Янгиликлар
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқаруви раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Д.А.Исақуловнинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятига хизмат сафари тафсилотлари
  • 21.04.2022
  • 245

Бугун, 2022 йил 21 апрель санасида, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Д.А.Исақулов Нукус–Тошкент йўналишидаги тонгги авиарейс билан Нукус шаҳрига етиб келди.

 

Дадажон Айнақулович дастлаб «Қорақалпоғистон магистрал электр тармоқлари» филиалининг маъмурий биносида бўлиб, филиал фаолияти билан яқиндан танишди. Акциядорлик жамияти бошқаруви раисига «Қорақалпоғистон МЭТ» филиали директори С.К.Умбетов ахборот бериб, юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанциялар барқарор фаолият юритаётгани тўғрисида ҳисобот берди. Сўнгра филиал мутахассислари иштирокида Қорақалпоғистон Республикасида мавжуд магистрал электр тармоқлари ва 220 кВ кучланишли подстанцияларда олиб борилаётган модернизация-реконструкция ишлари муҳокама этилди.

 

Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган юқори кучланишли подстанциялар фаолиятини мувофиқлаштириш баробарида Д.А.Исақулов 38-сонли “Кулоб” сайлов округида истиқомат қилаётган фуқаролардан тушган мурожаатларни ўрганиш мақсадида Хўжайли туманига ташриф буюрди. Депутат туман “Халқ қабулхонаси” биносида жойлашган “Депутат қабулхонаси”да 2022 йил бошидан буён қайд қилинган 30 га яқин ёзма мурожаатлар билан бирма-бир танишиб чиқди.

 

Депутат қабулхонаси раҳбари, Экологик партияси Хўжайли тумани ташкилоти раиси Г.Ю.Сариева қайд этилган фуқаролар мурожаатини таснифлаб, туман ҳокимияти ва бошқа ташкилот мутасаддиларига юборилгани, Депутат Исақулов томонидан вазирлик ва ташкилотларга юборилган депутатлик сўровлари бўйича амалга оширилган ва оширилаётган ишлар хусусида ахборот берди.

https://telegra.ph/deputatisaqulov-07-14
Сўнгра депутат Д.Исақулов Хўжайли туманида жойлашган, 2020 йил июль ойида Хўжайли тумани ҳокими билан унинг бу борадаги режалари муҳокама қилинган, 2022 йил март ойида Жўқорғи Кенгес раиси М.Қ.Камалов томонидан очиб, фойдаланишга топширилган “Ижтимоий шаҳарча”га ташриф буюрди.
 

Маълумот ўрнида: мазкур ижтимоий шаҳарча Хўжайли туман ҳокимининг ташаббуси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши қўллаб-қувватлаши билан туманда уйсиз ва боқувчисини йўқотган фуқаролар, қаровсиз қолган ногирон ва қариялардан иборат 124 та хўжаликни ўз бағрига олган бўлиб, шулардан 17 та хўжалиги 38-сонли Кулоб сайлов округи фуқароларидир. Депутат Исақулов "Ижтимоий шаҳарча" фуқароларининг яшаш шароитлари билан танишиб, уларнинг мурожаат, таклиф ва мулоҳазаларини тинглади.

 

Депутатнинг навбатдаги ташрифи “Водник” қўрғонида жойлашган 23-сонли ўрта мактаб биносига бўлди. У ерда овул фуқаролари иштирокида депутатнинг сайёр қабули ўтказилди. Сайёр қабулда, шунингдек, Хўжайли тумани ҳокимиятидан вакиллар, туман электр, газ ва ичимлик суви таъминотига масъул ташкилотлардан мутахассислар иштирок этишди.

 

Куннинг иккинчи ярмидаги сайёр қабул Жан-Қўнғират овул фуқаролари билан ҳудуддаги 27-умумтаълим биносининг спорт залида ўтказилди. Депутатнинг ушбу сайёр қабулида ҳам овул фуқароларини қийнаб келаётган масалалар муҳокама этилиб, туман ҳокимлиги мутасаддилари иштирокида муаммолар ечими бўйича амалий хатти-ҳаракатлар режаси белгиланди.

Бир сўз билан айтганда, Жўқорғи Кенгес депутати фуқаролар мурожаатларидан келиб чиқиб ўзининг кейинги фаолиятидаги амалиётларни белгилаб олди.

 

Сўнг «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақулов Қорақалпоғистон Республикасидаги 220 кВли «Беруний» ҳамда Хоразм вилоятида жойлашган 220 кВли «Хоразм» подстанцияларида амалга оширилаётган модернизация-реконструкция ишлари билан танишди. Хусусан, Акциядорлик жамияти бошқаруви раиси инвестицион лойиҳалар амалга оширилгандан сўнг филиал ва подстанциялар омборида қолган, демонтаж қилинган ҳамда мавсумга тайёрланиб қўйилган мавжуд эҳтиёт қисмлар захираси билан танишди. Бошқарув раисини «Хоразм магистрал электр тармоқлари» филиали директори Р.Я.Сапарбоев кутиб олиб, Хоразм вилоятидаги юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанциялар барқарор фаолият юритаётгани тўғрисида ҳисобот берди.

 

Барчамизга маълумки, охирги беш-олти йилда ёз мавсуми одатдагидан иссиқ ва қуруқ келмоқда. Айниқса, ҳаво ҳарорати Цельсий шкаласи бўйича 40 даражадан юқори бўлганда совутиш тизимига эга бўлган электр қурилмалари ортиқча юклама билан ишлайди ва бунинг оқибатида турли носозликлар келиб чиқиши мумкин. Айнан шундай носозликларнинг олдини олиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг дашти-саҳро кенгликлари узра чўзилган ҳаво тармоқларини кўрикдан ўтказишга чиққан, юқори кучланишли подстанцияларда қурилиш-монтаж ишлари билан шуғулланаётган бригадаларнинг иш самарадорлиги ҳам ўрганилди.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқаруви раиси юқори кучланишли подстанция ҳамда электр узатиш тармоқларида меҳнат қилаётган мутахассисларга ўз тавсияларини бериб, республикамизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясини паст кучланишли ҳаво тармоқларига етказиб бериш ишончлилигини таъминлаш юзасидан тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақуловнинг хизмат сафари айни пайтда Хоразм вилоятида давом этмоқда.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

ДЕПУТАТ ҚАБЫЛЛАЎХАНАСЫ / ДЕПУТАТ ҚАБУЛХОНАСИ

Каналга аъзо бўлинг! t.me/deputatisaqulov

>