ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ishonch.uz — Узбек эмас, ўзбекмиз…
  • 19.08.2022
  • 254

Кимдандир хитойликлар ҳар бир халқни, ҳар жой ё мамлакатни ўзларига мослаб, бошқача номлаб айтаверар экан, деб эшитганман. Бунга сабаб шу эмишки, улар Тўрақўрғон, Маъмуробод, Шоабдураҳмон сингари узун сўзларни айта олмас экан. Хитойчани билмайман, иероглифларига тишим ўтмайди, шунинг учун бу гап ростми-йўқми, бир нима дея олмайман.

Аммо эътибор берсангиз, фақат хитойликлар эмас, аксар халқлар ҳам бошқа юрт, жой ва объектларни янгича ном билан аташига гувоҳ бўласиз. Европаликлар Жомолунгма чўққисини Эверест деса, руслар Германия халқини немис деб атайди. Ҳеч бўлмаса, талаффузига мослайди. Чирчиқни қозоқлар Ширшиқ, Тошкент шаҳрини туркманлар Дашкенд, Андижонни қирғизлар Анжиян деб атагани каби… Бунга мисоллар сон-саноқсиз.

Бу тамойил рус тилига ҳам хос. Сўқоқни Сукак, Оқтепани – Актюбинск деб, ўз тилига мослаб олаверади. Тили келишмадими, ўзини қийнаб ўтирмайди. Шу боис бизда Эшмуҳаммад, Матлуба, Хўжақул каби одамларнинг ҳужжатида исмлар хато ёзилган. Бу каби ном бузишлар шу қадар оммалашдики, энди бировлар асл оти ким эканини унутиб, Ишмухамед, Матлюба, Ходжакуль дея ўрисча ёзади. Носиржон инимизга минг тушунтиринг, барибир исмини Насыр Кадыров деб битади, тўғри ёзсангиз, қалам уриб, “тузатади”.

Аммо энг катта ном бузилиши ўзбекларнинг “узбек”, Ўзбекистоннинг – “Узбекистан” деб айтилиши, шунақа тарзда битилиши бўлди, менимча.

Бизга савол беришлари мумкин: русларнинг тили келишмаса, нима қилсин, уларда “Ў” (Ө) товуши йўқ ахир, деб. Ҳа, аммо бу ҳолда “озбек”, “Озбекистан” деб ёзиш тўғрироқ бўлар эди. Чунки “ўзбек” сўзидаги биринчи товуш фонометрик жиҳатдан русларнинг “У”сига эмас, “О”сига яқинроқ. Бу товуш чўзиқ ва тилорқа “У”дан анча йироқ эканини осциллограф аппарати орқали ҳам кўриш мумкин.

Ўзбек алифбосига “Ў” графемаси беларусь алфавитидан олинган бўлиб, беларусларда бу белги биздаги икки функцияли “Ў” (“ортадаги”, шунингдек “өпка”) товушини билдирмайди, балки лабланмаган “У” (“W”)ни ифодалаш учун қўлланади (масалан, “Барча мамлакатлар халқлари” – “народы ўсіх краін”, эртага – заўтра). Бунда русчадаги “всех”, “завтра” сўзлари талаффузда бироз ўзгариб, лаб-тиш “В” ўрнига лаб-лаб “W” ишлатилишини, “ўсіх” сўзидаги биринчи товуш ва “заўтра” сўзидаги учинчи товуш айнан “W” эканини, “Ў” графемаси – дабл ю ифодаси эканини (“V”à“W”) кўрамиз.

Яъни, ўзбек тилига “Ў” ҳарфи беларусь алифбосидан бутунлай бошқа товушни англатиш учун, бунинг устига, бир эмас, иккита товуш (О ва Ө)ни англатиш вазифаси билан қабул қилинган. Лекин руслар “Ў” ҳарфи шаклан “У”га яқин бўлгани учун қаерда “Ў” товуши келса, автоматик тарзда “У” қилиб ёзаверишган. Бошқа туркий тилларда бунинг учун икки графема: “О” (ўқ, ўнғай) ва “Ө” (ўрик, кўпкари) олингани ҳам буни тасдиқлайди. Ҳатто бу ҳарфни қабул қилган тожик алифбосида ҳам у биздагидай икки товушни эмас, балки фақат “Ө” фонемасини англатади.

Ўзбек алифбосида бундан бошқа чалкашлик ҳам кўп. Масалан, “О” графемасидан “олма” сўзида ҳам, “оптика” сўзида ҳам фойдалана берамиз. Оқибат, “ток” деган ёзувга дуч келсак, у узумми ё электр токими, билиб бўлмайди.

Биз бу фикрларни кирилл алифбосидаги имломиз ҳақида билдиряпмиз. Баъзилар энди лотин ёзувига ўтяпмиз-ку, деб эътироз билдириши мумкин. Ҳа, аммо ҳозирги лотин алифбомизда ҳам бу иллатлар тўла сақланиб қолган. Ҳозиргача аксар одамлар “бўлди” эмас, “болди” (“boldi”) деб ёзади.

Яна “Ў” ҳарфига келайлик. Бизга бу графемани берган беларусларнинг ўзи бизни “ўзбек” эмас, “узбек” деб, юртимизни эса “Ўзбекiстан” эмас, “Узбекiстан” деб ёзади. Чунки “ўзбек” деб битса, уни “вузбек” деб, “Ўзбекiстан” деб ёзса, “Вузбекистан” деб ўқишлари керак. Шунинг ўзиёқ “Ў” ҳарфи биз қўллаётган ўзбек ва Ўзбекистон, бўлиқ ва тўлиқ, обрў ва мўътабар каби минглаб сўзлар фонологик ва фонографик жиҳатдан хато ёзиб келинаётганини кўрсатади.

Кирилл ёзувига ўтиб, бу ҳарфлар олинганидан саксон йилча ўтиб, бу мулоҳазаларнинг қандай аҳамияти бор?

Гап шундаки, биз дунёга очиляпмиз. Бирон кун йўқки, “ўзбеклар”, “Ўзбекистон” деган сўзлар жаҳон миқёсида янграмаса. Ўзбек спортчилари, олимлари, сиёсат ва санъат намояндалари, бизнес вакиллари халқаро учрашувларда ҳар кун иштирок этяпти. Уларнинг кўксига тақилган нишон ё спорт кийимларида эса нима учундир, “Ozb” эмас, “Uzb” деган қисқартмани кўрамиз. Бу эса бизга миллатимиз, юртимизнинг номини айтишга тили келишмаган рус оғаларимиздан мерос бўлиб қолиб келяпти.

Ахир биз “Узбекистан” эмас, “Өзбекистон”миз, халқаро майдонда эса “Ozbekisan”миз. Қисқартиб ёзиладиган бўлса, “Ozb” дейилиши керак.

Қирғиз дўстларимизга тасанно: мустақилликка эришгач, улар ўз тили тугул… рус тилига ҳам ўзгартиш киритдилар: энди руслар бу халқни “киргиз” эмас, “кыргыз” деб, мамлакатни эса “Киргизстан” эмас, “Кыргызстан” деб атайдиган ва шундай деб ёзадиган бўлишди. Бўлар экан-ку, шундай қилса!

Бошқа бир эл немис деса, ўзини немис, хитой деса хитой деб кетавермайдиган, ўз миллати номини дойч, шонггуэрен деб мағрур эълон қиладиган эллар бор. Уларнинг нафақат тили, балки қалби ҳам мустақил, фикри эркин, тийнати озод ва фитрати ҳурдир.

Зуҳриддин Исомиддинов,
адабиётшунос

Манба: https://ishonch.uz/archives/9036

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>