ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Блогер ўзи ким? У халқи учун ёзиши керакми ёки ҳалқуми?»
  • 18.04.2022
  • 1016

Таъмагирлик — ҳеч қайси мезон билан оқланмаганидек, ҳеч қайси соҳани четлаб ўтмаган иллат. Таъмагирлик пора олди-бердиси билан ёнма-ён, шантаж, қўрқитиш ва алдовнинг хунук кўринишларини акслантирувчи ойнадир. Сўз эркинлиги боғичларининг қўйиб юборилиши ортидан қатор муаммолар юзага қалқиб чиқиб, ҳал этилишга йўл очилаётган бўлса, бу минбардан ўз манфаати ва халқуми учун фойдаланиб қолаётганлар бор. Андижонда, Қашқадарё, Навоий ва бошқа вилоятларда пора талаб қилиб, товламачилик йўли билан боғча мудирасидан пул ундирмоқчи бўлган, ер олиб беришни режалаштирган “блогер”лар фикримизга яққол далил бўла олади. Очиқ, шаффоф, сўз эркинлигини суиистеъмол қилмайдиган, ҳақ сўзни айта олган фаолият “блогерман” дейдиганларнинг дастури бўлмоғи жоиз. Аммо, бу талаб ўлчовлари айни кунларда бироз тескари ишлатилаётгандек. Шу жиҳатдан, омма эътиборини яна бир бора мазкур мавзуга қаратишни лозим топдик. Таҳдид қилувчи, шантажчи блогерлар жамиятга керакми? Блогер фаолиятини тартибга солиш ўринлими? Шу каби саволлар билан бир нечта фаолларга юзландик.

Наргис Қосимова, журналист:

Ҳақиқатдан ҳам, бугунги кунда блогерлардан жуда ҳам кўпчилик азият чекяпти, десам янглишмаган бўламан. Ўзим жуда кўп ташкилотларнинг ахборот хизматлари раҳбарлари билан мунтазам мулоқот қиламан. Ахборот хизматлари раҳбарлари айнан блогерларни бевосита “шантажчилиги”дан, кейин пул талаб қилишидан шикоят қилишаётгани бор ҳақиқат. Чуқурроқ ўйлаб қаралса, қарс икки қўлдан чиқади. Ҳар қандай ташкилотнинг фаолияти шаффоф бўлса, ҳеч нимадан қўрқмаса, албатта, блогер шантаж қилганида ҳам уларга пул таклиф этилмайди. Лекин бугунги кунда бир иккита ўзим ҳурмат қилган блогерлар бор эди. Вилоятларда, ҳудудларда қилаётган ишларини эшитиб, умуман кўнглим қолди. Ана шундай блогерлар билан ўзаро касбий, умуминсоний муносабатларга нуқта қўйдим. Камида 25 миллион (уёғи нарх кўтарилиб бораверади, ҳатто, ҳудудга қараб 100-500 миллионга қадар) сўм миқдоридаги шартнома тузишни таклиф этар экан. “Агарда пул ўтказиб бермасангиз, ундай бўлади, бундай бўлади”, деб қўрқитар экан. Биласизми, иш бор жойда, албатта, камчилик ҳам бўлади. Ва нимагадир раҳбарларимиз мана шу камчилилкларни кўтариб чиқишдан қўрқади. Бундай ҳолларда аксинча, қўрқмаслик керак, деб ўйлайман. Балки юзага келган муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш керак. Бу биринчидан. Иккинчидан, бизда аллақачон блогерлик фаолиятини тартибга солиш вақти келди. Журналистика билан блогерликнинг фарқи нимада? Журналистика объектив информация тарқатади. Яъни икки томонни эшитади. Блогерлик — бу субъектив информация тарқатиш билан шуғулланади. Демоқчиманки, блогер ўзи тарқатаётган материални ўзининг савияси, дунёқараши, билими (бу ерда энг муҳим масала блогер кўтариб чиқаётган муаммо учун пул олганми, йўқми)дан келиб чиққан ҳолда эълон қилади. Аксар блогерлар эса, афсуски, муаммо илдизини суриштириб, мавзунинг моҳиятини чуқур англамаган ҳолда, кимдир шикоят қилса, қаерда камчилик кўрса танқид қилиб кетаверади. Энг ёмони, айримлари инсоннинг қадр-қимматини туширувчи, шахсий дахлсизлигига путур етказувчи турли сўзлар билан ҳақоратлашдан ҳам тийилгани йўқ. Масалан, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунда блогерлик фаолияти юзасидан моддалар киритилган. Шунга қарамай, билим, этика ва ахлоқ қоидаларига амал қилмайдиган кимсалар ўзидан “блогер” ясаб олган.

Ўзим ҳам бунга тўқнаш келдим. Ижтимоий саҳифаларимдан бирида айнан юқоридаги “сифатлар”га эга блогерлар керакми деган мазмунда март ойи аввалида пост қолдирган эдим. Постим бирор аниқ шахсга қаратилмаган, аксинча, жамоатчилик фикрини билиш учун умумий ёзилган эди. Уч кун ўтар-ўтмас “Қўрқма.уз” телеграм каналининг блогери ўз-ўзидан мени ҳақорат қилиб чиқди. Қайтадан “мана, блогерларнинг савияси”, дея пост эълон қилганимда, куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлади. Тегишли ташкилотларга ариза билан мурожаат қилдим. Ўша блогернинг шахси аниқланди, ички ишлар ходимлари бу ишни судга оширади деган умиддаман. Бу ишнинг охиригача бормоқчиман. Мени ҳақоратлаган пост жойланган шу канални кўз югиртириб чиққанимда, хотин-қизларни ҳақоратловчи постлар кўплигини кўрдим. Ахборот майдонимиз нима учун мана шундай ҳақоратомуз, субъектив ва ахлоқсиз информациялар билан тўлиб-тошмоқда. Нима учун бу ҳолатга ҳеч ким эътибор қаратмайди?

Тўғри, Ўзбекистонимизда кўтарилиши керак бўлган муаммолар кўп. Аммо бу муаммоларни бир томонлама кўр-кўрона ёритиш керак, дегани эмас. Бу байроқни ижтимоий тармоқларда аллақандай блогерлар илиб кетди. Сабаби, юқоридан айтганимдек, журналистлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи меъёрлар кўп. Улар расмий манбалар орқали ахборот узатишга ҳаракат қилади.

Блогерлар учун эса ҳеч қандай фильтр мавжуд эмас. Айрим аҳоли вакиллари эса улардан “қаҳрамон” ясаб олган. Энг ёмони, Президентимиз баъзи чиқишларида блогерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳақида гапирганлари учун ҳам бир қанча амалдорлар буни ўзича нотўғри талқин қилиб ҳадиксираб қолди. Ўзлари уюштирган медиа-турларга профессионал журналистлар қолиб, ана шундай “блогер”ларни етаклаб кетадиган бўлди. Очиқдан-очиқ шантаж, асоссиз пул ундириш ҳолатлари эса кундек равшанлашиб бормоқда. Бу эса, текширилмаган информация тарқалиши, экстреместик маънодаги гап-сўзлар кўпайиши учун хизмат қилмоқда. Фуқаролар ўртасида зиддиятли кайфиятни пайдо қилишга туртки бўлмоқда. Давлатни, жамиятни, ҳукуматни қоралаб чиқиш билан одамлардаги ватанпарварлик туйғуларини сўндиришга уриниш эмасми?

Бунинг учун нима қилиш керак? Биз ҳозир бошимиздан кечираётган ҳолат дунёнинг бошқа мамлакатлари ҳам бошдан кечирган. Қозоғистонда, Россияда айнан блогерлар фаолиятини тартибга солиш бўйича қонунлар ишлаб чиқилмоқда. Обуначиси кўп бўлса, қанчадир миқдорда солиқ тўлаши лозимлиги, чиқараётган постларининг келгучида ахборот хуружига, қандайдир таҳдидли ахборотга айланиб кетмаслиги учун назоратга олиш юқоридаги мамлакатларда анча тартибга солинган. Ана шу жараёндан кейин қатор блогерлар ўз фаолиятини тўхтатди. Шундан сўнг рўйхатдан ўтган, расмий ОАВнинг салоҳияти кучайди, савияси кўтарилди. Улар яна ўз овозига эга бўла бошлади. Аслида, ривожланган демократик жамиятда мана шунақа бўлиши керак, менимча.

Нурбек Алимов, блогер:

Ҳа, бундай “блогер”лар бор. Чунки, гуруч курмаксиз бўлмайди. Турли ташкилотларни ва жамиятда обрўйи баланд инсонларни шантаж қилиб пулини олишга интиладиган ёки бирор нарса ундириш илинжида таъмагирлик қиладиган, муродини ҳосил қилмаса, уни ёмонлаб ёзадиганлар бор. Буни мен катта муаммо ҳисобламайман. Ўша блогер қонун доирасидан чиқдими, қонунни буздими, марҳамат судга, марҳамат қамоққа. Жиноят қиляптими, жазосини олсин.

Буни сўз эркинлигини нотўғри тушуниш оқибатида келиб чиқадиган «побочный эффект»лар, деб ўйлайман. Қонун ишласа, жазо муқаррар бўлса, бу каби ҳолатлар ўз-ўзидан тинчиб кетади.

Баҳодир Аҳмедов, блогер-ҳуқуқшунос:

Блогер — бу фуқаро, яъни ижтимоий тармоқда саҳифаси бўлган ҳар қандай одам блогер саналиши мумкин. Фуқаронинг ичида ҳам ҳар хили — фирибгари бор, қонун бузмайдигани бор. Блогернинг ҳам худди шундай; керак бўлса, журналистнинг ҳам ҳар хили бўлиши мумкин. Шунинг учун қайсидир блогер қўлга тушиб, ҳақиқатдан ҳам айби бўладиган бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, суд орқали уни жавобгарликка тортиш лозим. Бутун дунёда энг кўп суд ишлари оммавий ахборот воситалари, прессалари билан бўлади. Чунки ҳар хил ҳолат бўлиши табиий жараён. “Шаънимни топтади, бизнесимга зарар келтирди”, деб судга берилиши нормал ҳолат, аслида. Бунга ҳам кўникиш керак. Улар орасида қонун бузадиганлари чиқиб қолса, белгиланган тартибда жазолансин.

Наргиза ЮНУСОВА, Human.uz журналисти

Манба: https://human.uz/8/46/5859

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>