ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Бизга «қишки хона»лар керак»
  • 31.01.2023
  • 151

ёхуд тежамкорлик хусусида мулоҳазалар

Эсимда, ўқувчилик йилларим қишда синф хонамизнинг печкаси эрталаб фақат бир марта ёқиларди. Уйимиз ҳам атиги икки маҳал иситилар ва шу илиқ ҳарорат тафти биз учун етарли эди. Таълим олиш, кундалик турмуш ишлари ўз маромида давом этаверарди.

Ёшлигимда отам табиий газ захиралари тугаб қолиши мумкинлиги, тежаб-тергаб ишлатишимиз кераклигини, электр энергиясини эса зарур вақтдагина ишлатишимизни тайинларди. Бу гапларга ҳам 40 йилдан ошди. Шу вақт давомида юртимизда аҳоли сони 3 баробарга, ишлаб чиқариш, саноат қувватлари ҳам бир неча баробарга ошди. Хонадонларимиз маиший техникаларга тўлди. Музлаткичдан тортиб чангютгичгача, аристондан тортиб кондиционергача ҳар бир хонадонга кириб борди. Бу эса энергетика ­ресурслари сарфининг тинимсиз ошиб боришига олиб келди.

Тасаввур қилинг, ҳар бир хонадонда ўрнатилган аристон камида 60-100 литр сувни доимий қайноқ ҳолатда сақлаши учун қанча қувват керак бўлади? Данғиллама уйларимизнинг ҳар бир хонасини иссиқлик билан таъминлаш учун қанча газ ва электр энергияси сарфланади? Ана шундай вазиятда барча ресурсларни ҳар бир хонадонда тежаш табиий манбаларимиздан оқилона фойдаланишнинг бир йўлидир.

Аввало, бу борада чуқур тушунтириш ва тарғибот ишларини йўлга қўйиш, хонадонларга «Қишки хона» тушунчасини киритиш зарур.

Ҳар бир хонадонни инвентаризация қилиб, оила сонига қараб фақат кичик хоналарни қишки мавсумда иситиш, керак бўлса, шу хонадон уйининг иссиқлик сақлаши ҳолатини мус­таҳкамлаш, унинг давлат стандартлари асосида қайта жиҳозланишини ташкил этиш, «Қишки хона»ларнинг ҳажмини кичрайтириш, деворлар, полларнинг иссиқлик сақлаш мосламалари (утеплитель, стекловата, минвата) билан қоп­лаб яшаш хоналарининг иссиқлик сақлашини таъминлаш лозим.

Сўнгги пайтларда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш масаласида кўп гапириляпти. Лекин амалда ёруғлик панели сотадиган дўкон ёки шу панелларни ўрнатиб берадиган бирор тадбиркорни излаб тополмайсиз. Зеро, бу масалага жиддий эътибор қаратиш, аҳолининг барча қатламлари сотиб олиш имкония­­ти бўлган кичик ёруғлик панеллари, иситиш батареялари, энергияни иқтисод қиладиган мосламалар, лампалар сотувини йўлга қўйиш лозим бўлади.

Хуллас, ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаро ўз ташкилоти, ўз рўзғорида сарф бўлаётган электр энергияси, табиий газни, ичимлик сувини тежасин, токи узоқ қишлоқларимиз, чекка ҳудудларда яшаётган юртдошларимизнинг хонадонларига ҳам илиқлик, ёруғлик кириб борсин!

Ҳамид БЕШИМОВ,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилояти кенгаши раиси ўринбосари

Манба: https://ishonch.uz/archives/11165

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>