ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
kun.uz — “Қанча арзон бўлса, шунча танқис бўлади” — иқтисодчилар энергетика ислоҳоти ҳақида
  • 14.05.2022
  • 436

Ўзбекистонда соғлом рақобат муҳитига асосланган, барча иштирокчилар тенг имкониятларга эга бўладиган ва нархлар шаффоф равишда шаклланадиган, энг муҳими танқислик муаммосини ҳал этиши керак бўлган энергетика ислоҳоти ўтказилиши лозим: президент фармонига асосан, 2022 йилда ўзгаришларнинг ҳуқуқий асослари яратилади. Kun.uz бу нега муҳимлиги ҳақида иқтисодчиларнинг фикри билан қизиқди.

 

“Энг қулай вақт – ҳозир”

Жанубий Кореянинг Жэонбук университетида иқтисодиёт бўйича магистрант даражасини олган Миркомил Холбоев Kun.uz билан суҳбатда энергетика ислоҳотини ортиқ кечиктирмаслик зарурати ҳақида сўз юритди.

— Энергетика ислоҳотларини амалга ошириш ва нархларини эркинлаштириш учун энг яхши пайт – ҳозир. Яъни кеча ҳам яхши вақт эди, ҳозир ҳам шундай. Йўқотиш йилдан йилга ошиб бораверади, ислоҳотни амалга оширмаслик эса йўқотишларни ҳеч қанақасига камайтирмайди.

Энергия нархлари ўзгариши иқтисодиётга бир нечта сигнал беради, бу эса бозор иштирокчилари қарорларини ўзгартиришига ҳам таъсир ўтказади. Ислоҳот биринчи навбатда энергия ресурслари самарадорлигига олиб келади. Истеъмол қилувчилар: ҳам бизнес вакиллари, ҳам оддий аҳоли қатлами тежамкорлик режимига ўта бошлайди. Ҳозирги субсидия асосида тақдим қилинаётган энергиядан фойдаланишда тежамкорлик нуқтайи назаридан рағбат мавжуд эмас. Сув ресурслари ҳам шунақа. Субсидия асосида фермер хўжаликларига тақдим этилгани боис сув ресурсларимиз ҳаддан зиёд танқис бўлса ҳам исрофгарчилик даражаси жуда ҳам баланд.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг сезиларли қисми (2020 йилдаги статистик маълумотлар бўйича 6,6 фоиз) энергия ресурсларини субсидиялаш учун сарфланади. Бу эса давлат маблағлари самарасиз сарф қилинишига олиб келаверади ва алтернатив равишда ушбу маблағларнинг нисбатан анчайин фойдалироқ бошқа соҳаларга (хусусан, таълим ва тиббиёт) йўналтирилишига имкон бермайди.

“Бизга ҳақиқий ижтимоий сиёсат керак”

Миркомил Холбоев / Фото: Facebook

— Ҳукумат ўзи ижтимоий сиёсат деб атайдиган, ҳатто аҳоли ҳам шундай ҳисоблайдиган энергетика маҳсулотларининг субсидияланиши ҳам аслида ижтимоий сиёсат эмас. Оддий электр энергиясини олайлик (ёки табиий газ). Ҳукумат аҳоли электр энергиясини арзонроқ (аслида жуда қимматга тушади) сотиб олиши учун бу соҳага ҳар йили жуда катта маблағ ажратади. Лекин яхшилаб эътибор берилса, бу сиёсатдан пастроқ даромадли ҳамда арзон электр энергиясига муҳтож аҳоли қатлами эмас, балки даромади юқорироқ бўлган қатлам кўпроқ наф кўради.

Яъни электр энергияси нархи арзон, лекин ўша арзон электр энергиясига энг муҳтож аҳоли қатлами таъминотдан энг кўп узилади.

Бошқача айтганда, нисбатан кам даромадли аҳоли қатлами қишлоқ ҳудудларда яшайди. Улар учун электр нархи арзон, лекин ўзи йўқ.

Нисбатан даромади юқори қатлам ҳамда бозор нархидаги электр энергиясини сотиб олишга қодир бўлган аҳолининг аксарияти шаҳар ҳудудларда истиқомат қилади ҳамда улар, биринчидан, ўртача қишлоқликдан кўпроқ вақт давомида, иккинчидан, қишлоқ аҳолисига нисбатан каррасига кўпроқ миқдорда электр энергияси истеъмол қилади.

Демак, аслида аҳолининг ўзи ҳам ижтимоий сиёсат деб ҳисоблайдиган энергия маҳсулотларининг субсидия натижасида арзонроқ берилиши ҳам бойроқ аҳолига кўпроқ наф келтиради. Бундай мисолларни жудаям кўп давом эттириш мумкин. Хулоса эса ўзгармайди: бизга ҳақиқий маънодаги ижтимоий сиёсат керак, ҳозирги каби қоғозда ижтимоий сиёсат дея эътироф этиладиган, аслида эса асосан даромади юқори қатламни ҳимоя қиладиган кўзбўямачилик эмас.

Давлат ўзининг асосий вазифаси имкониятлар тенгсизлигини ошириш эмас, балки уни қисқартириш эканини яхшироқ англаши зарур. Аммо ҳеч ким буни хоҳлаётгандек кўринмаяпти.

Жанубий Корея тажрибаси

— Жанубий Кореяда бир неча йил мобайнида яшаганман. Бу борада Корея тажрибаси билан ўртоқлашадиган бўлсам, 1974 йилдан бошлаб бу мамлакатда энергия ресурслари учун бир неча поғонали тўлов тизими жорий қилинган. Адашмасам, 2004 йилдан 2016 йилгача 6 поғонали тизим ўрнатилган бўлса, ундан кейинги даврда 3та категорияга туширилган. Бунда истеъмол ошиб боргани сари, нархлар ҳам қимматлашиб бораверади.

Мен бу мамлакатда бўлган пайтимда:

♦ 200 кВт.соатгача истеъмол қиладиган уй хўжаликлари учун ҳар кВт.соат учун 93 вон;

♦ 200 кВт.соатдан 400 кВт.соатгача истеъмол қиладиганлар учун ҳар кВт.соатга 188 вон;

♦ 400 кВт.соатдан кўпроқ истеъмол қиладиган уй хўжаликлари эса ҳар кВт.соат учун тахминан 280 вон тўлов тўлашар эди.

Кўриниб турибдики, биринчи категорияга кирувчи истеъмолчилар учинчи категорияга кирувчи истеъмолчиларга қараганда 3 баробар камроқ пул тўлайди.

Яна битта алоҳида категория бор:

♦ Ойлик истеъмоли 1000 кВт.соатдан ошадиган хўжаликлар ҳар кВт.соат учун 700 вондан ҳақ тўлашади.

Жанубий Кореядаги тизимни Ўзбекистонда жорий қилиш учун, аввало ўртача уй хўжаликларининг ойлик ўртача қанча электр энергияси истеъмол қилиш миқдорини аниқлаштириб олиш керак. Кореяда аҳолининг тахминан 65 фоизи иккинчи категорияга киради.

Шунингдек, жисмоний жиҳатдан заиф қатлам вакиллари учун 30-40 фоиз атрофида, мактаб ёки боғча каби таълим муассасалари учун ҳам ёз ойларида 50 фоизгача чегирмалар тақдим қилинади.

Ўзбекистон ҳам шунга ўхшаш тизимга ўтмоқчи бўлса, чегарани нисбатан пастроққа тушириб, фақатгина ижтимоий ҳимояга муҳтож ва камбағал аҳоли қатламига арзон электр энергия етказиб бериш тизимини сақлаб қолиши керак. Самарасиз ва кўп электр энергияси истеъмол қилувчилар эса кўпроқ пул тўлаши лозим.

“Энергия қанча арзон бўлса, шунча танқис бўлади”

Фото: Ботир Қобиловнинг шахсий архивидан / Gazeta.uz

АҚШнинг Ҳарвард университети докторанти, иқтисодчи Ботир Қобиловнинг биз билан суҳбатда айтишича, энергия ресурслари бозор нархидан арзон бўлса, бу исрофгарчилик ва энг муҳими дефицитга сабаб бўлади.

— Нархларни эркинлаштириш вақти анчадан бери ортга сурилиб келинмоқда. Иқтисодиётимизга катта зарарлардан бири айнан субсидиялар, айниқса энергия субсидиялари. Авваламбор, энергия субсидияларига бевосита ва билвосита ўша-ўша истеъмолчи ва аҳоли пул тўлайди. Фақат субсидиялар орқали фойдалар аҳоли бой қатламига нопропорционал равишда тақсимланади.

Энергия субсидияларининг салбий иқтисодий таъсирини иқтисодчилар кенг эътироф этиб келади. Гап шундаки, бу субсидиялар – аҳоли даромад тенгсизлигини янада оширадиган, камбағал қатламни ҳимоя қилмайдиган ва иқтисодий жиҳатдан самарасиз инструмент.

Яъни энергия субсидиялари орқали бойлар фақат бойиб кетади, камбағаллар эса баттар камбағаллашади. Ёқилғи, энергия субсидиялари фойдалари уй-хўжаликлари энергия истеъмолига мутаносиб равишда тақсимланади, яъни ким кўпроқ энергия ишлатса, ўша истеъмолчи субсидиядан кўпроқ фойда олади.

Юқори даромадли уй хўжаликлари истеъмол саватларида одатда паст даромадли уй хўжаликларига қараганда кўпроқ энергия истеъмоли ва харажати бўлади.

Фискал сиёсат нуқтайи назаридан, энергия субсидияларига бўлган давлат харажатлари бошқа давлат харажатларини “сиқиб чиқариши” ёки аҳолини регрессив солиққа тортиш орқали молиялаштиришни талаб қилиши мумкин.

Бундан ташқари, энергия субсидиялари бозорда “бузуқ” нарх сигналларини яратади ва юқори энергия истеъмолига ёки ишлаб чиқаришга олиб келади. Яъни энергияни қанча арзон қилиб қўйсак, бу энергиянинг янада кўпроқ истеъмолига, исрофгарчиликка ва энг муҳими, энергия танқислигига олиб келади.

Хулоса шуки, якуний фойдаланиш нархларини пасайтириш орқали истеъмолга бериладиган субсидиялар энергиядан фойдаланишни кўпайтиришни рағбатлантириши ва энергияни самарали тежашга қаратилган рағбатларни камайтириши мумкин.

Ҳар бир ўзбекистонликка, шу жумладан чақалоқларга ҳам 112 доллардан

— Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2020 йилда энергия субсидияси учун 3,9 миллиард доллар ишлатган. Албатта, бу 2017 йилги 5,6 миллиард ва 2018 йилги 9 миллиард доллардан камлигини эътироф этиш керак. Лекин бошқача қилиб айтганга, биз ялпи ички маҳсулотимизнинг 6,6 фоиз қисмига тенг маблағни энергия субсидиясига ишлатар эканмиз. 2020 йилда фақат Венесуэла (6,8 фоиз) ва Ливияда (15,1 фоиз) бу кўрсаткич кўпроқ бўлган.

Агар киши бошига чақсак, 2020 йилда, ҳар бир инсонга 112 доллар субсидия тўғри келган экан. Агар биздан анча бойроқ мамлакатларга солиштирсак, бу жуда кўп. Масалан, Россияда 101 доллар, Индонезияда 25 доллар, Малайзияда 3 доллар, Кореяда эса киши бошига 1 доллар субсидия.

Энергетика соҳасига субсидиялар ҳажми катталигини билиш учун бошқа соҳаларга харажатлар билан, масалан таълим, тиббиёт ва илм-фан билан солиштирсак кифоя. Бундан ташқари, 2021 йилда зарар кўрган давлат иштирокидаги энг катта 10 та корхонанинг деярли барчаси энергетика соҳасига алоқадорлиги диққатга сазовор.

“Қанчалик бой бўлсанг, шунчалик кўп нафақа оласан”

Фото: Kun.uz

АҚШнинг Висконсин университети бизнес-мактаби докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Gazeta.uz'да эълон қилинган мақоласида айни пайтда субсидияланган энергетика ресурсларининг аҳолига етказиб берилишини қуйидагича таърифлаган:

— Тасаввур қилинг, энергетика вазири энди Ўзбекистон аҳолисининг ҳар бири ўз шахсий эҳтиёжлари учун давлат бюджетидан нафақа олишини эълон қилди. Лекин бунинг бир шарти бор: одам қанча бой бўлса, у оладиган нафақа миқдори ҳам шунча кўп бўлади ва аксинча, одам қанча камбағал бўлса, унга бериладиган нафақа ҳам шунча оз бўлади. Агар у жуда-жуда камбағал, ҳатто бошпанасиз яшаётган бўлса, у оладиган нафақа миқдори ҳам шунга яраша – амалда нолга тенг бўлади. Башарти одам жуда бой бўлса, нафақа миқдори ойига бир неча миллион сўмга боради.

Бундай эълонга жамоатчилик қандай қарашини тасаввур қилиш қийин эмас. Менда сизлар учун нохуш хабар бор: гарчи ҳеч ким оммавий тарзда буни эълон қилмаган бўлса ҳам, амалдаги воқелигимизнинг ўзи шундай.

Мана бир неча ўн йилдирки, биз шундай “жамоат шартномаси” асосида яшаяпмиз ва унга кўра, мамлакатимизнинг бадавлат кишилари камбағалларга нисбатан қиёслаб бўлмас даражада кўпроқ нафақа олишмоқда. Бу ўринда гап энергетик субсидиялар ҳақида.

Деярли барча энергия манбалари солиқ тўловчиларнинг маблағлари ҳисобидан субсидияланади. Электр энергияси ҳам, табиий газ ҳам “ҳақиқийси”дан паст нархда сотиляпти, нархдаги тафовут эса солиқ тўловчилар пуллари ҳисобидан қопланмоқда.

“Кимдир бир хонали квартирада яшайди. Кимнингдир ҳовлисида эса электр билан иситиладиган бассейн бор”

— Газ ва электрдан фойдаланиш ҳажми кўп жиҳатдан одамларнинг даромадига боғлиқ: кимнингдир уйи – бир хонали квартира ва у ерда олтита чўғланма чироқ ишлатилади, бошқа бировнинг уйи – ҳовли ва у ерда суви электр билан иситиладиган ҳовуз бор. Бадавлат одам пул эквивалентида анча кўп субсидия олади. Бу фарқ одатда бир неча минг баробар каттароқ бўлади.

[...] Энергия ишлаб чиқариш экстерналияларга (ташқи таъсирларга) эга: ҳаво ва ҳаёт сифати ёмонлашади. Агар субсидияларни шу нуқтайи назардан таърифлайдиган бўлсак, у қуйидагича ифодаланиши мумкин: давлат бойлар томонидан атроф-муҳит ифлосланишида ҳомийлик қилиб, айни пайтда аҳолининг кам таъминланган қатламларига солиқ солади.

Устига устак, шу субсидиялар шарофати билан мамлакатдаги энергия ресурслари етишмовчилиги таҳликали даражада. Ҳолбуки, аҳолининг бир қисми, асосан пойтахтда яшовчилар арзонлаштирилган ёнилғи ва электр энергиясидан узлуксиз фойдаланаётган бир пайтда деярли барча минтақаларда бу ресурсларни етказиб беришдаги кечикишлар ва тақчиллик одатий ҳолга айланган. “Бу уйда электр токи борми?” деган савол баъзи минтақаларда ҳеч кимни ажаблантирмайди.

“Арзон энергия иқтисодиётни узоқ муддатда хавф остига қўяди”

АҚШнинг Georgetown университети талабаси Шаҳзод Йўлдошбоев шу йил бошида Kun.uz'да эълон қилинган мақоласида бирор-бир мамлакатда энергиянинг арзонлиги мақтагулик ҳолат эмаслиги ҳақида ёзганди.

Фото: Шаҳзод Йўлдошбоевнинг шахсий архивидан

— Ўзбекистон дунёдаги энг арзон электр энергиясига эга давлатлар ичида. Бу яхши бўлиб туюлиши мумкин, бироқ бундай паст нархлар иқтисодиётимизни узоқ муддатда катта хавф остига қўяди.

Биз билан бирга энг арзон электр энергияга эга мамлакатларга назар ташлаймиз: Ливия, Ангола, Судан ва бошқа – ниҳоятда камбағал давлатлар. Арзон электр энергиясининг истеҳзоси шундаки, у айнан камбағал мамлакатларда учрайди.

 

Бундай давлатлар ўз аҳолисини энергия билан бутунлай қамраб олмайди ва бу вазият субсидияларга қарамай эмас, балки айнан субсидиялар сабаб вужудга келади. Ҳукумат энергия нархини қанча пастроқ ушлашга ҳаракат қилса, электр энергияси билан доимий равишда таъминлай олиши мумкин бўлган хонадонлар сони шунча оз бўлади. Субсидиялар инфратузилмадаги бўшлиқларни яхшилашга эмас, балки уларнинг келиб чиқишининг асосий сабаби ҳисобланади.

“Қимматроқ энергия ҳеч кимга ёқмайди, лекин...”

— Энергия субсидиялари соҳасини ислоҳ қилиш комплекс чоралар билан бирга ўтказилиши лозим. Чунки кўп йиллик нуқсонли энергетик тизим шунчаки субсидиялардан холи қилиниб, “ислоҳ” қилиниши истеъмолчининг эгнига оғир юк бўлиб миниши, нархлар асоссиз юқорилашига олиб келади. Аввало, соҳани соғлом бозор муносабатларига ўтказиш лозим. Айтиш лозимки, Ўзбекистон бир қатор энергия ишлаб чиқарувчи, “Толимаржон” ИЭС каби корхоналарни хусусийлаштиришга қизиқиш билдирмоқда. Молия вазири Тимур Ишметов ҳукуматнинг бу иродасини 2021 йил октябр ойида тасдиқлаган эди.

Электр энергиясини ишлаб чиқариш ва сотиш билан бирга, уни истеъмолчига етказиш керак. Бу икки босқичдан иборат: юқори вольтли линиялар орқали амалга ошириладиган трансмиссия ва паст вольтли ўтказиш линиялари орқали амалга ошириладиган тақсимлаш. Бу икки соҳа юқори чиқимлар билан боғлиқ бўлгани сабаб, табиий монополиялар “ҳовлиси” бўлиб, унда ягона компаниянинг фаолият юритиши жумла бозорнинг манфаатига ишлаб турибди.

Бошқача айтганда, электр энергияни етказишда иқтисод қилиш қийин, чунки бу соҳага рақобатни киргизиш деярли имконсиз, давлат эса хавфсизлик нуқтайи назаридан ўтказиш линияларини ўзида сақлаб туришга мажбур. Бироқ давлат буни ўзида олиб туриш ўрнига хусусий компанияларни – самарали менежмент ва истеъмолчиларга хизмат қилишнинг илғор услубларни қўллай оладиган компанияларни ёллаши мумкин. Бу эса сифатга таъсир қилмай қолмайди. Хусусан, бузилишлар ва авариялар тезроқ бартараф этилади.

Қолганини эса айтмаса ҳам бўлади: энергия ишлаб чиқарувчи корхоналарни хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шерикликни жорий қилиш жараёни албатта ишончли, шаффоф воситалар, масалан, аукцион ва тендерлар орқали амалга оширилиши лозим. Акс ҳолда, жами аҳоли зиён кўради.

Энергия субсидиялари ислоҳоти, гарчи қийин жараён бўлса-да, Ўзбекистон барқарор иқтисодий ўсиш йўлига етаклаётган бозорни либераллаштириш ислоҳотларини давом эттириши керак.

Энергия субсидияларига сарфланган маблағлар таълимга йўналтирилса ёки аҳоли ўртасида тенг тақсимланса, иқтисодий тенгсизликнинг тез кучайишига йўл қўймасликка қаратилган муқобил чоралар сифатида ишлайди.

Албатта, қимматроқ энергия ҳеч кимга ёқмайди, бу – мураккаб ижтимоий ва сиёсий танлов, аммо ҳозирда олиб борилаётган субсидия тизими ўзгармаса, иқтисодиётимизга катта путур етиши мумкин.

 

Манба: https://kun.uz/48700957

«Ўзбекистон МЕТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>