Янгиликлар
2022 йил СAРҲИСОБИ. 2-сонли: “Ўзбекистон МЭТ” AЖ тизимида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича 2022 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби
  • 31.01.2023
  • 215

Жамият бошқаруви раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси якунланган 2022 йил мобайнида тизим тасарруфидаги бир қанча тузилмалар фаолиятини ўрганиб, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши ҳолати билан яқиндан танишиб чиқди.

Масъул ходимлар билан маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича мулоқотлар олиб борди. Тузилмалардаги ички ва ташқи ёзишмалар, ҳужжатлар, ҳисоб-китоб, статистика ва хизмат хатларининг давлат тилида иш юритиш қоидаларига мослигини ўрганди. Шунингдек, жойлардаги барча ташқи ёзувлар, шу жумладан, пешлавҳалар ва бошқа кўргазмали ахборот матнлари давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлигини кўздан кечирди.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” AЖ тизимига кирувчи барча филиаллар учун давлат тилида иш юритиш асослари бўйича масофавий маҳорат дарслари олиб борилди. Ходимларнинг соҳавий тил бойлигини ривожлантириш мақсадида Жамият сайти ва ижтимоий тармоқларида тизимда кўп қўлланиладиган сўз ва атамалар ҳамда уларнинг шарҳларини бериб бориш йўлга қўйилди.

Ҳозирда бошқарув раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси томонидан тизимдаги барча ёзишмалар, чиқувчи хат ва ҳужжатларнинг саводхон тайёрланиши бўйича қатъий назорат ўрнатилган. Бу борадаги ишларни изчил давом эттириш ҳамда талаб этилган даражада бўлишини таъминлаш мақсадида бошқарув раиси ҳамда раис ўринбосарлари номидан йўлланадиган ҳар қандай хат ва ҳужжатлар маслаҳатчи кўригидан ўтказилмоқда ва у томонидан киритилган тузатиш ва ўзгартиришлардан сўнг иккинчи нусхаси имзоланган ҳолда раҳбариятга киритиб борилмоқда.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти тизимида 2020 йил март ойидан эътиборан маслаҳатчилик жорий этилган ва салкам уч йиллик давр мобайнида хат-ҳужжатларнинг фақат давлат тилида (хорижий мамлакатларга рус ва инглиз тилидаги таржимаси билан биргаликда) тайёрланишига эришилди.

Якунланган 2022 йил мобайнида ойма-ой Акциядорлик жамияти бошқармалари ходимларининг Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида ташкил этилган ўқув жараёнларидаги иштироки таъминланди.

Жамият ҳамда унинг тасарруфидаги барча бошқарма ва бўлимларга тегишли мавжуд меъёрий ҳужжатлар (низомлар, лавозим йўриқномалари ва ҳ.к.) рус тилидан ўзбек тилига ўгирилиб, қайтадан мукаммал ишлаб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан нашр қилиниб, республикамиздаги мавжуд идора ва ташкилотларга беғараз тақдим этиб келинаётган “Давлат тилида иш юритиш” қўлланмаси, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, “Ўзбек тили меъёрлари” каби китоблар тизимларга эҳтиёжга қараб тақсимланди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда тасдиқланган “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” AЖда маънавий-маърифий ишларнинг янги тизимини яратиш бўйича 2022 йил учун ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га мувофиқ ҳар ой якуни билан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотлар марказга тақдим этиб борилди.

Бошқарув раиси маслаҳатчиси, шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва журналист Ориф Тўхташ 2022 йил мобайнида ҳам ўзининг долзарб мавзулардаги мақола ва ижодий ишлари билан марказий нашрларда, теле ва радиоканалларда кўплаб чиқишларни амалга оширди.

Хусусан, “Янги Ўзбекистон” газетасининг бир қанча сонларида ўзининг таҳлилий ва ижодий ёндашувлари билан мақолалар чоп эттирди. “Ўзбекистон-24” телерадиоканали кўрсатув ва эшиттиришларида ижодкор ҳамда давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчи сифатида кўп бор қатнашди.

Бевосита бошқарув раиси маслаҳатчиси ташаббуси билан Акциядорлик жамияти ходимларининг халқ билан мулоқот ва муомала этикети, давлат тилида иш юритиш ҳамда саводхонликни юксалтириш каби маънавий-маърифий мавзуларда давра суҳбатлари ташкил этилди.

 

Ориф Тўхташев,

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” AЖ бошқаруви раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>