Янгиликлар
"Сирғали” подстанцияси билан танишув ва уч ойлик сарҳисоб
  • 13.05.2022
  • 266

Қарор ва ижро

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти мамлакатимизнинг магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш ва уларни ривожлантириш, электр энергияни магистрал электр тармоқлари орқали етказиб бериш ва давлатлараро транзитни амалга ошириш, қўшни давлатларнинг электр энергетика тизими билан ҳамкорлик қилиш ишлари билан шуғулланади.

Жамият таркибида 14 та ҳудудий магистрал электр тармоғи, энергетика тизими бўйича фаолият юритадиган миллий диспетчерлик маркази, марказий реле ҳимояси ва автоматика хизмати, лойиҳалаштирувчи, қурилиш-монтаж ва бошқа хизматлар кўрсатувчи функционал филиаллар мавжуд. Жамиятга қарашли 85 та подстанция ва 11 400 км дан ортиқ 220-500 кВли магистрал ҳаво электр узатиш линияси мавжуд.

Электр энергияси транспортировкаси ҳамда истеъмол баланси 2022 йилнинг I-чорак якунларига кўра, баланс кўрсаткичлари, яъни 2022 йил январь-март ойларида иссиқлик электрстанциялари ҳамда марказларида 19 745,5 миллион киловатт/соат, амалда 18 517,1 миллион кВт/соат, гидроэлектр станцияларида эса 806,6 миллион кВт/соат, амалда 961,1 миллион кВт/соат электр энергиясини ишлаб чиқарилган.

Бугун мазкур ташкилот томонидан ташкил этилган 220 кВ кучланишли “Сирғали” подстанциясига уюштирилган пресс-турда шу ҳақда маълумот берилди.

"Тошкент магистрал электр тармоқлари" филиали директори Абдулазиз Боймуҳаммедов "Сирғали " подстанция фаолияти ҳақида гапириб берди.

– 9 гектар ҳудудда жойлашган мазкур станция 2020 йил 5 майда фойдаланишга топширилган, – деди у. – Станция Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги қарори ижроси доирасида бунёд этилди. Ҳозирги кунда Тошкент металлургия заводи ва Янги ҳаёт ва Сергели туманлари маҳаллаларга электр энергия етказиб беради. Ушбу подстанцияда замонавий қурилмалар ўрнатилган бўлиб, у рақамли иш тартибида ишлайди. Яъни барча жараёнлар бошқарув маркази орқали инсон омилисиз бажарилади. Компьютерлашган тизимда ҳар бир иш параметри аниқ кўрсатиб турилади.

 

"СИРҒАЛИ” ПОДСТАНЦИЯСИ БИЛАН ТАНИШУВ ВА УЧ ОЙЛИК САРҲИСОБ

https://uza.uz/uz/photo-bank/104218

 

Шундан сўнг иштирокчилар подстанция фаолияти билан таништирилди. Навбатчи гуруҳнинг электр қурилмаларида олиб борилаётган ишлари кузатилди. Шунингдек, ходимларнинг хавфсизлик техникаси бўйича тайёргарлиги ва тиббий хизмат кўрсатиш тартиблари юзасидан амалий машғулотлар ўтказилди.

Пресс-тур доирасида жорий йилнинг уч ойлиги якунларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Собиржон Ортиқов ушбу даврда амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

– 2022 йил 1-чорак давомида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган 19 701 миллион кВт/соат, шу билан бирга, қўшни республикалардан импорт қилинган 1600 миллион кВт/соат электр энергияси «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги юқори кучланишли подстанция ҳамда элекр тармоқлари орқали тақсимловчи паст кучланишли тармоқларга етказиб берилди, – деди С.Ортиқов.

Бунда электр энергиясини узатишдаги технологик сарфи белгиланган меъёр 2,98 фоиз ўрнига, амалда эса 620,8 миллион кВт/соат, яъни ёки 2,70 фоизни ташкил этди.

Маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича йил бошидан 1,5 миллиард сўмга харажатлар қисқартирилиб, режа 101,4 фоизга бажарилди. Импортни қисқартириш кўрсаткичи январь-март ойларида 60 минг АҚШ доллари миқдорида 104,3 фоизга бажарилди.

Электр ускуналарида 2022 йил январь-март ойларида 4 та 110-500 кВли куч трансформатори, 9 та 110-500 кВли ўчиргичи, 5 та ҳаво компрессори, 147,5 км ҳаво электр узатиш тармоқларида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Юқори кучланишли подстанциялар қувватларини ошириш 2022 йил бошидан модернизация дастури асосида 2 та подстанцияда юқори кучланишли трансформаторлар ўрнатилиб ишга туширилиши натижасида қувват 141 МВАга оширилди. Жумладан, Тошкент вилояти“Тракторсоз” подстанциясида бир дона 125 МВА, Самарқанд вилояти “Чўпонота” подстанциясида 16 МВАдир. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги ПҚ-72-сонли қарори ижросида инвестиция лойиҳалар ҳақида сўз борди. Хусусан, “Ўзбекистон МЭТ” АЖ бўйича умумий лойиҳа қиймати

1 159,1 миллион АҚШ доллари миқдорида бўлган 14 та йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Шундан 2022 йилда 133,3 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағларни ўзлаштириш кўзда тутилган. 2022 йил январь-март ойларида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жами 13,8 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилгани қайд этилди.

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА

Манба: https://uza.uz/uz/posts/sirgali-podstanciyasi-bilan-tanishuv-va-uch-oylik-sarhisob_371772

 

«Ўзбекистон МЕТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>