Янгиликлар
Амалга оширилаётган ислоҳотлар ва тизим ривожига тўсқинлик қилаётган айрим омиллар
  • 14.05.2022
  • 211

Мамлакатимизда энергетика соҳасида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, бу жараёнда “яшил" энергетикани ривожлантириш, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.  

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ўтказилган давра суҳбатида энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва тизим ривожига тўсқинлик қилаётган айрим омиллар ҳақида сўз борди.  

Унда Шерзод Хўжаев кейинги йилларда соҳада амалга оширилаётган ишларнинг мазмун-моҳияти, инвестиция лойиҳалари, “яшил" энергетикани ривожлантириш чора-тадбирлари хусусида маълумот берди.  

– Аслида, энергетика соҳасини ислоҳ қилиш деган тушунчанинг ўзи кенг қамровли, лекин ҳар қандай ислоҳотни бошлашдан аввал биринчи саволга жавоб топишимиз керак, – деди Ш.Хўжаев. – Бизга бу ислоҳотлар нима учун керак? Ўзгариш ва янгилик қилиш учунми ёки қандайдир пировард натижага эришиш учунми? Ўйлайманки, энергетика соҳасида, электр таъминотида бўлсин, газ таъминотида бўлсин – муаммолар аён...  

Биз ислоҳотларни бошлаганимизда, қайсидир мамлакат тажрибасини ўрганиб, унга ўхшашга ҳаракат қилиш ёки шу мамлакатнинг босиб ўтган йўлини босиб ўтиш, деган фикрдан йироқ бўлганмиз. Жалб қилинган экспертларимизнинг географияси жуда кенг – Осиё, Европа ва Америкадан. Ушбу экспертлар фақат ўз ватанида эмас, бошқа мамлакатларда ҳам энергетика соҳасидаги ислоҳотларда иштирок этган.  

Ислоҳотларнинг асл мақсади шуки, энергетика ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодиёти ўсишини таъминловчи ёки тўхтатиб қолувчи омиллардан биридир. Яъни, энергетика соҳасининг ривожланиши умумий иқтисодий ривожланишдан бир қадам олдинда бўлиши шарт. Бизда 2017 йил ҳолати шундай эдики, умумий иқтисодий ривожланишдаги тенденция билан энергетика ривожланишидаги тенденция орасидаги фарқ анча катта эди. 2017 йилгача бўлган даврда электр энергиясини мисол келтирадиган бўлсак, биз йиллик ишлаб чиқаришни 2,5-2,7 фоиз ошириб борганмиз. Аслида иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатлари анча юқори бўлган.  

Мустақиллигимизнинг дастлабки 25 йили давомида 3300 МВт янги қувватлар ишга тушган. Охирги 5 йилда бу 5000 МВтдан ошди. 2030 йилгача иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжи қандай бўлади? Бу эҳтиёж қандай қоплаб берилади, қайси манбалар ва лойиҳалар ҳисобидан ва бунга қанча маблағ керак? Очиғини айтганда, маблағсиз ҳеч қандай инвестиция лойиҳасини амалга ошириб бўлмайди. Ўсиш суръатларини биз 2030 йилгача ўртача талабни йиллик 10 фоиз деб белгиладик, яъни талаб ҳар йили 10 фоизга ошиб боради, деганидир.  

Бугунги кунда Ўзбекистон энергия тизимида мавжуд қувватлар қиш ойларида талаб энг кучли бўлган пайтда ишлатадиган қувватларимиз тахминан 13000 МВтга тенг. Рақамларга қайтадиган бўлсак, 2030 йилга келиб қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши кенгайишини инобатга олиб, ҳамма факторларни четда қолдирмай, қувватларимиз 32000 МВтгача етиши кутилмоқда.  

Президентимиз таълимга, соғлиқни сақлашга, ички йўлларга, умуман олганда, инсонларнинг яшаш шароитига, турмуш тарзини яхшилашга жуда катта эътибор қаратмоқдалар. Айрим соҳалар борки, у ерда давлат монополиясидан воз кечиш жуда қийин. Айрим соҳаларда эса тезроқ монополияни бузиб, хусусий секторни жалб қилса бўлади. Энергетика айнан шундай, яъни хусусий секторни жалб қилиш имконияти юқори бўлган соҳа. 

Энергетика соҳасига қизиқиш билдирган инвесторларнинг саволи бир хил: мен қандайдир лойиҳани амалга оширишга маълум миқдорда маблағ сарфлашга тайёрман. Лекин сарфлаган маблағимни эртага кафолатланган тарзда қайтариб олишимга, кўзда тутган маълум бир меъёрда фойда олишимга ким кафолат беради, деган саволни қўймоқда. Биз бу ерда давлат кафолат беради, деб ҳар қандай битимни имзоласак ҳам, ҳар қандай кафолат хатларини берсак ҳам, инвестор, аввало, ишлаб чиқарилаётган маҳсулоти сотилишига қарайди. Биздаги муаммо эса бугунги кунда ишлаб чиқарилган энергия ресурслари якуний истеъмолчиларга сотилаётган нарх билан ҳозирги кунда Ўзбекистон шароитида ишлаб чиқариш таннархининг ўртасида мутаносиблик бузилганидадир. Яъни, бизнес нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, электр энергиясини ишлаб чиқариб, аҳолига сотиш бу – фойда келтирадиган эмас, аксинча, маълум миқдорда зарар келтирадиган соҳадир. Соҳа зарар билан ишлашини кўрган ҳеч қайси инвестор келмайди.  

Мамлакатимизда бор йўғи 8 фоиз ишлаб чиқариш қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига тўғри келади. Унинг ҳам асосий қисми гидроэнергетикадир. 92 фоиз эса қазилма ёқилғиларни ёқиш эвазига, яъни табиий газ, кўмир, мазут ёқилғисидир. Ушбу ёқилғиларни Ўзбекистон шароитида қазиб чиқариш ҳаракатлари йилдан-йилга ошиб бормоқда.  

Энергетика соҳасининг ўзига энг мақбул нархларда ҳисобланганда, 2030 йилгача 20 миллиард доллар атрофида инвестиция киритилиши маълум бўлмоқда. Булар кичкина рақам эмас, яъни ислоҳотлардан асосий мақсад мана шу 20 миллиард доллар бўладими, бир қисмини давлат яна бир қисмини инвестор киритса, яна қанчадир қисмини бошқа инвестор киритишига шароит яратиб беришдан иборат.  

Бугунги кунгача мана бир нечта инвесторлар давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида шартномалар имзоланди, лекин у ерда биз бошқача механизм қўлладик. Мана шу қурилаётган станцияларнинг аксарияти билан кафолатли давлат томонидан ҳарид қилиниши тўғрисида шартнома имзоланди. Яъни 25 йил давомида ишлаб чиқарилган электр энергияни маълум бир нархда харид қилишни биз ўз зиммамизга олдик. Ушбу нархни 25 йил давомида инвестор ошира олмайди, биз эса тушира олмаймиз.  

Аксарият мамлакатлар яшил энергетикага ўтиш даврида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмини жорий қилган. Яшил энергетикани ҳар бир ишлаб чиқариб сотган киловатт соат учун давлат бюджетидан ҳар бир киловатт учун шунча субсидия олиш ёки қандайдир кафолатланган давлат томонидан белгилаб берилган истеъмолчилар бўлади. Уларга қимматроқ нархда сотиш механизми мавжуд. Биз эса бошқа йўлни танладик, субсидия бера олмаймиз. Қайсидир истеъмолчига сотасан деган талабни ҳам қўя олмаймиз, лекин харид қилиш кафолатини бердик. 

Шуни таъкидлаш керакки, бугунги кунда Ўзбекистондаги энергетикани давлат иштирокисиз тасаввур қилиш қийин. Масалан, магистрал электр тармоқлари, бунинг муқобили йўқ, яна бир шундай тармоқ қуриб бўлмайди.  

Таърифлар масаласи бўйича ҳам биз дунё тажрибасини ўргандик. Масалан, биз бугунги кунга қадар танлаган таъриф ичида фақат йирик саноат корхоналари учун қўлланилган таърифларда табақалаштириш мавжуд. Бу эса уларни энергия самарадорликка ундайди. Минг афсуски, юртимизда энергия самарадорлик эътибордан четда қолган соҳа, айниқса, аҳоли орасида. Кўп эътирозларни эшитамиз, ўзи йўқку нимасини иқтисод қиламиз деган мазмунда. Масалани моҳияти шундан иборатки, энергия бўлиши учун иқтисод ҳам қилиш ўта муҳимдир.  

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.

Манба: https://uza.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>