Янгиликлар
Комплаенс назорати хизмати молиявий пуллар оқимини кузатиб боради
  • 01.04.2022
  • 247

Қарор ва ижро

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида "Коррупцияга қарши кураш – давлат ва жамият янгиланишида муҳим омил" мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Соҳа масъуллари, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Собиржон Ортиқов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги "Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг натижаларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Қайд этилганидек, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида коррупцияга қарши курашиш сиёсати қабул қилинган ва унда асосий тўртта мақсадни амалга ошириш устувор вазифа этиб белгиланган. Акциядорлик жамиятида коррупцияни тубдан йўқотишга эришиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, акциядорлик жамиятида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва жамият фаолиятининг барча соҳаларида коррупцияни олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш шулар жумласидандир. Жамиятда Комплаенс назорати хизмати фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, у мамлакатимизда амалдаги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар асосида коррупцияга қарши курашиш ишларини тизимли ташкил этмоқда.

– Акциядорлик жамияти 2019 йил ва 2020 йилнинг 3-чорак якунлари бўйича коррупция ва унга қарши курашиш бўйича Европа тараққиёт ва тикланиш банки ва Англиянинг «Good corporation» компанияси ҳамкорлигида бир қатор ишларни амалга оширди, – деди жамиятнинг Молиявий бошқарув, бизнес этика, шаффофлик ва комплаенс бўлими бошлиғи Нигора Абдуллаева. – Бу жараёнлар эса босқичма-босқич бажарилди. Масалан, 1-босқичда жамиятда коррупция ва унга қарши курашиш бўйича махсус бўлим очилган бўлса, 2-босқичда коррупция ва унга қарши курашиш бўйича 10 дан ортиқ халқаро талабларга жавоб берадиган ички ҳужжатларни масъул шахслари томонидан ишлаб чиқилиб, акциядорлик жамиятининг ваколатли органлари томонидан тасдиқланди. 

Кейинги босқичлар ҳам режа асосида ташкил этилди. Акциядорлик жамияти compliance тизимида ходимлар томонидан қоидабузарликни хабар қилиш учун махсус телефон, алоҳида электрон почта фаолияти ҳамда совғалар ва унга тенглаштирилган қимматбаҳо буюмларни рўйхатдан ўтказиш реестри шакллантирилди. Шу билан бирга, акциядорлик жамиятимизда коррупцияга мойил лавозимлар ва уларнинг рўйхати шакллантирилган бўлиб, унинг фаолияти билан тўғридан-тўғри боғлиқ функцияларни амалга оширувчи соҳалар назоратга олинган.

Тадбирда жамият томонидан коррупцияга қарши курашиш ишлари ўзининг амалий натижалар бераётгани ҳам қайд этилди. Хусусан, 2021 йил 30 июнда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” бўйича ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификатини қўлга киритди. Ушбу сертификат жамият фаолиятининг коррупцияга қарши курашиш стандартларига мос эканлиги, ташкилотда порахўрлик ва коррупцияга қарши кураш тизими мавжудлигини белгиловчи халқаро ҳужжат ҳисобланади.

– 2021 йилда 409 та тўғридан-тўғри тузилган шартнома қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилди. Махсус электрон портал орқали амалга оширилган шартномалар сони 987 тани ташкил этди. Давлат харидлари соҳасида Халқаро аудиторлик компанияси ёллаш натижасида форензик аудит ўтказилди. Шунингдек, харидлар соҳасида коррупциявий рискларни минималлаштириш, инсон омилини янада камайтириш учун харидларни автоматлаштириш борасида режали ишлар олиб борилмоқда. Жамиятнинг молия-иқтисод йўналиши юзасидан шуни айтиш жоизки, молиявий пуллар оқими бўйича йиллик ойлик кунлик мониторинг олиб бориш йўлга қўйилган. Бухгалтери ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси амалга оширган тўловлар “банк клиент” дастури орқали Комплаенс назорат хизмати томонидан доимий кузатиб борилади. Банк ҳисоб рақамларидан амалга оширилаётган тўловлар қонунчиликка тўғри келиши, жамиятнинг иқтисодий кўрсаткичларига таъсири ва молиявий ҳисоботларда акс эттирилиши бўйича хулосалар бериб борилмоқда, – деди Нигора Абдуллаева.

Матбуот анжумани доирасида «Ўзбекистон МЭТ” АЖ томонидан 2021 йилда электр тармоқларини модернизация ҳамда реконструкция қилиш ишлари бўйича эришилган натижалар юзасидан маълумот берилди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири

https://uza.uz/uz/

✍️ «O‘zbekiston MET» AJ Axborot xizmati

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>