ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
xs.uz — Депутатларнинг танқидига нима сабаб бўлди?
  • 13.08.2022
  • 217

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмиталари томонидан тадбир ўтказилди.

Унда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ва бошқа давлат дастурлари доирасида йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий соҳа ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш-таъмирлаш ишларини молиялаштириш учун ажратилган маблағлардан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, жорий йилда 413 та маҳалла ва қишлоқда ободонлаштириш ишлари олиб борилиши, 8 минг 622 та объектда қурилиш-таъмирлаш ва бошқа турдаги ишларни амалга ошириш белгиланган. Маълумотларига кўра, 6 минг 990 лойиҳанинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган, 6 минг 852 таси экспертизадан ўтказилган, 6 минг 268 тасининг тендер савдолари якунланган, 5 минг 40 таси бўйича пудрат шартномалари тузилган.

Бугунги кунда ижтимоий соҳа объектлари — тиббиёт, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасаларида қурилиш-монтаж ишлари жадал олиб борилмоқда. Шунингдек, электр таъминоти объектларида паст кучланишли 1 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари, 395 та трансформатор пунктлари янгиланиб, модернизация қилинди. Газ таъминоти узлуксизлигини таъминлаш бўйича 839 дона газ тақсимлаш пункти, 333,3 километр газ тармоғи тафтишдан ўтказилиб, аҳолига 3 минг 623 дона газ баллони етказиб берилган.

Бундан ташқари, 573 километр ички йўллар асфальтланиб, 1 минг 454 километр йўлга шағал, 220,8 километр йўлга цемент-бетон ётқизилган. Сув таъминотини яхшилаш бўйича 1 минг 251 километр узунликдаги ичимлик суви тармоқлари янгидан тортилиб 109 дона сув иншооти янгидан ўрнатилган.

Йиғилишда қайд этилганидек, мутасадди идоралар вакиллари билан биргаликда жойларга чиқилиб, дастурлар ижроси муҳокама қилиняпти ва мавжуд муаммолар тезкорлик билан ҳал этилмоқда. Шу билан бирга, дастурлар ижросига масъул бўлган идоралар раҳбарлари вазифаларини лозим даражада бажармаганликлари учун жавобгарлик ҳам белгиланаётир.

Хусусан, Бош прокуратура томонидан ўтказилган назорат тадбирларида дастурлар ижросига масъул бўлган 400 нафардан зиёд мансабдор шахслар расман огоҳлантирилган. Қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 49 та тақдимнома киритилган, дастур ижроси бўйича масъулиятсизликка йўл қўйган 179 нафар мансабдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган.

Йиғилишда соҳада олиб борилаётган ишлар эътироф этилган ҳолда, дастурлар доирасида ҳудудларда қурилиш, ички йўллар, газ таъминоти, транспорт қатнови ва ободонлаштириш каби ишларни якунлашга етарлича эътибор қаратилмаганлиги, маъсул идоралар томонидан вазиятни ўнглаш юзасидан аниқ ва қатъий чоралар кўрилмаётганлиги танқид остига олинди.

Депутатлар “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва бошқа дастурлар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларнинг тизимли назоратини олиб боришни алоҳида қайд этдилар.

Тадбирда кун тартибидаги масала юзасидан қўмиталарнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Манба: https://xs.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>