ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
kun.uz — «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ: Ўзбекистон энерготизимининг рақамли модели ва интерактив харитаси яратилди
  • 31.08.2022
  • 196

Фото: Ўзбекистон миллий электр тармоқлари

Мамлакатимизда маҳсулотнинг алоҳида тури дея таърифланадиган электр энергиясига бўлган эҳтиёж йилдан йилга ошиб бораётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Аҳоли сонининг ошиб бориши, турмуш даражасининг юксалиши, юртимизда кўплаб йирик саноат корхоналари, ўрта ва кичик бизнес — тадбиркорлик жадал суръатларда ривожланиб бораётгани энергетика соҳасида, хусусан электр энергетика тармоғида йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилиши учун асос бўлаётгани рост. Бу борада кўплаб Президент қарорлари қабул қилиниб, Вазирлар Маҳкамасининг топшириқ ва кўрсатмалари амалиётга татбиқ этилмоқда.

2017–2021 йиллар оралиғида электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнида (генерация), юқори ва паст кучланишли электр тармоқлари ҳамда подстанцияларда бир қатор модернизация-реконструкция, қурилиш-монтаж, таъмирлаш-созлаш ишлари олиб борилди. Аммо бу ишлар ҳали ўсиб бораётган эҳтиёжни қондириш учун камлик қилади.

 

Мисол учун, Энергетика вазирлиги эътироф этишича, биргина юқори кучланишли подстанцияларда жорий йилнинг 7 ойи мобайнида 591 МВА (мегаволт ампер) қўшимча қувват яратилди.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги 84 та 220–500 кВ кучланишли подстанцияларнинг қарийб ярми ҳозирда инвестлойиҳалар ҳисобига янгиланмоқда, яъни эски электр ускуна ва жиҳозлари ўрнига юқори қувват ўтказишга қодир замонавий ускуна ва жиҳозлар ўрнатилмоқда. Худди шу каби 11650 километр узунликка эга 110, 220 ва 500 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари босқичма-босқич янгиланиб бормоқда.

 

Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади. Хўш, Ўзбекистон энерготизимида юқори суратдаги модернизация жараёнлари амалга оширилаётган экан, дастлаб уларни лойиҳалашда янги қувватлар мавжуд энергетика тизимига қандай таъсир этиши ўрганиладими? Генерация жараёнининг ишлаб чиқариш ҳажми ошишига мувофиқ тарзда юқори ва паст кучланишли электр тармоқларни ривожлантириш учун тизимли ишлар қилинмоқдами?

Фото: Ўзбекистон миллий электр тармоқлари

Албатта. Электр энергетика тармоғини ривожлантириш стратегияси, яъни истиқболдаги режалар, лойиҳалаштириш ишлари қурилиш-монтаж ишларидан бирмунча аввалроқ амалга оширилиши аввалдан мавжуд анъана. Аммо ўсиш суръатлари бу қадар жадал олиб борилаётганида Ўзбекистон энергетика тизимининг рақамли модели ва интерактив харитасига эҳтиёж сезилаётган эди. Бугун айнан шу — “Ўзбекистон энерготизимининг сунъий модели” яратилди.

Куни кеча «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» мажлислар залида "UZASSYSTEM" ҚК МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган электрон дастур — «Ўзбекистон Республикаси энерготизимидаги электр тармоқларининг рақамли модели ва интерактив харитаси» лойиҳасининг ишчи тақдимот маросими бўлиб ўтди.  Унда Акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақулов, тегишли бўлим ва бошқарма мутахассислари, магистрал электр тармоқлари филиаллари ходимлари ҳамда лойиҳалаштирувчи ташкилот вакиллари иштирок этишди.

Тақдимотда таъкидландики, қарийб бир ярим йил давомида яратилган мазкур рақамли дастурга электр энергетика тармоғининг 35, 110, 220, 500 кВ кучланишли ҳаво тармоқлари ҳамда подстанциялари ҳақидаги ахборот киритилган бўлиб, тизимдаги модернизация амалиёти, бир сўз билан айтганда, янгиланишлар даставвал ушбу дастур орқали текшириб кўрилади ва ўзгаришлар Ўзбекистон энерготизимига қандай таъсир этиши ўрганилади.

Масъулияти чекланган жамият шаклидаги “UZASSYSTEM” қўшма корхонаси томонидан ўтказилган тақдимотдан сўнг мутахассислар фикр-мулоҳазалари, таклифлари ўрганилди.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқаруви раисининг таклифига кўра мазкур электрон дастур — Ўзбекистон энерготизимининг рақамли модели ва интерактив харитаси бирмунча такомиллаштирилади ва давлат тилига ўгирилади. Шунингдек, Дадажон Айнақулович дастурдан фойдаланиш бўйича Низом ишлаб чиқиш, унга турдош ташкилотларга тегишли маълумотларни киритиш тартибини аниқлаш, Низом лойиҳасини Энергетика вазирлигига тақдим этиш, истиқболда электрон дастурдан самарали фойдаланиш мақсадида ёш кадрларни махсус ўқув курсларида ўқитиш, хориж мамлакатларида малака ошириб келишини ташкил этиш, шу билан бирга, Ўзбекистон энерготизимининг рақамли модели ва интерактив харитаси расмий тақдимотини электр энергетика тармоғига кирувчи барча ташкилот вакиллари иштирокида кенгайтирилган тартибда ўтказиш бўйича мутахассисларга топшириқ берди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тақдимот муҳокамаларида айтилганидек, янги дастурдан Энергетика вазирлиги тасарруфида янгидан ташкил этилган “Миллий диспетчерлик маркази” давлат унитар корхонаси фаолиятида кенгроқ фойдаланилади.

Улуғбек Урунов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг матбуот котиби —ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

Веб-саҳифа: uzbekistonmet.uz

Facebook: fb.com/elektrtarmoq  

Instagram: www.instagram.com/uzbekistonmet.uz

Twitter: twitter.com/uzbekistonme

Utube: utube.uz/ru/users/7208

Youtube: www.youtube.com/channel/UC6cRpsasTIKnReaCXXqccdg

Telegram: http://t.me/uzmetaxborotxizmati

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати Ⓣ

>