Янгиликлар
Туркия ва Хитойнинг йирик энергетика компаниялари Ўзбекистонда юқори кучланишли электр узатиш тармоқларини қуради
  • 27.12.2022
  • 187

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан Тошкент ва Сирдарё вилоятларида юқори кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш бўйича ўтказилган халқаро тендер савдолари якунланиб, ғолиб компаниялар аниқланди.

 


Унга кўра, Туркиянинг “ŞA-RA ENERJĪ Īnşaat, Ticaret ve Sanayi A.Ş.” компанияси 31,89 млн АҚШ доллари миқдоридаги таклиф этилган нарх билан узунлиги 213 км бўлган 220 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш бўйича ғолиб деб топилди.

Шунингдек, Хитой Халқ Республикасининг “Xian Electric Engineering Co., Ltd” компанияси 14,68 млн АҚШ доллари миқдоридаги таклиф этилган нарх билан узунлиги 72 км бўлган 500 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш бўйича ғолиб деб топилди.

 

Ғолиб компаниялар билан музокаралар ўтказилиб, 2022 йил 23 декабрь куни шартномалар имзоланди.

Лойиҳа Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган бўлиб 2022 – 2024 йилларда амалга оширилиши белгиланган.

Лойиҳа Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрининг электр энергияси таъминоти ишончлилиги оширилишига, энерготизимнинг Тошкент қисмида магистрал электр тармоқлари юкламаларини камайишига ва уларнинг ўтказувчанлик қобилиятини келгусидаги талабларга мос ҳолда бўлишига хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур лойиҳа Президентимизнинг 2022 йил 3 февралдаги “Жаҳон банки иштирокида “Электр энергетика секторини трансформация қилиш ва барқарор электр узатиш” лойиҳасини амалга ошириш ҳамда республика магистрал электр тармоқлари тизимини ривожлантириш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-113-сон қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

 

Манба:  https://minenergy.uz/uz/news/view/2433

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>