ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: ««Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» йил бошидан бери 1,5 триллион сўм зарар кўрди. Бу ўтган йилга нисбатан 6,5 баробарга кўп»
  • 27.04.2022
  • 207

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»нинг 2022 йилнинг январь—март ойларидаги умумий даромади 5,1 трлн сўмни ташкил этди. Бу ҳақда «Дарё»га компания молиявий ҳисоботидан маълум бўлди.

Даромад 2021 йилга нисбатан деярли ўзгармаган. Бироқ бу даврда харажатлар кўпайди — 5,2 трлн сўмдан 6,4 трлн сўмга етди. 

Компания фойда кўрмагани сабабли фойда солиғини тўламаган.  

Ўтган йилнинг биринчи чорагида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» 225 млрд сўм зарар кўрган эди. Бу йил эса зарар миқдори 6,5 баробарга ошиб 1,49 трлн сўмга етди.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” матбуот хизмати ҳолат бўйича “Дарё”га изоҳ берди

Унга кўра, зарар миқдорини кескин ошиб кетишинг асосий сабаби компания Ўзбекистонда электр энергиясини ягона харид қилувчи ва сотувчи ҳисобланиши.

 Жамиятнинг молиявий фаолияти — электр энергияни ишлаб чиқарувчилардан харид қилиб олиш ва ҳудудий электр тармоқларига сотиш ҳисобига шаклланади. Тарифлар идоралараро таъриф комиссияси томонидан белгилаб берилган бўлиб, электр энергиясини харид қилиш ва сотиш тарифлари асосида амалга оширилади, — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Маълум бўлишича, 2022 йил биринчи чоракда ишлаб чиқарувчилардан жами 18,6 млрд киловатт соат электр энергияси ўртача ҚҚС билан бирга 378,2 сўмдан харид қилиниб, ҳудудий электр тармоқ корхоналарига ўртача 320,9 сўмдан сотилган (ҳар бир киловатт соатдан 57,3 сўмдан зарар кўрилган).

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» қандай компания? 

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти президентининг 2019 йил март ойидаги қарорига мувофиқ ташкил этилган. Компания Энергетика вазирлиги тизимида фаолият юритади.

Асосий фаолият турлари қуйидагилар:

► Ўзбекистоннинг магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш ва уларни ривожлантириш;

► электр энергияни магистрал электр тармоқлари орқали етказиб бериш;

► давлатлараро транзитни амалга ошириш;

► қўшни давлатларнинг электр энергетика тизими билан ҳамкорлик қилиш ва бошқалар.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» марказий аппарати ва таркибидаги тузилма ҳамда филиалларда жами бўлиб, 5000 нафарга яқин ходим ишлайди.

Аввалроқ UzAuto Motors йил бошидан буён қанча фойда кўргани маълум бўлган эди. Компаниянинг соф фойдаси 619 млрд сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан қарийб икки баробар ошган. «Ўзбектелеком»нинг фойдаси икки баробарга тушган. Биринчи уч ойда компаниянинг соф фойдаси 120 млрд сўм бўлди.

 

Манба:

https://daryo.uz/2022/04/27/ozbekiston-milliy-elektr-tarmoqlari-yil-boshidan-beri-15-trillion-som-zarar-kordi-bu-otgan-yilga-nisbatan-65-barobarga-kop/

https://openinfo.uz/ru/reports/17286/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>