Янгиликлар
Бош вазир: "Қурилиш соҳасига энергия самарадорлик даражаси юқори бўлган қурилиш материаллари ва жиҳозлардан фойдаланишни мажбурий тартибда киритиши лозим"
  • 23.01.2023
  • 163

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан айни пайтда Бош вазир Абдулла Арипов раислигида Ўзбекистонда давом этаётган аномал совуқ ҳаво шароитида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлмоқда.

Бугунги кунда республика бўйича жами 40 мингта кўп қаватли уй-жой мавжуд бўлса, шундан 31 мингга яқини 1991 йилгача қурилгани маълум қилинди.

Шу боис, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда ушбу 31 мингта уйларнинг фасад қисмини реновация асосида босқичма-босқич базальт қопламага ўтказиш ҳамда муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда иссиқ сув ва электр билан таъминлашни назарда тутувчи дастур лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши топширилди.

Шу билан бирга, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги эндиликда янгидан қуриладиган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатларига энергия самарадорлик даражаси юқори бўлган қурилиш материаллари ва жиҳозлардан фойдаланишни мажбурий тартибда киритиши топширилди.

Бу борада энергиятежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳам эътибор қаратиш кераклиги қайд этилди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда республикамизда жами 13,2 минг тонна базальт хом ашёси ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса йиллик эҳтиёж (5 млн м кв ёки 36 минг тонна) 30 фоизини ҳам ташкил этмайди.

Шу боис, «Ўзсаноатқурилишбанк» «Ўзсаноқурилишматериаллари» уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда жойларда базальт хом-ашёси ишлаб чиқариш лойиҳаларини кўпайтириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаб, йил якунига қадар камида 5 минг тонналик қувват яратиши кераклиги таъкидланди.

«Ўзэлтехсанот» уюшмаси ҳам икки ой муддатда трансформаторлар, кабеллар, қуёш панеллари ва сув иситиш коллекторларини ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланди.

⚡️⚡️Бош вазир раислигида видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Таъкидланганидек, бу йилги қиш мавсумида йўл қўйилган камчиликлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда кейинги куз-қиш мавсумига тайёргарликни мутлақо янгича ёндашувда бугундан бошлашимиз керак.

Бугунги кунда жами тармоқларнинг қарийб 42 фоизи, шундан электр узатиш тармоқларининг 39 фоизи, подстанцияларнинг 51 фоизи ҳамда трансформатор пунктларининг 35 фоизи ишга тушган муддатлари 40 йилдан ошган.

Шунинг учун, Президент топшириғига асосан ҳукумат томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар электр тармоқларини барқарор ва узлуксиз ишлаши учун 299 та трансформатор, 124,7 км турли хил кабеллар, 186 тонна трансформатор мойи етказиб бериш учун тезкор равишда қарор қабул қилиб, ишлар бошлаб юборилди.

Бу ишларни давом эттириш учун Энергетика вазирлиги, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги электр энергияси билан барқарор таъминлаш, энергетика хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2023-2024 йилларга мўлжалланган паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш дастурини молиявий манбаларни аниқ белгилаган ҳолда, бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиш топширилди.

Шу билан бирга:
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ 2023 йилда 817 км магистрал, 11 минг км паст кучланишли тармоқлари ва 2 минг 840 та трансформатор пунктларини янгилаш, магистрал подстанцияларнинг қувватларини қўшимча 1 минг 325 Мега вольт амперга оширилишини таъминлаш;

«Ўзтрансгаз» АЖ 2023 йилда 86 та газ ҳайдаш агрегатларини ҳамда 10 та газ турбинали двигателларни капитал таъмирлаш;

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ 2023 йилда 151 км газ қувурларини мукаммал таъмирлаш, 114 та электркимё ҳимоя қурилмаларини модернизация қилиш, 2,5 мингта газ тақсимлаш пунктларини янгилаш ишларини амалга ошириш топширилди.

⚡️⚡️Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тшкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда жамоат транспорти, коммунал соҳа ва чиқинди ташиш махсус техникалари, қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхонларнинг махсус транспорт воситалари учун ҳозирдан алоҳида газ қуйиш шохобчаларини бириктириб бериши кераклиги таъкидланди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилда табиий газ қазиб олиш ҳажмини 56,3 млрд куб метрга етказиб (2022 йилда 51,7 млрд куб метр), ўтган йилга нисбатан 4,6 млрд куб метрга ошириш имконияти бор.

Шунингдек, қайта тикланувчи энергия жорий этиш ва энергия самарадорлигини ошириш хисобига 1,6 млрд куб метр газ иқтисод қилишимиз  мумкин.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ жорий йилда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини 32,8 млрд куб метрга етказиш учун қиймати 5,7 трлн сўмга тенг 744 та геологик-техник тадбирларни амалга ошириши зарурлиги қайд этилди.

Энергетика вазирлиги жорий йилда табиий газ ва электр энергияси, кўмир ва мазут импорти билан боғлиқ масалаларни қайта кўриб чиқиши, бошқа муқобил ҳамкорлар билан музокаралар ўтказиши, келишувларга эришиш бўйича олдиндан барча зарур тадбирларни амалга ошириши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
 
Гидрометеорология хизмати агентлиги томонидан, 23-27 январь кунлари республиканинг аксарият ҳудудларига нисбатан совуқ хаво массаси кириб келиши ва бунинг натижасида ҳаво ҳарорати жойларда кечаси -5...-18 даража совуши башорат қилинмоқда.

Шунинг учун, ўтган 15 кун давомида амалга оширилган тадбирларни янада кучайтирган ҳолда штаблар фаолиятини давом эттириш топширилди.

 

Манба:

https://t.me/uzauz/3560

https://t.me/uzauz/3561

https://t.me/uzauz/3562

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>