерлик идораси (МДИ — ЦДУ) Москвада жойлашганди. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ўша даврда Ўрта Осиё ва Жанубий Қозоғистон Бирлашган ягона энергия тизими Советлар давлатининг бошқа ҳудудлари ягона энергетика тизимидан ажратилган ҳолда ишлаган. Маркази Тошкент шаҳрида жойлашган диспетчерлик назоратидан электр таъминоти умумтизимининг кўрсаткичлари: частота ва бошқа режим параметрлари мустақил тартибга солинган.

Элекр таъминоти тизимининг ўзаро яхлитлиги (конфигурацияси) 1970-йилларда, тўртта республика ҳудудидан ўтувчи 500 кВ кучланишли линиялар битта ҳалқага бирлаштирилганда шаклланган эди. Шу ўринда нима учун деган савол туғилади... Албатта, бу параллел равишда, яъни ўзаро ҳамкорликда ишлаш — барча иштирокчиларининг электр таъминотидаги ишончлилигини сезиларли даражада ошириш имконини беради. Ҳатто мутахассис бўлмаганлар ҳам «ҳалқада ишлаш тизими» — ушбу ҳалқанинг бирон бир бўғини ўчирилган бўлса ҳам унинг барқарорлигини сақлашга имкон беришини тушунишади. Ёки аксинча, агар энергия тизимининг қисмларини боғлайдиган йирик тармоқ ўчирилган бўлса, уларнинг параллел ишлаши бузилиши ҳам мумкин. Бундай вазиятда электр ишлаб чиқарувчи биринчи манбалар — электр станцияларнинг барқарорлиги сақлаб қолинади.

Ҳозирги вақтда ушбу «ҳалқа»да қўшимча ички ҳалқалар пайдо бўлган, шунга қарамай, Марказий Осиё ва Жанубий Қозоғистон ягона энергия ҳалқаси тушунчаси Марказий Осиё энергетика тизимларининг ўзаро боғлиқлиги ва ўзаро боғлиқлигининг рамзи сифатида сақланиб қолган. Демакки, матбуотда у ёки бу энергия тизими «ҳалқани тарк этгани» ҳақида ёзаётган бўлса, билингки, бу фикр мутахассиснинг фикри эмас ёки у мутахассис етарли билим-салоҳиятга эга эмас. Ҳозиргача 500 кВ кучланишли тармоқлар ҳалқасига эга бўлган энергия тизимларининг ҳеч бири ҳамкорликдаги параллел ишлаш режимини тарк этгани йўқ.

Туркманистон ва Тожикистоннинг ҳозирги вақтда Марказий Осиё электр энергетика ягона тизимидан ажралган ҳолда ишлаётганини рўкач қилганча бу фикрга айрим ахборот манбалари эътироз билдиришлари мумкин. Аммо шуни алоҳида таъкидлашимиз лозимки, Туркманистон ва Тожикистоннинг энергия тизимлари Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон тасарруфида бўлган 500 кВ кучланишли «ҳалқа» билан боғлиқ эмас.

Туркманистон 2003 йилда ўз ташаббуси билан Эрон энергетика тизими кўринишида ўзи учун иқтисодий ҳамкор топиб, Марказий Осиё электр энергетика ягона тизимидан чиқди ва ҳозир у билан параллел равишда ишламоқда. Бу масалалар ҳал этилаётган бир пайтда Туркманистон билан параллел равишда ишлашни йўлга қўйди. Туркманистон биз билан «орол» деб аталган схемалар бўйича иш олиб боради, яъни Ўзбекистон билан алоҳида ишлаб чиқариш тармоқларини улаш орқали ҳамкорлик қилди.

Тожикистон бир вақтлар параллел ишлаш шартларини такроран бузганлиги сабабли «ҳалқа» тармоғидан ажратилган эди. Бу Марказий Осиё ва Жанубий Қозоғистон тизимининг бошқа иштирокчилари қабул қилган қўшма қарори бўлганди. Ҳозирда Осиё Тараққиёт банкининг молиявий кўмаги асосида Тожикистонни ягона энергетика тизимига қайта улаш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда. Буни қаранг, тажриба кўрсатдики, ҳамкорликда ишлаш тизимидан чиқиб кетиш осон экан, аммо унга уланиш маълум бир вақт ва харажатлар талаб этади. Ҳозирда Ўзбекистонда ҳам Тожикистон билан энергетика алоқаларини мустаҳкамлаш учун йирик қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Хуллас, Тожикистоннинг Марказий Осиё ягона тизими билан ҳамкорликда ишлашини тиклаш тахминан 2023 йилда амалга оширилади.

Дарвоқе, Тожикистон энергетика тизими ўтган йиллар давомида частотани мустақил равишда тартибга солиб келган, бунга гидроэлектр станцияларида мавжуд бўлган катта сув захиралари ёрдам берди. Электр энергиясининг муҳим кўрсаткичларини доимий равишда созлаш мураккаб техник-муҳандислик иши бўлиб, бу муаммони иссиқлик станциялари (Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлгани каби) ёки кичик қувватли гидроэлектр станцияларининг захиралари билан (сўнгги йилларда Қирғизистонда бўлгани каби) ҳал қилиш амалда мумкин эмас. Шунинг учун ҳам ушбу энергия тизимларининг ягона «Марказий Осиё ҳалқаси»да биргаликда ишлаши Марказий Осиё энергетика тизимларининг ишончли параллел ишлашини таъминлаш, нафақат улар ўртасидаги, балки «узоқ қўшни» давлатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб зарурати ҳисобланади.

 

2. Марказий Осиё электр энергетика тармоғининг ягона тизими қачон ташкил топган ва у нима учун керак (асосий вазифаси нималардан иборат?)

Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизими тўртта давлат – Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон жанубидаги бешта туташ вилоят ҳудудида шаклланди. 1960 йилда Ўрта Осиё ягона энергия тизими ташкил этилиши бошланган бўлиб, ўшанда Ўзбекистон энергетика тизими, Қирғизистон жануби, Тожикистон шимоли ва Жанубий Қозоғистоннинг Чимкент туташуви энергетика тизимлари 110 ва 220 кВ кучланишли электр узатиш линиялари орқали параллел ишлашга уланган.

Ўрта Осиё ягона энергетика тизими яратилиш даврида, 01.01.1961 йил ҳолатига 4 та энергетика тизимининг ўрнатилган қуввати 1157 МВт, максимал юкланиши 921 МВт, йиллик ишлаб чиқариш 6,5 млрд. кВ•соатга тенг бўлган. Бу, ўз навбатида, минтақада электр энергияси таъминоти ишончлилиги ва сифатини кескин ошириб, гидро (сув омборлари захираси) ва ёқилғи (табиий газ ва нефть маҳсулотлари) ресурсларидан оқилона фойдаланиш имконини бергани рост.

Марказий Осиё ЯЭТ конфигурацияси иттифоқ республикаларининг миллий чегараларини ҳисобга олмаган ҳолда ягона объект сифатида ишлаб чиқилган ва бошқа кўплаб энергетика бирлашмалари сингари собиқ Иттифоқнинг Ягона энергия тизимидан ажратилган ҳолда ишлаган. 30% гидроэлектр станциялар ва 70% иссиқлик электр станцияларидан ташкил топган ушбу бирлашма фан ва эксплуатация нуқтаи назаридан частота ва қувватни тартибга солиш, мелиорация ва энергетика муаммоларини ҳал қилиш учун мақбул эди. Марказий Осиё ва Жанубий Қозоғистон ягона энергия режимларини узоқ муддатли режалаштириш бирлашмага киритилган ҳар бир энергия тизимларида ишлаб чиқарувчи манбалар таркибини ва шунга мос равишда энергия тизимларини электр станцияларини ёқилғи билан марказлаштирилган тартибда таъминлаш масалаларини ҳисобга олган.

Режимларни сақлашда нафақат энергия ресурслари, балки Марказий Осиё минтақаси иқтисодиётининг негизи бўлган қишлоқ хўжалиги, яъни ирригация масалалари ҳам ҳисобга олинган. Режимни оптималлаштириш ёнилғи харажатларини ва йўқотишларни (технологик сарф) минималлаштиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, тармоқларни таъмирлаш жадваллари бир-бири билан келишилган ҳолда, эҳтиёт қисмларни етказиш марказлаштирилган ҳолда таъминланган.

Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин энергия материаллари ва ресурсларини марказлаштирилган ҳолда таъминлаш-тақсимлаш тугатилди. Барча энергетика тизимларида энергия мустақиллигини таъминлаш бўйича шошилинч чоралар кўрилди. Яъни энергия ва ёқилғи таъминотида ўз-ўзини мувозанатлаш, барқарорлаштиришга интилди. Оддий айтганда, ҳамма ўз имкониятларини ишга солди. Масалан, гидроэнергетика салоҳияти юқори бўлган давлатлар ўз эҳтиёжини қоплаш учун қишда ҳам сув омборлари сатҳини камайтириб борди. Бу минтақада мелиорация тартиб-таомилини издан чиқариб, кўпгина экологик муаммоларга дуч қилди. Мувофиқлаштирувчи бирлашма кўрсатмаларига амал қилинмади деярли.

Ниҳоят, 1991 йил 19 ноябрда Ашхободда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикасининг энергетика тизимларининг параллел ишлаши тўғрисидаги битим имзоланди. Албатта, бу энергетика соҳаси раҳбарларининг тўғри қарори бўлиб, Минтақадаги энергетика тизимларининг ҳеч бири мустақил равишда ўз истеъмолчиларини тўлиқ ишончли энергия таъминоти билан таъминлай олмаслигини тушунган ҳолда амалга оширилди. Шундай қилиб, «Марказий энергия тизимларини ягона диспетчерлик назорати» ташкилоти таъсис этилди ва молиялаштириш манбалари аниқланди. Бир сўз билан айтганда, Марказий Осиё энергетика тизимлари раҳбарларининг узоқни кўра билиши ва самарадорликка эришиши натижасида «минтақа диспетчери» сақлаб қолинди.

Марказий Осиё электр тармоқлари параллел ишини бошқариш ва мувофиқлаштириш бўйича бошқарув органи — Марказий Осиё Ягона энергетика тизими Кенгаши (Марказий Осиё ЯЭТ Кенгаши), Унга энергия тизимларининг биринчи раҳбарлари киритилган бўлиб, йилнинг чоракликларида пойтахт шаҳарларда навбатма-навбат йиғилиб, масалалар жамоавий тарзда муҳокама этилади.

 

3. «Энергия» мувофиқлаштириш диспетчерлик маркази қачон ва нима мақсадда ташкил этилган? Унинг асосий вазифалари нималардан иборат?

Энергетика тизимларида юз берган таркибий ўзгаришлар муносабати билан 2002 йилда Ўрта Осиё Ягона энергетика тизими Кенгаши Марказий Осиё Ягона энергетика тизими Кенгаши мақомини олди ва нодавлат институти мақомига эга бўлди.

2004 йил 27 октябрда Марказий Осиё мамлакатлари энергетика тизимлари ўртасида Марказий Осиё энергетика тизимларининг электр энергетика соҳасидаги алоқаларини мувофиқлаштириш тўғрисида Битим имзоланди. Ушбу Битимнинг 1-моддасига мувофиқ, Марказий Осиёнинг ҳозирги Кенгаши ўрнини босувчи, энергия тизимлари бўйича маслаҳат органи бўлган Марказий Осиёнинг Мувофиқлаштирувчи электр энергетика кенгаши ташкил этилди.

2006 йил 29 сентябрда бўлиб ўтган йиғилишида иштирокчилари нодавлат нотижорат ташкилот — «Энергия» мувофиқлаштириш диспетчерлик марказига Марказий Осиё энергетика тизимларининг оператив-диспетчерлик фаолиятини мувофиқлаштириш юклатилди.

«Энергия» МДМ ўз фаолияти учун юқори бошқарув органи бўлган Марказий Осиё Ягона энергетика тизими Кенгаши олдида ҳисобдор. Унинг таъсис ҳужжатлари ҳар қандай тижорат фаолиятини тақиқлайди.

2020 йил апрель ойида ташкилотимиз 60 ёшга тўлди ва биз бир кун ҳам фаолиятимизни тўхтатганимиз йўқ. Минтақадаги мамлакатларнинг миллий диспетчерлик марказлари билан биргаликдаги диспетчерлик фаолиятида мувофиқлаштириш функциясини бажармоқдамиз.

 

4. Марказий Осиё «энергохалқа»сининг Ўзбекистон электр энергетика фаолиятига ижобий ва салбий таъсирлари нималардан иборат?

Биласизми, ҳар қандай ҳамжамиятда, нафақат энергетика соҳасидаги бирлашма орқали ҳамкорликда, табиийки, сиз қандайдир имтиёзлар олишга даъво қиласиз. Аммо, шу билан бирга, сиз ушбу ҳамжамиятда умум қабул қилинган тартиб-қоидаларга риоя қилишингиз шарт ва бу муайян масъулият юклайди. Ҳар қандай қувват тизимининг параллел ишлашидан олинадиган асосий афзаллиги изоляцияда ишлашга қараганда анча юқори ишончлиликка эга бўлиш, яъни барқарор фаолият гаровидир. Бу ерда мен умум қабул қилинган техник-муҳандислик, хавфсизлик шартларига амал қилиш билан бир қаторда бирлашма иш фаолиятидан унумли фойдаланишни назарда тутмоқдаман. Мисол учун, электр энергетика тармоғида частота ва кучланишнинг юқори сифатини таъминлаш лозим ва бунга минимал куч, яъни ресурс сарфлаш — муҳим вазифа.

Дарвоқе, Марказий Осиё ва Жанубий Қозоғистон ягона энергия тизими бутун МДҲ давлатларидаги каби 50 ± 0,05 Гтс даражадаги частотада ишлайди ва бу техник кўрсаткич Собиқ Иттифоқ даврида яратилган меъёр ҳисобланади. Бу кўрсаткични ҳар дақиқа ростлар (меъёрлаштириб) туриш мушкул масала, айниқса Ўзбекистон энергетика тизимига ўхшаш иссиқлик электр станцияларининг улуши катта бўлган мамлакат учун.

Яна бир муҳим омил шундаки, ҳар қандай энергетика тизими иқтисодий фойдани кўзлайди, яъни ўз маҳсулотини — электр энергиясини қўшни ёки минтақанинг бошқа мамлакатларга экспорт қилиши ёки аксинча, арзонроқ бўлса, қўшнилардан харид қилиш самарадорлигига интилади. Демакки, бу ҳам техник-муҳандислик, ҳам тузатиш-созлаш, ҳам сув ва қазилма ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳам молиявий фойда нуқтаи назаридан самарали.

Ўзаро ҳалқаланган тармоқлар частотани (ёки қувват оқимларини) тартибга солиш ёки улар орқали электр энергиясини транзит қилиш каби масалаларда бир-бирилари учун елкадош. Ҳалқали услубда ишлашнинг Ўзбекистон энергетика тизими учун яна бир муҳим жиҳати борки, у ҳам бўлса мамлакатнинг минтақа марказида жойлашгани, деярли барча транзит йўллар Ўзбекистон балансидаги электр тармоқлари орқали ўтади.

Такрор айтаман, энергоҳалқанинг энг муҳим ижобий томони Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги, деҳқончилик, чорвачилик, қолаверса халқ хўжалигининг барча тармоқлари учун зарур бўлган сувдан оқилона фойдаланиш имконини беради. Ўзингиз ўйланг, ёзнинг чилласида газ ва нефть маҳсулотларини кўпроқ ёқиб электр энергияси эҳтиёжини қоплаган яхшими ёки сув омборларидаги сувни дарё ўзанларига оқизиш орқали электр энергияси кўпроқ ишлаб чиқариб, бу орқали суғориш мавсумини тўлиқ таъминлаганми? Қишда сув омборларидан «санитар меъёрлар»да сув оқизиб, уни тўплаш, электр энергиясини эса табиий захирралар ҳисобига ҳам шаҳарсозликнинг иситиш тизимига бериб, ҳам элекр энергияси ишлаб чиқариш — оқилона йўл. Бунинг учун минтақа электр тармоқлари ўзаро ҳамкорликда, яъни ягона ҳалқа тизимида ишлаши самарали.

Параллел (ҳамкорликда) ишнинг «энергетика ҳамжамиятининг салбий таъсири» ҳақида, ростини айтсам, мен бир нарса дейишим қийин. Агар параллел ишлашнинг афзалликларини суиистеъмол қилмасангиз, диспетчерлик жадвалига риоя қилсангиз, қўшниларингиздан рухсатсиз электр энергиясини қабул қилмай ёки, аксинча, ортиқча ресурсни уларга «суриб юбормай» ишласак — салбий оқибатлари деярли йўқ. Бошқача айтганда, диспетчерлик интизомига риоя қилиш лозим ва интизом ҳеч қандай тарзда «салбий оқибатли» бўлиши мумкин эмас.

 

5. 2022 йил 25 январь кунги каскадли ўчишлардан кейин халқимиз орасида электр энергетика тармоғидаги паралел ишлаш тизими «Собиқ Иттифоқдан қолган оғир юк» ёки «Россиянинг таъсир доираси механизмларидан бири» дея талқин этилмоқда... Бунга муносабатингиз?

Агар жамиятда содир бўлган бахтсиз ҳодисани шундай талқин қилаётган бўлсалар, демак, бу бизнинг айбимиз –— ўз вақтида керакли маълумотларни бермаганимиз, оқибатда ахборий бўшлиқ бор ва бу ёлғон миш-мишлар ҳамда уйдирмаларнинг тарқалишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон энергия тизимининг станцияларидан бирида содир бўлган носозлик, яъни иккита боғловчи тизим (система шин) ва улар билан боғлиқ барча генераторларнинг бир вақтнинг ўзида ўчиши, соҳа вакиллари таъбири билан айтганда, кўзда тутилмаган ҳодиса эди.

Одатда, электр тармоқлари ёки катта қувват блокларининг фавқулодда ўчиши содир бўлганда, энергия тизимида катта қувват «бирдан йўқолса», техник-муҳандисла шартларига кўра аварияга қарши автоматика тизими ишлаши керак, яъни бу истеъмолда бўлган истеъмолчиларнинг керакли миқдордаги ҳажмини ўчириб, тизимининг барқарорлигини сақлаб қолиши керак эди. Аммо бир вақтнинг ўзида 6 та қувват блоки ўз ишини фавқулодда йўқотиши техник шартларда назарда тутилмаган ҳолаьт бўлиб, бундай носозликда барқарорликни таъминлайдиган ҳолатлар ҳеч қандай меъёрий ҳужжатларда кўзда тутилмаган.

Натижада, компенсация қилинмаган қувват номутаносиблиги Қозоғистоннинг Шимолий-Жанубий транзитини рухсат этилган юкламадан ортиқча куч билан юклади ва у асинхрон ишлашдан узилиб, Марказий Осиё ва Қозоғистон жанубидаги электр таъминоти тизимини изоляциялаб ажратиб қўйди. Оддийроқ айтганда, Сирдарё иссиқлик электр станицидаги йирик энергоблокларнинг қуввати бир лаҳзада йўқолиши — Марказий Осиё электр энергетика ягона тизимидаги йирик носолик ва фавқулодда ўчишларга сабаб бўлди. Янаям содда тушунтирсам, ушбу вазиятда электр тақчиллиги шунчалик катта эдики, «частота кўчкиси» содир бўлди. Энергия тизимидаги частотанинг назоратсиз пасайиши, бутун энергия тизимидаги қувват блоклари бир вақтнинг ўзида ўз йўқолишига сабаб бўлди. Бу бизнинг энергетика бирлашмамиз тарихида биринчи марта содир бўлди. Ҳодиса хронологияси ва сабабларини батафсил ўрганиш, шунингдек, бундай ҳодисаларнинг такрорланишининг олдини олиш чораларини белгилаб олиш бўйича ҳозирда комиссия ишламоқда.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

https://minenergy.uz/ru/news/view/1777

https://uzreport.news/economy/chto-takoe-edinaya-obedinennaya-energosistema-tsentralnoy-azii-pochemu-ee-nazivayut-energe

https://www.gazeta.uz/uz/2022/01/31/energiyagetika/?utm_source=push&utm_medium=telegram

https://minenergy.uz/uz/news/view/1777

https://kun.uz/news/2022/01/28/markaziy-osiyo-yagona-energetika-tizimi-qanday-ishlaydi

https://www.gazeta.uz/uz/2022/01/28/energiya/

https://azon.uz/content/views/markaziy-osiyo-energetik-halqasining-uzb

https://kun.uz/ru/news/2022/01/29/ekspert-rasskazal-kak-rabotayet-yedinaya-energosistema-tsentralnoy-azii

 

>