Янгиликлар
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти таркибидаги 220 кВ кучланишли «Сирғали» подстанциясида Пресс-тур ҳамда Акциядорлик жамияти фаолиятининг 2022 йил 1-чорак якунларига бағишланган Матбуот анжумани
  • 13.05.2022
  • 332

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги ПҚ-4249-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикасининг магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш ва уларни ривожлантириш, электр энергияни Республиканинг магистрал электр тармоқлари орқали етказиб бериш ва давлатлараро транзитни амалга ошириш, қўшни давлатларнинг электр энергетика тизими билан ҳамкорлик қилиш «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг асосий фаолият турлари ҳисобланади.

Бугунги кунда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ таркибида 14 та ҳудудий магистрал электр тармоқлари, энергетика тизими бўйича фаолият юритадиган миллий диспетчерлик маркази, марказий реле ҳимояси ва автоматика хизмати, лойиҳалаштирувчи, қурилиш-монтаж ва бошқа хизматлар кўрсатувчи функционал филиаллар мавжуд. Жамиятга қарашли 85 та подстанция ва 11 400 км дан ортиқ 220–500 кВли магистрал ҳаво электр узатиш линиялари мавжуд. 

Электр энергияси транспортировкаси ҳамда истеъмол баланси

2022 йилнинг I чорак якунларига кўра, баланс кўрсаткичлари, яъни 2022 йил январь-март ойларида иссиқлик электр станциялари ҳамда марказларида прогноз — 19 745,5 млн кВт •соат,

амалда — 18 517,1 млн•кВт соат (93,8 %); гидроэлектр станцияларида эса прогноз — 806,6 млн кВт•соат, амалда 961,1 млн кВт•соат (119,2 %) электр энергиясини ишлаб чиқарилди. 

Умумлаштирилганда, 2022 йил 1-чорак давомида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган 19 701,0 млн кВт•соат, шу билан бирга, қўшни республикалардан импорт қилинган 1600,0 млн кВт•соат электр энергияси «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги юқори кучланишли подстанция ҳамда элекр тармоқлари орқали тақсимловчи паст кучланишли тармоқларга етказиб берилди.

Бунда, электр энергиясини узатишдаги технологик сарфи белгиланган меъёр 2.98% ўрнига, амалда эса 620,8 млн. кВт•соат, яъни ёки 2,70 фоизни ташкил этди. 

Маҳсулот таннархини пасайтириш ва импортни қисқартириш

Маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича йил бошидан 1,5 млрд сўмга харажатлар қисқартирилиб, режа 101,4 фоизга бажарилди. Импортни қисқартириш кўрсатгичи январь-март ойларида 60,0 минг АҚШ доллари миқдорида 104,3 фоизга бажарилди.

Электр ускуналарида мукаммал таъмирлаш 

2022 йил январь–март ойларида қуйидаги электр ускуналарида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди: 4 та 110–500 кВли куч трансформаторлари; 9 та 110-500 кВли ўчиргичлари; 5 та ҳаво компрессорлари; 147,5 км ҳаво электр узатиш тармоқлари. 

Юқори кучланишли подстанциялар қувватларини ошириш

2022 йил бошидан модернизация дастури асосида 2 та подстанцияда юқори кучланишли трансформаторлар ўрнатилиб ишга туширилиши натижасида қувват 141 МВА га оширилди. Жумладан, Тошкент вилояти «Тракторсоз» подстанциясида – 1 дона 125 МВА, Самарқанд вилояти «Чўпонота» подстанциясида — 16 МВА.

Инвестиция лойиҳалари маблағларини ўзлаштириш 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги ПҚ-72-сонли қарорига асосан «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бўйича умумий лойиҳа қиймати 1 159,1 млн АҚШ доллари миқдорида бўлган 14 та йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Шундан 2022 йилда 133,3 млн АҚШ доллари миқдорида маблағларни ўзлаштириш кўзда тутилган. 2022 йил январь-март ойларида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жами 13,8 млн АҚШ доллари (режага нисбатан 264,5 фоиз), шундан, Давлат кафолати остидаги чет эл маблағларидан 3,0 млн АҚШ доллари (режага нисбатан 100 фоиз), «Ўзбекистон МЭТ» АЖ ўз маблағлари ҳисобидан 10,1 млн АҚШ доллари (режага нисбатан 455,3 фоиз) ҳамда Бюджет ссуда маблағиларидан 0,68 млн доллари ўзлаштирилди. 

Молиявий кўрсаткичлар

2022 йил I чорак якуни бўйича молиявий фаолияти тезкор ҳисоб китобларга кўра 1,5 трлн сўм миқдорида зарар билан якунлади.

Акцияорлик жамиятининг молиявий-иқтисодий фаолияти зарар билан якунланишининг асосий сабаби Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси йиғилишининг 2021 йил 2 августдаги 7-сонли баёни билан тасдиқланган электр энергиясини харид қилиш ва сотиш тарифлари ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йил биринчи чоракда ишлаб чиқарувчилардан жами 18,6 млрд киловатт•соат электр энергияси ўртача ҚҚС билан бирга 378,2 сўмдан харид қилиниб, ҳудудий электр тармоқ корхоналарига ўртача 320,9 сўмдан сотилди (ҳар бир киловатт соатдан 57,3 сўмдан зарар кўрилди).

Давлат -хусусий шериклик тамойили асосида 

Давлат-хусусий шериклик тамойили асосида қурилаётган хусусий электр станцияларини республика энерготизимига улаш ва уларни бошқаришни таъминлаш ҳамда ушбу ишларни тўғри ташкил этиш учун хорижий мутахассисларни жалб қилиш борасида Осиё Тараққиёт Банки томонидан ёлланган «Адалид Асессорс Консалтерс» (ADAYC) консалтинг компанияси мутахассиси Сантяго Мирабал Монтеро (Испания, Мадрид) билан яқин ҳамкорликда ишлар олиб бормоқда. 

Хусусан, Бирлашган Араб Амирликларининг «Масдар» компанияси билан Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси, жорий йилнинг январь ойида Туркиянинг «AKSA Enerji Üterim A.Ş.» компанияси билан Тошкент вилоятида умумий қуввати 470 МВт бўлган буғ-газ ва газ-поршенли, Бухоро вилоятида қуввати 270 МВт бўлган газ-поршенли ҳамда Туркиянинг «Hidro Enerji A.Ş.» компанияси билан Хоразм вилоятида қуввати 174 МВт бўлган газ-поршенли энергосамарадорлиги юқори бўлган иссиқлик электр станциялари ишга туширилди. 

Корпоратив ислоҳотлар ҳамда трансформация жараёнлари

Жамиятни трансформация қилиш бўйича давлат иштирокидаги йирик корхоналарга жаҳон стандартларига жавоб берадиган, замонавий корпоратив бошқарув тизимларини жорий этиш, иш жараёнларида информацион технологиялардан кенг фойдаланиш орқали самарадорликни оширишга йўналтирилган тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. 

Жумладан: 

• Жамиятда «Трансформацияни амалга ошириш офиси» ва Бошқарув раисининг трансформация бўйича ўринбосари лавозими ташкил этилди;

• Корпоратив бошқарув тамойиллари ҳалқаро стандартларга мослаштирилди (ISO 9001) ва Коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича (ISO 37001) ҳалқаро стандарт сертификатлари олинди;

• Жамият ва унинг таркибидаги корхоналарда «Комплаенс назорати» хизмати йўлга қўйилди;

• 1С-корхона дастури интеграция қилиниб, молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари жорий этилди;

• Жамиятнинг 2019–2020 йил молиявий ҳисоботлари «Ernst & Young» LLC аудиторлик ташкилоти томонидан халқаро стандарт талабларига мувофиқ тўлиқ аудиторлик текширувидан ўтказилди ва ижобий хулоса олинди. 

• 2021 йилда Grant Thornton халқаро аудит компанияси жамиятдаги ҳаридлар жараёнини аудитдан ўтказди ва ижобий хулоса олинди; 

• Энергокомпанияларда чуқур диагностика ўтказиш ва тизимли камчиликларни аниқлаш, ҳаражатларни қисқартириш ва замон талабларига жавоб берадиган операцион бошқарув тизимини яратиш бўйича «McKinsey&Company» халқаро консалтинг компаниясининг тавсиялари ишлаб чиқилди. Операцион ҳаражатларни мақбуллаштириш, ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш режаси белгилаб олинди; 

• Ўзбекистон энергетика соҳасида илк бор Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан давлат кафолатисиз корпоратив кредит ажратиш бўйича келишув имзоланди;

• «Рақамли трансформация»ни амалга ошириш учун Россия Федерациясининг «ИКС Холдинг» компанияси жалб қилинди ва «Рақамли трансформация концепцияси»ни яратиш бўйича 3 босқичли жараёнлар якунланди; 

• Магистрал электр тармоқларига тегишли электр энергиясини узатиш тизимини ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбалари билан интеграциялаш, мавжуд подстанцияларни модернизация ва реконструкция қилишнинг узоқ муддатли 10 йиллик дастури» ишлаб чиқилди ва 2022 йилда 31 январь санасида дастур лойиҳаси Энергетика вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасига киритилди;

• «UzAssistem» томонидан Digsilent Power Factory дастурида Ўзбекистон Республикаси энерготизимининг рақамли модели ва магистрал электр тармоқларининг интерактив харитаси яратилди; 

• Давлат-хусусий шериклик тамойили асосида қурилаётган хусусий электр станцияларини республика энерготизимига улаш ва уларни бошқаришни таъминлаш ҳамда ушбу ишларни тўғри ташкил этиш учун хорижий мутахассислар жалб этилиб, ҳамкорликда қуёш фотоэлектр станцияларини ишга тушуриш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида: 2021 йилда 1428 нафар ишчи-ходимларимиз мамлакатимизда, 60 нафар (шундан 54 нафари грант асосида) ходимларимиз хорижда малака оширишди. Шунингдек, 53 нафар ходимларимиз олий таълим муассасаларида ўқитилди. Жами ишчи-ходимлар сони: 4700 нафардан зиёд.

Акциядорлик жамияти таркибида 22 та ташкилот (таркибий бўлинмалар) мавжуд, жумладан 14 та ҳудудий магистрал электр тармоқлари, энергетика тизими бўйича фаолият юритадиган «Магистралтармоққурилиш» ва «Energo-IT» филиаллари, «Ўзэнергоинжиниринг» АЖ, «Энергомахсусавто» МЧЖ ва бошқа хизматлар мавжуд. Мазкур филиал ва корхоналарнинг фаолияти Акциядорлик жамияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги ПҚ-4249-сон қарорига мувофиқ мувофиқлаштирилиб борилади.

 

Манба: https://uzdaily.uz/uz/post/7549

«Ўзбекистон МЕТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>